Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ҳиндистон Пресс-клуби ўртасида аҳдлашув меморандуми имзоланди

    Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари делегацияси Ҳиндистонда ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга қаратилган музокаралар ўтказди.

    Ҳиндистон Пресс-клубида бўлиб ўтган мулоқот чоғида икки давлат ўртасида сўнгги йилларда изчил ривожланиб бораётган серқирра ҳамкорликни кенг ёритиш, мамлакатларимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ушбу жараёнга етакчи оммавий ахборот воситаларини фаол жалб қилиш масалалари муҳокама этилди.

    Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчиси Сардор Рустамбоев, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Ҳиндистон Пресс-клуби президенти Гаутам Лаҳири ва бошқалар халқларимизнинг азалий дўстлик ришталарини янада бойитишда оммавий ахборот воситалари ходимларининг алоҳида ўрни ва юқори масъулияти борлигини таъкидлади.

    Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ҳиндистон Пресс-клуби ўртасида аҳдлашув меморандуми имзоланди.

    – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мамлакатимиз медиа соҳаси вакилларини хорижда билим ва малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Холмурод Салимов. – Ўзбекистон ва Ҳиндистон журналистлар ташкилотлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида ўзбекистонлик журналистларни Ҳиндистонда билим ва малакасини ошириш, таниқли ҳинд журналистлари иштирокида маҳорат дарслари ўтиш ва бошқа муҳим вазифалар кўзда тутилган. Бу, албатта, ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

    Ушбу ҳужжатга кўра, шунингдек, журналистларнинг ижодий сафарлари ташкил этилади, ўзаро илғор тажриба алмашиш чора-тадбирлари кўрилади, ахборот алмашинувлари йўлга қўйилади, биргаликда турли анжуманлар ва танловлар ўтказилади.

    Ҳиндистоннинг етакчи «The Economic Times» ва «The New Indian Express» газеталарида бўлиб ўтган учрашувлар чоғида мазкур нашрлар ҳамда «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари ўртасида ижодий муносабатларни йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

    « The Economic Times » газетаси ижрочи муҳаррири Пранаб Саманта ва «The New Indian Express» газетаси муҳаррири Сантвана Бҳаттачаря Ўзбекистон ҳаётида сўнгги йилларда рўй бераётган янгиланиш жараёни, мамлакатнинг изчил ташаббуслари бугун халқаро кўламда катта қизиқиш уйғотаётганини қайд этиб, ўзаро ижодий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонч билдирди.

    – Бугун жаҳон миқёсидаги йирик оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда бўлаётган янгиланишлар ва ислоҳотларни ёритишга алоҳида эътибор қаратяпти, – дейди Салим Дониёров. – Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг етакчи нашрлари халқаро алоқаларини изчил ривожлантиряпти. Жумладан, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари вакиллари Ҳиндистоннинг йирик медиа тузилмалари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Биз ҳинд ҳамкасбларимиз билан мақолалар, видео ва аудио контентлар алмашиш, биргаликда экспертлар гуруҳини ташкил этиб, мамлакатларимиз ҳамкорлигининг турли жиҳатлари ҳақида таҳлилий материаллар тайёрлашга келишиб олдик.

    Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг мулоқотлари чоғида икки томонлама ижодий алоқаларни янги босқичга кўтаришнинг амалий йўналишлари белгилаб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates