Фахру ғуруримиз, шону шавкатимиз ҳимоячилари

    “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида барча футболчилар ва мураббийлар штабига Президент совғаси — “Gentra” автомобиллари топширилди.

    Жорий йил 18 март куни 20 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Шу муносабат билан Наврўз байрами арафасида ёш футболчиларимиз ҳамда уларнинг мураббийлари муносиб тақдирланди.

    “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида барча футболчилар ва мураббийлар штабига Президент совғаси — “Gentra” автомобиллари топширилди.

    Ҳукумат вакиллари, спорт, санъат ва маданият намояндалари, футбол мухлислари, ёш қаҳрамонларимизнинг ота-оналари қатнашган тадбирда мухбиримиз умидли футболчиларнинг дил сўзларини ёзиб олди.

    ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАСИГА МУНОСИБ БЎЛАМАН!

    Умарали РАҲМОНАЛИЕВ, Ўзбекистон ёшлар терма ­жамоаси сардори:

    — Куни кеча Президентимиз­нинг совғаси — “Gentra” автомобили билан тақдирландик. Бу бизнинг халқимиз олдидаги кичик ғалабамизга берилган юксак баҳо. Аслида, давлатимиз раҳбари финал ўйинини стадионга келиб томоша қилгани, бизни қўллаб-қувватлаб турганининг ўзи катта мадад, кўтаринки руҳ берганди.

    Биз кечагина “Янги Ўзбекистон” боғидаги Наврўз байрамида ҳам қатнашдик. Бу ерда ҳам Президентимиз бизни алоҳида тилга олиб, катта ишонч билдирди. Халқимизнинг олқишлаб қўллаб-қувватлагани ҳар биримизнинг кўнглимизга ҳақиқий байрамона кайфият бағишлади.

    Эътибор ва ғамхўрлик қанчалик муҳим эканини энди-энди тушуниб етяпмиз. Чунки бундай эътироф мураббийларимиз ва жамоадошларимиз олдига ниҳоятда катта масъ­улият юклайди. Энди биз, албатта, жаҳон чемпиони ҳам бўлишимиз керак. Бунинг учун имкониятларимиз етарли, барча керакли шароит­ларга эгамиз. Мақсадимиз Президентимиз, халқимизнинг шу ишончини оқлаш ва меҳрини қозониш.

    Бугун ишонтириб айтамизки, Шавкат Мирзиёевдек меҳрибон ва ёшларни ҳар доим қўллаб-қувватловчи Президентимиз бор экан, биз юксак чўққиларни забт этиб бораверамиз. Қолаверса, Равшан Ҳайдаровдек жонкуяр, фидойи устозимиз, бизни туну кун дуо қилиб турувчи ота-онамиз, ҳар нафасимизда қўллагувчи халқимиз бор экан, ҳали кўп зафарли ютуқларни қўлга киритамиз.

    ОЛДИМИЗДА ЯНАДА МАШАҚҚАТЛИ ЙЎЛ ТУРИБДИ

    Отабек БОЙМУРОДОВ, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси дарвозабони:

    — Бу йилги баҳор, Наврўз айёми ва Рамазон ойи юртимиз учун ҳам, биз учун қутлуғ келмоқда, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам Наврўз байрамини янада яхши кайфиятда, қалбимиз қувонч­га тўлиб қарши олдик.

    Терма жамоамизнинг дар­возабони сифатида айтадиган бўлсам, Ироқ кучли жамоа, яхши футболчилари кўп. Лекин биз бош мураббийимиз Равшан Ҳайдаров уқтирганидек, финалда бошқа Ироқни кўрдик, шунга яраша ҳаракат қилдик ва муваффақият қозондик. Бу ўз-ўзидан бўлмади, албатта. Бунинг ортида мураббийларимизнинг машаққатли меҳнати, яқинларимизнинг далдаси, Президентимиз ва халқимизнинг ишончи мужассам эди.

    Айниқса, Президентимиз “Бунёдкор” стадионига кириб келиши билан билакларимда ўзгача бир куч пайдо бўлгандай ўзимни жуда тетик ҳис этдим. Ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Хаёлимда эса “Отабек, сен бугун гол ўтказиб юборишга ҳаққинг йўқ”, деган буйруқни ўз-ўзимга бергандай бўлдим. Ўртоқларим кўнглида ҳам шундай фахрли туйғулар бўлганини ўйиндан кейин айтиб беришди.

    Энди олдимизда янада машаққатли йўл турибди. Мураббийларимиз ва жамоамиз билан янада жипслашиб, биргаликда ҳар қандай довонни ғалаба билан босиб ўтишга ҳаракат қиламиз. Муҳими, ғалабага ишонч. Биз унга интилиб, ишончни оқлаб яшаймиз.

    Халқимизни Наврўз байрами билан табриклайман. Наврўз ўз нафасида барчамизга яхшиликлар ва омадлар олиб келсин. Футбол мухлислари ҳам соғ-омон бўлишсин!

    МУХЛИСЛАРГА ТАЪЗИМ ҚИЛАМИЗ

    Аббосбек ФАЙЗУЛЛАЕВ, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ярим ҳимоячиси, мусобақанинг энг яхши ўйинчиси:

    — Аллоҳга шукр, бутун халқимиз, мураббийларимиз ва яқинларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди. Кайфиятимиз чоғ. Янгиланиш, яшариш фасли баҳорнинг энг гўзал байрами Наврўзи оламни ўзгача кўтаринки кайфиятда нишонлаяпмиз.

    Қалбимиз ғурур-ифтихорга тўла. Ҳал қилувчи якуний финал босқичида ­Президентимизнинг шахсан ўзи бизни қўллаб-қувватлаб тургани жуда зўр мотивация бўлди. Руҳиятимиз осмон қадар ўсди. Ғурурландик, шодландик ва дунёларга сиғмай кетдик. Шунинг учун ҳам ғалаба қилдик.

    Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбарига бизга кўрсатган юксак меҳру муҳаббати, ғамхўрлиги, ишончи ва ажойиб совғаси — “Gentra” автомобили учун ўзим, ота-онам, жамоадош­ларим номидан чексиз миннатдорлик билдираман. Чунки бу машина жондан азиз ота-онамга ҳам байрам совғаси бўлди.

    Бизни доим қўллаб турган мухлисларимизга эса қўлимни кўксимга қўйиб ­таъзим қиламан.

    Худо хоҳласа, май ойида бошланадиган жаҳон чемпионатида ҳам ғалаба қозонамиз, билдирилган юксак ишончни, албатта, оқлаймиз ва Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтамиз.

    “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН”

    МУХБИРИ ГУЛИЧЕҲРА ДУРДИЕВА

    ЁЗИБ ОЛДИ.

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates