Ташриф давомида Екатеринбург шаҳридаги йирик "Уютт холл" савдо марказида Самарқанд вилоятидаги йирик гилам ишлаб чиқаришга ихтисослашган "SAG" масъулияти чекланган жамияти Савдо уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Свердловск вилояти ҳукумат вакиллари, Екатеринбург шаҳри расмийлари, тадбиркорлар ва дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов тадбирдаги нутқида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда ҳар томонлама ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Тантанали тадбир меҳмонлари "SAG" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган гилам маҳсулотлари тури ва сифатини юқори баҳоладилар.
Ташриф давомида Самарқанд вилояти ва Свердловск вилояти ишбилармон доира вакиллари ўртасида B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар натижасида икки томонлама савдо-сотиқни ривожлантиришга қаратилган бир қатор аниқ келишувларга эришилди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Свердловск вилояти губернатори ўринбосари Василий Козлов билан алоҳида учрашув ўтказди. Унда томонлар Самарқанд ва Свердловск вилоятлари ўртасида туризм, профессионал техник таълим, фармацевтика ва қурилиш соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш хусусида фикр алмашилди.