Энди жойларни номлашда маҳаллий аҳоли фикри инобатга олинади

    Маданият 20 октябр 2023 1572

    Юртимиз қиёфаси кундан-кунга чирой очмоқда. Бу эса меҳнаткаш ва бунёдкор халқимизнинг ғайрат-шижоати шарофатидан, албатта. Лекин шундай эътирофлар маънавий ҳаётимиз даражасига дахлдор она тилимизга муносабатимиз манзарасига нисбатан мосми? Очиғи, жавобига бироз ўйланиб қолишимиз рост.

    Ўзбек тилимиз мавқеини тиклашга истиқлол арафасидаёқ жиддий қаралган. Расман 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг бошқа кўп муаммолар қатори тилга эътибор долзарб масалага айланди. Чунки ўзбек тилининг халқаро майдондаги обрў-нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интгерациялашувини таъминлаш, ёшларга чет тилларини, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллашга қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифаларни кечиктирмасдан бажариш тақозо этиларди.

    Натижада тил сиёсатига истиқлол сиёсатининг узвий бир қисми сифатида ёндашилди. 1995 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда кучга кирди. 24 моддадан иборат қонун ўзбек адабий тилининг ҳуқуқий негизи, пойдеворидир. Жорий йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида овозга қўйилган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси”да тилимиз мақоми яна бир карра мустаҳкамланди. Унинг 4-моддасида ифодаланганидек:

    “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.

    Тўрақўрғон туманида ҳам мазкур Қонун талаблари асосида талайгина ишлар амалга оширилмоқда. 67 та маҳалла, 100 дан зиёд корхона, муассаса, 62 та умумий ўрта таълим мактаби, 44 та мактабгача таълим ташкилотида тарғибот тадбирлари мунтазам равишда ташкилланмоқда. Айни пайтда жамики масканларда ўзбек тилида, лотин алифбосида ёзув-чизув жараёнлари қизғин. Алоҳида “Йўл харитаси” тузилган.

    Жорий йил мобайнида идоралар раҳбарлари, соҳаларнинг мутасадди кадрлари махсус ўқув курсларига юборилди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш марказида лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси, имло қоидалари ва иш юритишни ўргатиш курслари билан доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатганмиз. Тингловчилар махсус сертификатларга эга бўлмоқда.

    2023 йил 15 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Географик объектларга ном бериш тартибини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, географик объектларни номлаш ва қайта номлаш, географик объектлар номларининг давлат реестрини юритишга доир тадбирлар режасининг ижроси изчил кетмоқда. Қарор биз учун айни муддао бўлди, боиси, энди жойларни номлаш чоғида маҳаллий аҳоли фикрини ҳисобга олиш таомили белгиланди. Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг тоифаларини аниқлаш, номини абадийлаштириш ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмоқда.

    Хусусан, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 518 та турли объект – 1 та шаҳар, 13 та шаҳарча, 8 та қишлоқ, 20 та аҳоли пункти, 67 та маҳалла, 341 та кўча, 63 та қабристон, 2 та хиёбон ва 3 та зиёратгоҳ мавжуд. Улар номи тузатилиб, номсиз кўчалар номланиб, халқ депутатлари туман кенгашининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган. 518 та объект қонунчиликка биноан маълум меъёрларга таянган ҳолда давлат реестри базасига киритилди.

    Туман комиссияси назорат юзасидан муайян ютуқларга эришмоқда. Чунончи, хоҳ давлат, хоҳ хусусий ташкилот ёки корхона бўлсин, пешлавҳаларию ташқи рекламалари лотин алифбосида бехато ёзилмоқда. Ўзбек миллий маданиятига ёт расм-тасвир ва сўзлардан фойдаланмаслик чоралари кўрилмоқда. Мабодо камчиликлар учраса, тушунтириш, огоҳлантириш, ниҳоят, ўз вақтида бартараф этиш кучайтирилган. Жумладан, йил давомида хатоси бўлган 29 та, хорижий тилда битилган 23 та реклама янгиланди, яъни тўғрисига алмаштирилди.

    Ҳозирда туман ҳокимлигидаги “ЮРИДА – ОРФО” компьютер дастури фаолияти ибратли. Айни дастур кундалик иш хатларида ўзбек тилидан фойдаланувчиларга мўлжалланган. Дастур жўнатиладиган хатлар, қарорлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатларнинг савод билан терилишига кўмаклашади. Крилл алифбосидаги матнни лотин алифбосига ва аксига ўгиради. Самараси анча ижобий, яъни ходимларга вақтини тежашда жуда қўл келяпти.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”.

    Зўр мамнуният билан билдирамизки, бу борада Юртбошимизнинг ўзи шахсий намуна бўлмоқда. Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 78-Ассамблеясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, кўнглимизда ғурур ва ифтихор туйғулари янада жўш урди. Жаҳоннинг юксак минбаридан янграган нутқда оламшумул таклифларнинг ўртага ташлангани шарафлидир.

    Демак, тилимиз нуфузи – элимиз нуфузи. Ўзбек тилининг қадр-қиммати ошиши учун нафақат тил байрамида, балки ҳар куни, ҳар лаҳза ўзбек тилида сўзлашишимиз шарт. Ёш авлоднинг ўзбек тилига бўлган меҳр-муҳаббати ортиши учун биз, катталар соф ўзбек тилида гаплашиб, ўрнак бўлмоғимиз лозим. Зеро, сўзи гўзалнинг – ўзи гўзал. Алишер Навоий бобомизнинг “Хамса”си орқали туркий оламда баралла наволанган, ўзбек миллатининг илдизлари бутунлигидан далолат берувчи, ёрқин истиқбол сари қадамлар ташлатувчи, буюкликка етказувчи она тилимиз ҳар биримиз учун нақадар қадрли эканини асло унутмаслигимиз зарур.

    Ҳаётхон МАҲМУДОВА,

    Тўрақўрғон туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар

    самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун

    ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

    Мазкур таҳлилий мақола «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 18 октябрь, 216-сонида

    «СЎЗИ ГЎЗАЛНИНГ - ЎЗИ ГЎЗАЛ энди жойларни номлашда маҳаллий аҳоли фикри инобатга олинади»

    сарлавҳаси билан чоп этилди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates