Фарғонада бирданига иккита ДХМ биноси фойдаланишга топширилди

    Мамлакатимизда 21 апрел 2022 2177

    Фарғона вилоятида давлат хизматларини сифат жиҳатидан янада ошириш ҳамда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида қисқа муддатларда 17 та туман ва шаҳарларда замонавий Давлат хизматлари марказлари халқ ихтиёрига топширилди.

    Жумладан, Фарғона вилояти марказидан олис ҳудуд - Фурқат ҳамда қўшни Тожикистон сарҳадларига туташиб кетган Бешариқ туманида бутунлай янгидан барпо этилган замонавий кўринишга эга Давлат хизматлари маркази бинолари иш бошлади.

    Мижозларнинг сифатли хизмат олишларига кўмаклашиш мақсадида янги барпо этилган марказ тез фурсатларда ўзига хос дизайн асосида қулай ва шинам кўриниш касб этди. Шунингдек, қўшимча қулайликлар ва замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

    Айтиш жоизки, Бешариқ туманида айни кунларда 4 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатяпти. Жорий йилнинг ўзида туман давлат хизматлари маркази орқали 20 мингдан ортиқ фуқароларга 50 дан ортиқ йўналишларда давлат хизматлари кўрсатилди.

    Фойдаланишга топширилган марказда бир вақтнинг ўзида 10 нафар, бир кунда 500 нафардан ортиқ фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Айни кунларда замонавий тарзда жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналар, кутиш заллари, болалар майдончаси, инвесторлар хонаси, инфоленд, мўъжаз кутубхона, касса, ошхона мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилади. Марказда тадбиркорлик субъектлари учун ҳам барча қулайликлар мавжуд. Биноларда инвесторларга хизмат кўрсатиш учун махсус жой ҳозирланган. Шунингдек, фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш бурчаги, кутиш зали, тиббиёт хонаси, E-аукцион ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шароитлари яратиб қўйилган. Ушбу янгидан барпо этилган марказ биноларининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда компакт тарзда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ҳам жой олган. Эндиликда Адлия вазирлиги тизимидаги бу ҳар икки ташкилотга эҳтиёж сезган фуқаролар туманнинг у четидан бу четига бормайди. Барча ишлари шу ернинг ўзида ечим топади.

    – Давлат хизматлари маркази биноcининг қайта қурилиши барча учун қулай имкониятлар эшигини очди, — дейди Ропқон маҳалла фуқаролари йиғини фаоли Аҳмадали Тожибоев. — Марказга кираверишда ходимлар хуш кайфият билан фуқароларни давлат хизматлари соҳасидаги мурожаатини ўрганиб, электрон навбат орқали тегишли ойналарга йўналтиради. Электрон навбат, инфокиоск, кутиш зали, болалар майдончаси... ҳаммаси муҳайё этилган. 4 та мониторда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

    Кейинги манзил Фурқат тумани бўлди. Туманда давлат хизматлари марказининг бутунлай янги кўринишда барпо этилиши фурқатликлар учун ҳақиқий муқаддас рамазон ойи туҳфаси бўлди. Чунки, илгарилари марказда бундай шароитлар мавжуд эмас эди. Айниқса, турли фасллардаги об-ҳаво билан боғлиқ аёзли- жазирама кунларида ноқулайликларга дуч келинарди. Ҳозирда эса кенг майдонга эга марказда фуқаролар ва тадбиркорларга барча шароитлар муҳайё қилинган. Айниқса, хизмат кўрсатиш залида ҳар қандай фаслда хона ҳарорати мўътадил сақлаб турилади. Бу эса жуда муҳим. Чунки мижозлар ҳар хил – ёш болали, кекса ва ногиронлиги бор фуқаролар бўлиши мумкин. Бешариқ туман марказидаги каби Фурқат тумани ДХМ да ҳам компакт тарзда ФҲДЁ бўлими ҳам жойлашди.

    Маълумот ўрнида: Айни пайтда Фурқат туманида 150 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туман иқтисодиёти тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, чорвачилик ва деҳқончилик соҳаларига ихтисослашган. Фурқат туманида айни кунларда 2 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатади. Шу боисдан давлат хизматлари олишга бўлган талаб туманда юқори. Туман Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2022 йилнинг шу даврига нисбатан жами 18 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Жорий йилнинг 3 ойи давомида 100 дан ортиқ бутунлай янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Яқин кунларда замонавий кўриниш касб этган ДХМ биносида аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ортиб, бу кўрсатгичлар сони икки баробарга ошиши кўзда тутилган.

    Очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

    Э.Эксанов,

    Фарғона вилоят адлия бошқармаси

    Жамоатчилик билан алоқалар

    бўйича маслаҳатчиси.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates