Ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига барча нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатига ўтказилгани муносабати билан «Давлат божи тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий рақамли технологияларни фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.