«Ўзбекистон: Марказий Осиё мамлакати дунёга очилмоқда» сарлавҳали мақолада айни дамда юртимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар оқими тобора ошиб бораётганлиги қайд этилган.
Таъкидлаш керакки, мақолада Ўзбекистон Хитой, Яқин Шарқ ва Европа ўртасидаги қадимий савдо йўли бўлган афсонавий Ипак йўлининг марказида жойлашганлиги, бу эса сайёҳларга қадимий ва замонавий дунёнинг ўзига хос уйғунлигини, шунингдек, кўплаб эко ва агротуризм имкониятларини таклиф этиш имконини яратаётганлиги таъкидланган.
«Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов мамлакатдаги ўзгаришларда давлат раҳбарининг ўрни жуда муҳим эканлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, ҳукумат томонидан олиб борилган қатор либерал ислоҳотлар, масалан, виза режимининг енгиллаштирилганлиги ҳам туризм ривожига ҳисса қўшмоқда», дейилади нашрда.
Мақолада юқоридаги ислоҳотларнинг самараси ўлароқ эндиликда 93 мамлакат, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар ва Буюк Британия фуқаролари Ўзбекистонга визасиз, 50 дан ортиқ давлат фуқаролари эса электрон визалар орқали ташриф буюриши мумкинлиги эътироф этилган.
Бундан ташқари, «Euronews» сайтининг ёзишича, замонавий пойтахтимиз Тошкентнинг театр ва музейларига ёки исломий Бухоро шаҳрининг қадимий масжид ва минораларига ташриф буюрадиган сайёҳлар Ўзбекистоннинг ўзига хос тарихга эга эканлигига гувоҳ бўлади.
Ўз навбатида «Euronews» Самарқанд ва Бухорога ҳам алоҳида тўхталган. Хусусан, Самарқандга Яқин Шарқ ва Шарқий Осиё ўртасида жойлашганлиги сабабли «Маданиятлар чорраҳаси» дея таъриф берилган.
«Самарқанд Ўзбекистондаги саёҳатни бошлаш учун энг қулай маскан. Бу Марказий Осиёдаги энг қадимий доимий аҳоли яшайдиган шаҳарлардан бири бўлиб, унинг илдизлари милоддан аввалги VI асрга бориб тақалади. Дунёдаги энг эътироф этилган масжидлардан бири ҳисобланган Регистон жоме масжиди жойлашган шаҳар Ўзбекистонга кириш эшиги ҳисобланади», дейилади мақолада.
Бухоро ҳақида фикр билдирилар экан, мақолада шаҳарнинг 2500 йилдан ортиқ тарихга эга эканлиги, меъморчилиги эса 1000 йилдан ортиқ вақтга бориб тақалиши таъкидланади. Бундан ташқари, дунёдаги энг қадимий ҳаммомлардан бири – «Бозори Корд» ҳаммомига «узоқ кунлик сайрдан кейин дам олиш учун ажойиб жой» дея таъриф берилади.
«Euronews» Ўзбекистонда экотуризм ҳам тобора ривожланаётганини қайд этган:
«Мамлакатнинг узоқ шимоли-шарқида жойлашган Угом-Чотқол миллий боғига ташриф буюришингиз керак, чунки у ер ноёб флора ва фаунага бой, қолаверса сутэмизувчилар, қор қоплонлари ва қизил тулкилар яшайди. Чотқол тоғи атрофида милоддан аввалги 1000-2000 йилларга оид қадимий чизмаларни ҳам топишингиз мумкин».
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг гастротуризми ҳам хориж нашри эътиборидан четда қолмаган.
«Ўзбекистонга борганингизда, албатта, таомларини татиб кўринг. Кўмирда пиширилган кабоб, тандир кабоб, палов, қуритилган мевалар ва бошқа маҳсулотлар сизга ёқиши табиий. Анъанавий ўзбек нонлари ҳам сизда катта таассурот қолдиради», дея таъкидланади мақолада, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.