Ташрифдан кўзланган мақсад Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, унинг қадимий тарихи, шунингдек, таълим ва туризм соҳасида Ўзбекистон-Франция муносабатларини ривожлантириш доирасида «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолияти билан яқиндан танишиш эди.
Ташриф доирасида Орелия Бушез хоним Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири, «Ипак йўли» университети ректори А.Абдуҳакимов билан расмий суҳбат ўтказди. Томонлар таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Ректор мустаҳкам ишчи алоқаларни давом эттириш, шунингдек, икки давлат олий ўқув юртлари талабалари ва профессор-ўқитувчиларининг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун академик кўприк ташкил этиш зарурлигини таъкидлади, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.
Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Орелия Бушез университет кутубхона фондига архитектура, музейшунослик, гастрономик туризмга оид ноёб китобларни совға қилгани эътиборга молик.
«Бу китоблар кутубхона жавонларида алоҳида ўрин эгаллайди ва архитектура, маданий мерос ва гастрономик туризм соҳасидаги билим салоҳиятини янада юқори сифат даражасига кўтаради», – деди А.Абдуҳакимов.
Франция ва Ўзбекистон халқларининг туризм ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришда умумий устуворликларга эга бўлган икки мамлакат ташқи иқтисодий алоқалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш асоси сифатида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишларига мувофиқ, ва бу борада «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети Франция олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келади.