Фарғона давлат университетида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз натижасини бермоқда.
Ёшларнинг оммавий спортга қизиқишларини янада ошириш, спорт турлари бўйича университет терма жамоаларини олий лига чемпионатларига олиб чиқиш, шунингдек, олийгоҳдан найза улоқтириш бўйича Паралимпиада олтин медали соҳиби Ёрқинбек Одилов, Ўзбекистон камончи хотин-қизлари тарихида илк бор камондан ўқ отиш бўйича жаҳон олимпиадасига чиққан Зиёда Абдусатторова, Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида фахрли 3-ўринни эгаллаган Оиша Тоирова, Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган Диёр Полвонбоев каби чемпион талаба-ёшларни дунёга етиштириб чиқариш борасида ФарДУ жамоаси ҳаракатдан асло тўхтагани йўқ.
Шунингдек, Тўмарис издошлари бўлган спортчи қизларимиз ҳам фақат олдинга интилмоқда. Яқинда олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган «Беш ташаббус олимпиадаси» спорт мусобақалари Республика босқичида спортнинг стритбол тури бўйича ФарДУ қизлар жамоасининг фахрли 1-ўринни эгаллагани — юқоридаги фикрларимизнинг чин тасдиғи бўлди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, спортнинг футбол тури бўйича ташкил этилаётган мусобақаларда ҳам университет ёшлари етакчиликни қўлдан бермай келмоқдалар. Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида«ги Фармони, шунингдек, жорий йил 11 апрелда Муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан олийгоҳнинг «ФарДУ« футбол жамоаси тузилиб, унга янги бош мураббий сифатида ўзбек футболининг ҳақиқий афсонаси, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи« — Сергей Лебедов тайинланган эди. Аҳамиятлиси, яқинда Фарғонада старт олган футбол бўйича вилоят биринчилиги — Иккинчи лига баҳсларида муваффақиятли иштирок этган ФарДУ жамоаси якунда чемпионликни қўлга киритди. Мазкур натижа орқали жамоа Биринчи лига йўлланмасига эга чиқди. 2024 йилги мавсумда ФарДУ футбол клуби ЎзПФЛ таснифида ўтаётган профессионал футбол чемпионатида иштирок этди ва Шарқ минтақасида 2-ўрин соҳиби бўлди.
Биринчи лига Регламентига кўра, мусобақа якунида Шарқ ва Ғарб минтақасидан энг кучли 8 та жамоа плей-офф баҳсларида иштирок этиши белгилаб қўйилган бўлиб, шу йилнинг 4-11 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилган плей-офф баҳсларида ФарДУ жамоаси мусобақанинг ярим финал босқичига қадар етиб борди ва якунда 3-ўринни қўлга киритиб, мусобақа бронза медалларини қўлга киритди. Таъкидлаш жоизки, ФарДУ жамоаси ҳужумчиси Риза Айвазов ортда қолган 2024 йилги мавсум давомида жами 25 та гол киритиб, Биринчи лига тўпурарлари жадвалида мутлақ ғолиб бўлди. Ушбу ғалабага ФарДУ футболи тарихида биринчи маротаба эришилди. Албатта, ушбу муваффақиятлар замирида ёшлар спорти ривожига алоҳида эътибор қаратиб, юртимизда футбол тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган олийгоҳ ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадовнинг изланишлари, спортсеварлиги кўриниб турибди.
Бу ютуқлар, эришилган ғалабалар негизини холис таҳлил қилган ҳолда айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда энг муҳим омилдир.
Дилобар Гафурова,
ФарДУ Ахборот хизмати