Самарқандда Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари учрашди

    Бизнес 22 октябр 2024 509

    Жорий йил 22 октябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон-Қозоғистон ҳудудлараро форуми доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорларининг учрашуви бўлиб ўтди.

    Делегациялар таркибида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев, вазирликлар, идоралар, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда икки давлатнинг 200 дан ортиқ йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

    Лазиз Кудратов ўз қутлов нутқида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги анъанавий яхши қўшничилик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва стратегик шериклик муносабатлари икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларга ижобий таъсир кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.

    Сўнгги етти йил ичида товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан 2023 йилда 4,4 миллиард долларга ўсди. Жорий йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 3 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда 1100 га яқин корхона фаолият юритиб келяпти.

    Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ҳудудлараро даражада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги ва агросаноат тармоғи, тўқимачилик маҳсулотлари ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, тажриба ва технологиялар алмашинуви истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди. Сирдарё вилоятида “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро маркази фаолияти йўлга қўйилгани муносабати билан тадбиркорлар учун катта имкониятлар очиляпти.

    Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

    Ўз навбатида Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ҳудудлараро ҳамкорликнинг ўзаро ривожланишини, хусусан, Форум арафасида тадбиркорларнинг икки мамлакат ҳамкор ҳудудларига ўзаро ташрифлари натижаларини юқори баҳолади ва тадбиркорларни фаол ҳамкорликка чақирди.

    Учрашув якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни яхшилаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро тайёр маҳсулот етказиб бериш ҳажмини оширишга қаратилган 33 та битим имзолаш маросими ҳамда B2B музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates