Навбатдаги суҳбатдошимиз Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев бўлди. Суҳбатимиз ўтган бир йил давомида амалга оширилган ишлар, коронавирус пандемиясидан кейинги ҳаёт, китоб мутолааси ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.
М.: Фарҳод Равшанович аввало интервьюга розилик бериб, вақт ажратганингиз учун ташаккур. Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 10 май куни Учтепа туманига ташрифи давомида, туман саноат ишлаб чиқариш соҳаси Тошкент шаҳри кўрсаткичидан 2 баробар камлиги, бошқа соҳалар ҳам энг паст даражада эканлиги қайд этилган эди. Шундан кейин сиз туманнинг биринчи раҳбари сифатида иш бошладингиз. Ўтган 1 йил давомида туман саноатини яхшилаш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
Ф.А.: Аввало, “Янги Ўзбекистон” нашрига интерьвю бераётганимдан хурсандман. Сўнгги йиллар юртимизда матбуот нашрлари сони ортиб бормоқда. Албатта, улар сафига “Янги Ўзбекистон” нашрининг қўшилгани мамлакатимиз ахборот маконида рақобат ва хилма-хилликка сабаб бўлади ва соҳа ривожланишига хизмат қилади.
Саволингизга тўхталадиган бўлсам, дарҳақиқат Президентимиз 2019 йил май ойида Учтепа туманига ташриф буюриб, туман ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини яхшилаш бўйича аниқ кўрсатма ва топшириқлар берган эди. Шундан кейин, менга туманнинг биринчи раҳбари бўлишдек катта масъулият юклатилди.
Очиғи, мен қилинган ишларни эмас, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида гапиришни ёқтираман. Аммо шундай бўлса-да, саволингиздан келиб чиқиб саноат соҳасидаги фаолиятимизга доир қисқача маълумот бермоқчиман. Бугунги кунда туманимизда хорижий капитал иштирокидаги 68 та саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биргина январь-март ойларида туман саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиши 842,4 млрд. сўмни ташкил этди. Туманда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ҳажми аҳоли жон бошига эса, 3091,3 минг сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 118,5 фоизга етказилган.
Шунингдек, туманда истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиши 224,1 млрд. сўмни ташкил қилиб, ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари аҳоли жон бошига 822,2 минг сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 98,3 фоизга ўсган.
Қолаверса, Жанубий Кореянинг Aндонг шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаганмиз. Умуман, Учтепа туман ҳокимлиги жамоаси берилган вазифалар ижросини амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Лекин тан олиш керакки, соҳада бажарилиши керак бўлган ишлар ҳали жуда кўп.
М.: Давлатимиз раҳбари жорий йил Олий Мажлис Сенатининг I ялпи мажлисидаги нутқида 2020 йил учун стратегик масала сифатида ёшлар тарбияси, хотин-қизлар ҳамда маданият ва санъатга эътибор қаратиш эканлигини таъкидлаганди. Ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берсангиз?
Ф.А.: Сўнгги йилларда ушбу масалаларга эътибор давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Албатта бу – биз каби ижро органи вакилларига мазкур масалалар доимий диққат марказимизда бўлишини тақазо этмоқда.
Туманимизда ёшлар бандлиги ва ёш тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.
Хусусан, ёш тадбиркорларнинг 4 та лойиҳасига “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси томонидан 2106,0 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шу билан бирга, 2 та “Ёшлар меҳнат” гузарлари ташкил этилди ва уларда юзлаб туман ёшлари ҳунар ўрганиб, ўз меҳнат фаолиятларини олиб бормоқда.
Куни-кеча Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва “YEG” бизнес-инкубатор ўртасида ҳам меморандум имзоладик. Унга кўра, ёшларнинг энг сара бизнес-стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун 10 млрд. сўм маблағ ажратишни режалаштирганмиз.
Қолаверса, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида, “Қадди ва қадри баланд Учтепам!”, “Сreative Youth” “Энг ёш китобхон” ва карантин даврида ёшларни онлайн таълим ва машғулотларга фаол жалб этиш учун #5tashabbus_uyda Challenge, “Кун ғолиблари”, “Уйдаги юлдуз” каби лойиҳа ҳамда кўрик-танловлар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, хотин-қизлар борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Масалан, жорий йилнинг биргина май-июнь ойларида тумандаги 105 нафар аёллар рўйхат асосида ёш фаол хотин-қизларга бириктирилди. Бу орқали уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш мақсад қилинган. Ўзини ўзи банд қилган, ҳунари бор бироқ ишлаш учун мунтазам иш жойи мавжуд бўлмаган аёллар ишлаб чиқариш корхоналарига жалб қилинмоқда. Бу каби ишлар йил давомида манзилли равишда давом этади.
Маданият ва санъат соҳасида ҳам бир қанча лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Мисол учун, бугунги кунда туман маданият маркази биноси капитал таъмирланмоқда. Янги бинода 400 ўринли замонавий томоша зали, овоз ёзиш студиялари, 10 дан зиёд соҳаларда тўгарак хоналари ташкил этилади. Марказ жорий йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
М.: ОАВ ва ижтимоий тармоқларни кузатиб борасизми ва уларнинг фаолиятингиздаги ўрни қай даражада?
Ф.А.: Одатда, мен ОAВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган танқидий ёки муаммоли масалалар борасидаги материаллар билан кўпроқ қизиқаман. Айнан улар фаолиятимизда аҳоли муаммоларини ўрганишимиз, уларга самарали ечим топишимизда кўмак беради. Бунинг учун журналист ва блогерлардан миннатдор бўламан. Aммо шуни ҳам айтишни хоҳлардимки, аксарият ҳолларда ОАВ ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий ҳолатларни ўрганиб, вазият аслида ундай эмаслиги ёки шахсий манфаатлар ифодаланганлигига гувоҳ бўламиз. Шу сабабли танқидий материаллар ёки муаммоли вазиятларни ёритувчиларга ўз ишларига имкон қадар холисона ёндашишларини сўраган бўлардим.
М.: Бугун деярли бутун жаҳон давлатлари коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Ушбу синовли кунлар албатта ортда қолади. Сизнингча коронавирус пандемиясидан кейинги ҳаёт қандай кўринишда бўлади?
Ф.А.: Очиғини айтганда карантин даврида одамларнинг ҳаёти осон кечмади. Кўплар учун нафақат моддий қийинчиликлар, балки уйда қолишга кўникиш ҳам бироз мушкул бўлди.
Ўйлашимча, пандемия давридаги ҳаёт қайсидир маънода кўп нарсаларни бизга қайтариб берди. Масалан, оила аъзолари бир-бирлари билан кўпроқ мулоқот қилиши, қимматли вақтдан унумли фойдаланиш, бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиш ва энг муҳими берилган неъматларни борида қадрлашни ўргандик.
Қолаверса, шу даврда айниқса машаққатли касб эгалари – тиббиёт, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва ўқитувчиларнинг фидокорона меҳнатларига гувоҳ бўлдик. Мени қувонтирган яна бир жиҳат шундай синовли кунларда халқимизнинг нақадар саховатпеша эканлигини кўриш бўлди. Умид қиламанки, пандемиядан кейинги ҳаётимизда ҳам мана шу гўзал ва инсоний қадриятлар сақланиб қолади.
М.: Сўнгги саволим, сиз севиб ўқиган ва тавсия бера оладиган китоблар ҳақида?
Ф.А.: Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ” деб, таъкидлаганлар. Ҳақиқатда, китоб ўқиш ҳар бир инсон кундалик турмушининг ажралмас қисми бўлиши керак.
Китобнинг яна бир аҳамиятини, у орқали теран фикрлаш ва нутқий равонликка эга бўлишда, деб биламан. Шу сабабли вақтим бўлиши билан китоб ўқишга, жуда бўлмаса йўл-йўлакай аудио китоблар эшитишга ҳаракат қиламан. Бир саҳифа бўлса-да, китоб ўқиш кундалик режамда бор.
Мен анча йиллар илгари буюк Соҳибқироннинг “Темур тузуклари” асарини севиб ўқиганман. Бугунги кунда ушбу китоб фаолиятимда ҳам кўмак бермоқда.
Бундан ташқари Эрих Мария Ремаркнинг “Уч оғайни”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” ва Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” каби асарлари мен севиб ўқиган ва барчага мутолаа учун тавсия қила оладиган китоблардир.
Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди









