Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқаётгани бежиз эмас. Биз бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз”.
Бундай шундай хулоса келиб чиқади: Ўзбекистонда экология, табиатдан фойдаланиш, атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор тараққиёт билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини кутаётган биринчи даражали муаммолар сифатида эътироф этилди ва қалбида имони бўлган барча инсонларни амалий хатти-ҳаракатга чорлади, шижоат ва ғайрат билан олға юришга илҳомлантирди.
Мамлакатимизда узлуксиз экологик таълим тизимини самарали йўлга қўйиш орқали аҳолининг, жамиятнинг экологик маданиятини ошириш мумкин. Гап шундаки, аҳолининг, биринчи навбатда, узлуксиз таълим тизимида таҳсил олаётган ўқувчи ва талаба ёшларда экологик онг ва маданиятни шакллантирмасдан, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасига сарфланаётган ҳар қанча маблағлар билан муаммоларни бартараф этиб бўлмайди. Шундай экан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёш авлод қалбида Она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини ўз вақтида тарбиялашимиз лозим.
Биз “табиат ва инсоннинг бирлиги, уйғун ривожланиши — энг олий қадрият”, “одам — табиатнинг эгаси эмас, балки унинг таркибий қисми” қабилида янгича экологик фикрлашга ўтишимиз, ўзимиз яшаётган атроф-муҳитни чуқур билишимиз, бунинг учун илм-маърифатли, экологик маданиятли бўлишимиз лозим. Бу эса, энг аввало, таълим ташкилотларида экологик таълим ва тарбиянинг қай даражада йўлга қўйилишига бевосита боғлиқдир.
Бу борада давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда мактабдан ташқари таълим турларида узлуксиз экологик таълим тизимини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида барча даражалардаги таълим ўқув дастурларига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш масалаларини киритиш орқали узлуксиз экологик таълим тизимини такомиллаштириш, хусусан, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожлантириш масалаларини таълимнинг барча босқичидаги ўқув дастурларига жорий этиш, экологик муаммоларни ва табиатдан тўғри фойдаланиш заруратини янада чуқур англаб етишга ёрдам берувчи экология бўйича янги умумтаълим ва махсус ўқув режалари (дастурлари) ни жорий этиш ва мавжудларини яхшилаш чора-тадбирларида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Президент ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш учун илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда такомиллаштирилган, инновацион ўқув дастурлар (курслар, модуллар) ишлаб чиқилди. Масалан, Президент ва ҳукумат қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга йўналтирилган ҳамда илғор хорижий тажрибаларга асосланган “Экологик маданият ва барқарор тараққиёт асослари” интегратив курси инновацион ўқув фани (модули) сифатида тавсия этилди ва унинг ўқув дастури ишлаб чиқилди, шунингдек бакалавриат таълим йўналишларининг ўқув режасида олдиндан мавжуд бўлган “Экология ва табиатни муҳофаза қилиш” ўқув курси мазмунан такомиллаштирилди.
Бакалавриат таълим йўналишларининг ўзига хос хусусиятларига мос ҳолда “Экологик хавфсизлик”, “Минтақавий экология”, “Табиат ва жамият” коэволюцияси”, “Ишлаб чиқаришни экологизациялаш”, “Эколок санъат”, “Экологик лингвистика”, “Мактабгача ёшдаги болаларни экологик тарбиялаш назарияси ва технологияси”, “Бошланғич синфда экологик таълим-тарбия технологиялари” каби курслар (модуллар) ўқув фани сифатида тавсия этилди ва уларнинг ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
Шунингдек, шу йилнинг 26 мартидан бошланган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик”да юртимизнинг барча ҳудудлари қатори биз фаолият олиб бораётган олийгоҳимиз ҳудудида ҳам манзарали гул ва дарахт кўчатларини ўтказиш ишлари ўз якунига етмоқда. Айниқса, бу борада Табиий фанлар факультети тизимидаги биология, кимё ва география таълим йўналишлари бўйича таълим олаётган талаба-ёшлар Ботаника ва экология кафедраси профессор-ўқитувчилари билан биргаликда мазкур лойиҳага ўз ҳиссаларини қўшмоқда. “Яшил макон” лойиҳасида талабалар фаол қатнашиб, гул ва дарахт кўчатларини экмоқда.
Бир сўз билан айтганда, юқорида келтирилган экологик курслар талабаларда экологик маданиятни ошириб, уларда она табиатга бўлган меҳр-муҳаббатни янада юксалтирмоқда.
К. Сапаров,
Низомий номидаги ТДПУ табиий фанлари факультети декани,
б.ф.д., профессор.