Пезешкиён Эрон парламенти томонидан қабул қилинган МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Қонун лойиҳасини Эрон Конституциясини қўриқлаш кенгаши ҳам қўллаб-қувватлади.
Қабул қилинган резолюцияга кўра, агар мамлакат ядровий иншоотлари хавфсизлиги ва тинч ядровий фаолиятлар кафолатланмаса, МАГАТЭ инспекторларига Эрон ядро иншоотларига киришга рухсат берилмайди. Кафолатлар Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.
Эрон, шунингдек, МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гроссига киришни тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда.
Гросси Эрон сиёсий мотивли деб ҳисоблаган ҳисоботини тақдим этганидан сўнг, МАГАТЭ Бошқарувчилар кенгаши Эронга қарши резолюцияни қабул қилди, бу орқали Эрон томонидан қарийб 20 йил ичида биринчи марта хавфсизлик чораларини бузганликда айбланди.
Резолюция АҚШ кўмагида Буюк Британия, Франция ва Германия ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Эрон буни кескин танқид қилди ва бунга жавобан янги ядровий иншоот яратилиши ва Фордо заводида центрифугалар модернизация қилинишини эълон қилди.
Эронлик таҳлилчиларга кўра, Гроссининг ҳисоботи ва ундан кейин қабул қилинган МАГАТЭ резолюцияси 13 июнь куни Исроилнинг бир неча эронлик ядро олимлари ва юқори мартабали амалдорларини ўлдирган ҳужумига замин ҳозирлаган.
Натанз ядровий иншоотига қилинган ҳужумдан сўнг, МАГАТЭ раҳбари ҳужумни қораламади, Эрон буни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб ҳисоблайди. Гросси, шунингдек, АҚШнинг Эроннинг учта муҳим ядровий обекти – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга уюштирган авиаҳужумини ҳам қораламади.
25 июнь куни Эрон парламенти МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилган эди. Кейинроқ Эрон МАГАТЭ бош директорига ядровий иншоотларга киришни тақиқлаганди, деб хабар беради korrespondent.net.









