Эзгу ва муштарак мақсадлар йўлидаги муҳим қарорлар

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларини педагоглар ҳам катта қувонч билан кутиб олди.

    Чунки бу икки қарор иш фаолиятимизни бутунлай ўзгартирадиган муҳим дастуриламал йўлланма, таълим-тарбия тизимини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ҳужжат бўлди.

    Очиғини айтганда, кейинги 4-5 йил ичида мамлакатимиз ҳаётида, шу жумладан, олий таълим тизими соҳасида туб ўзгаришлар юз бергани ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, олий таълим муассасалари моддий-техник базаси янгиланди, таълимга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

    Биргина бизнинг таълим даргоҳи мисолида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мамлакатимиз тарихида мисли кўрилмаган даражада ривожланди.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Чирчиқ шаҳри юртимизнинг бош спорт шаҳрига айланди. Бугун шаҳримизда йирик спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Бу эса шаҳар инфратузилмасининг ривожланиши, одамларда соғлом турмуш тарзига бўлган интилиши ошишига сабаб бўлмоқда.

    Яқинда Президентимизнинг Чирчиққа келиб, шаҳримизни янада обод ва кўркам қилиш бўйича илгари сурган таклиф ва ташаббуслари эса биз, спорт устозлари ва мураббийлари, спортсевар талабаларимиз, умуман, барча инсонлар қалбида жўшқин кайфият уйғотди, янада жипс бўлиб фаолиятимизни давом эттиришимизга илҳомбахш куч-қувват берди.

    Президентимиз қарорларида янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизлари, халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўллари аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган, ҳуқуқий асослар белгиланган. Юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Бу бежиз эмас. Зеро, ҳозирги янгиланиш ва ислоҳотларни изчил амалга ошириш жараёнида инсон омили, яъни интеллектуал салоҳиятини юксалтирмай туриб миллий юксалишни тўла таъминлаш қийин.

    Шуни таъкидлаш лозимки, жамиятда маънавият ва маърифатни тарғиб қилиш билан бевосита шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришга эҳтиёж ҳозирги глобал дунёда муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Бу борада олиб борилаётган муҳим ишларга қарамасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани ҳам рост.

    Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмас, халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаяпти, ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаган. Шу боис, бу муаммони ечиш эндиликда илмий асосга қурилади. Яъни, Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилади.

    Президентимизнинг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида педагог-кадрлар учун яна бир муҳим вазифа белгиланган. Қарорнинг 7-бандида бу аниқ-тиниқ қилиб ифодаланган: “давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими жорий этилади”.

    Модомики, гап маънавият ва маърифат ҳақида кетар экан, масъулиятнинг энг оғир юки олий таълим, халқ таълими ва мактабгача таълим тизимига тўғри келишини педагог-кадрлар, шунингдек, ижод аҳли чуқур англашимиз ва шунга мос тарзда фаолият олиб боришимиз зарур бўлади.

    Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг қабул қилган ҳар икки қарори Ўзбекистонда маънавият ва маърифат соҳасини ислоҳ қилишда равшан, шаффоф йўл танланганини англатади. Бу ҳам бўлса, улуғ аждодлар қолдирган маънавий меросдан фойдаланиш, ворислик асосида халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида эзгу инсоний фазилатларни фаол тарғиб қилишимиз зарур бўлади.

    Бинобарин, Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий сиёсати янги илмий-амалий босқичга кирмоқда. Бу хайрли ишларнинг натижасини миллатимиз маънавий камолотининг янада юксалишида кўришимиз аниқ.

    Шерзод МИРЗАНОВ,

    Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва

    спорт университети проректори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates