Мазкур форум Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Хитойда тарғиб этиш ва Ўзбекистон -Хитой туризм саноати вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланди.
Бизнес-форумда 200 га яқин Ўзбекистон ва Хитойнинг туризм сектори вакиллари, жумладан, 16 июнда Циан шаҳридан Самарқандга «Loong Air» авиакомпаниясининг биринчи мунтазам парвози орқали учиб келган соҳа вакиллари ҳам иштирок этишди.
«Жорий йил сентябрь ойидан «Хитойда Ўзбекистон туризм йили»га старт берамиз. Бир йил давомида Хитойлик сайёҳларни Ўзбекистон туризми, бой маданияти, мероси, қадриятлари билан яқиндан таништирамиз. Умуман олганда Хитойдан сайёҳлар сонини босқичма-босқич 1 миллионга чиқаришни пировард мақсад қилиб олганмиз» – деб таъкидлади Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев.
Ўзбекистон ва Хитой томонлари вакиллари ўртасида B2B форматидаги учрашувлар бўлиб ўтди, унда иштирокчилар туризм соҳасининг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўргандилар, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.