Етакчи ғоя – инсон қадрини улуғлаш!

    Президентимиз Бухорога ташрифини бежиз ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидан бошламади. Зеро, бу мажмуа бугун бутун ислом оламининг мўътабар зиёратгоҳидир.

    Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк сиймолар таълимоти азалдан инсоният ҳаётида маънавий ўзакларни шакллантиришда муҳим восита бўлиб келган.

    Давлатимиз раҳбари ҳам уламолар билан суҳбатда мажмуанинг маънавий аҳамияти ҳақида сўзлаб, ёшларга бу жиҳатни илм асосида тушунтириш, уларнинг тарбиясини шакллантириш, маърифатини юксалтириш, ёт ғояларга нисбатан иммунитет ҳосил қилиш муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, бу ерда зиёрат туризми учун энг қулай ва зарур барча шарт-шароитларни яратиш масаласига эътибор қаратди.

    Ўзим 1999 йилда ушбу зиёратга борганимни эслайман: тўғриси, шароитлар ҳақида умуман дуруст гап айтиб бўлмасди. Ўша атрофда яшайдиган оилалар уйида, шароитсиз жойларда тунаб қолганмиз. Ўша даврлардаги зиёратгоҳни бугунги мажмуа билан солиштириб бўлмайди. Бироқ Президентимиз ҳали қилинган ишлар етарли эмаслигини, меҳмонхоналар етишмаслиги каби камчиликлар мавжудлигини таъкидлар экан, бу ерга ҳамиша ошиқиб турган ислом давлатлари фуқаролари нафақат қулай шароит билан таъминланиши, балки маънавий зиё ҳам олиши лозимлигига алоҳида тўхталди. Зеро, бу соҳани ривожлантиришда туристик объектлар қийматигина роль ўйнамайди, балки уларнинг жозибадорлигини ошириш, ҳудудда туризм учун ички ва ташқи қулай имкониятларни яратиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

    Президент таъбири билан айтганда, бу мажмуа маънавий уйғунлик пойдеворларидан бири бўлиб, давлат раҳбари алломанинг “Дилба ёр, даст ба кор”, яъни “Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин” таълимотининг ўзи ёшлар учун юксак даражада тарбиявий аҳамиятга эга эканини алоҳида эътироф этди. Бу ниҳоятда тўғри эътироф. Чунки нақшбандия ғоялари миллий қарашларимиз, қадриятларимиз билан уйғунлиги ҳам унинг миллий моҳиятини ифодалайди. Халқимиз азалдан меҳнатни улуғлар экан, инсон саодатини меҳнатда кўрган.

    Гапнинг индаллосини айтганда, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси маънавий тарбиявий аҳамият касб этиш билан бирга, мамлакатимиз туризм саноатида ҳам муҳим ўрин тутади. Халқаро туризм эса маданиятлар трансформациясини кучайтиради, дунёқарашни кенгайтиради, дунёвий билимларни, кўнималарни оширади. Масалан, Бухоро ё Хивага аждодларимиз қабрини зиёрат қилгани келган ажнабий меҳмон шу ҳудудга хос қўшиқ ва рақс санъати, миллий урф-одатлар, амалий санъат ҳисобланмиш миллий ҳунармандлик намуналари билан ҳам танишади, миллий гастрономияни кўради.

    Президентимизнинг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожига яхшигина туртки беради. Ушбу соҳа иқтисодиётимизда юксак улушга эга бўлиши учун Бухорои шарифнинг жуда катта имкониятлари мавжуд. Аслида Бухородек музей шаҳарга азалдан дунё халқлари, айниқса, ислом оламининг қизиқиши баланд бўлиб келган. Шундай бўлса-да, дунё туризми билан қиёслаганда, мамлакатимиз кўрсаткичлари паст эди. Масалан, 2016 йилда юртимизга 170 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, виза тартиби соддалаштириши ортидан бу кўрсаткич анча ошди, хусусан, 2023 йилда сайёҳлар оқими 1 миллион 387 мингдан ортди.

    Бухорода хусусий шериклик асосида янги халқаро аэропорт қурилиши эса мазкур саноат ривожига ҳисса қўшиш билан бирга, қадим Бухоронинг дунёдаги шарафини янада улуғлайди.

    Албатта, ташриф давомида вилоятда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги барча жабҳаларни ривожлантириш масалалари қамраб олинганди. Лекин умумийлик шундаки, уларнинг ҳаммаси битта, яъни “одамларни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш” ғоясига асосланган эди.

    Бухоро мамлакатимизда иқлими иссиқ ҳудудлардан саналади ва бу ерда сувнинг қадри зар билан баробар эканини яхши биламиз. Афсус билан қайд этиш керакки, вилоят аҳолисининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси билан мақтаниб бўлмасди. Ўзингиз ўйланг: одамларга оддий маиший турмуш тарзи учун керак бўлган бирламчи эҳтиёжлар қондирилмаса, уларни қандай рози қилиш мумкин? Қандай қилиб инсон қадри ҳақида гапириш мумкин? 2016 йилда аҳолининг тоза ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси бор-йўғи 48 фоизни ташкил этган. Бу борадаги йирик лойиҳалар ишга туширилиши туфайли 2023 йилда бу кўрсаткич 48 фоиздан 73 фоизга кўтарилди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.

    Кўнгилни хуш қиладиган яна бир иш Бухоро ҳудудини тўлиқ электр энергияси билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар бўлди.

    Туманларда, хусусан, Қоракўлда гигант заводлар қурилиши жуда катта янгилик. Чунки шундай заводнинг ишчиларидан бири оммавий ахборот воситаларига интервью берар экан, мамлакатимиздан ташқарига ишлаш учун кетган кўпгина ҳамюртлари завод очилганини эшитиб, қайтиб келаётганини таъкидлади. Чунки бундай заводлар ўн эмас, юз эмас, минглаб одамларни иш билан таъминлайди. Минглаб ишчиларни талаб этадиган янгидан янги завод ва корхоналар очилиши минглаб одамнинг қозонини қайнатиб, турмуш фаровонлигини яхшилаши, минглаб меҳнат ресурслари четга чиқиб кетишининг олдини олиши мумкин.

    Ушбу ташриф, халқимиз таъбири билан айтганда, ниҳоятда хайрли бўлди. Юртимизда мана шундай хайрли ишлар кўпаяверсин!

    Шаҳло АҲРОРОВА,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги

    Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими,

    фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори