Фарғона давлат университети халқаро рейтингда 3-ўринда

    Яқинда Туркиянинг “HE” — “Higher Education Ranking” халқаро рейтинг ташкилоти 2024 йилги рейтинг натижаларини расман эълон қилди. Қувонарлиси, Фарғона давлат университети ушбу рўйхатнинг юқори ўрнидан жой эгаллади!

    Университетнинг расмий электрон манзилига йўлланган рейтинг сертификатида мукаммаллик, таълимнинг юқори даражасини сақлаб қолиш, илмий тадқиқот ишлари кўлами, билим ва инновацияларни ривожлантириш бўйича Фарғона давлат университети фаолиятига юқори баҳо берилган ва дунёнинг 65 та мамлакатидан иштирок этган жами 303 та университет орасидан 3-ўринга муносиб деб топилган.

    Маълумот учун айтиш керакки, мазкур халқаро рейтинг тизимида университетлар 4 та йўналишда 25 та мезон ва 138 та кўрсаткичга кўра баҳоланади. Бунда энг асосий эътибор - тадқиқот ишлари, ўқитиш тизими, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар нисбати, аккредитация, халқаро фаолият каби мезонларга қаратилади.

    Ўзбекистондан эса ҳозирги кунда 6 та олийгоҳ — Жиззах политехника институти, Бухоро давлат тиббиёт институти, Тошкент давлат Шарқшунослик университети, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, Нагоя университети Тошкент филиали рейтингда иштирок этган бўлса, улар орасида энг юқори кўрсаткич 3-ўрин (8448 балл) билан Фарғона давлат университетида қайд этилди.

    Ушбу рейтинг ташкилоти барча мезонларни аниқлашда ҳаққонийлик, адолатлилик, тенглик принципларига таянган ҳолда иш олиб боради ва бундай ёндашув орқали олий таълим муассасалари имкониятларини янада ошириш, халқаро майдонга кириб бориш, илмий изланишлар, ўқув жараёнини такомиллаштиришга эришиш ва меҳнат бозори талабларига мувофиқ ривожланиш мақсадларини кўзда тутади.

    Таъкидлаш керакки, Фарғона давлат университети фаолияти халқаро эътироф этилган рейтингларда акс этмоқда ва дунёнинг кучли университетлари қаторидан жой эгаллашга қаратилган стратегия ўз натижасини кўрсатмоқда.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates