Франциянинг Гретц-Арменвиль шаҳридаги "Ураноскоп" расадхонаси ҳудудида ўзбек халқининг буюк аждоди, астроном ва файласуф Абу Райҳон Беруний ҳайкали ўрнатилди.
Гретц-Арменвиль Париждан 32 километр узоқликда Иль-де-Франс ҳудудида жойлашган бўлиб, шаҳар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун жозибадор манзил ҳисобланади. Шаҳар "Château d'Armainvilliers" қалъаси (1877), Сент-Жан-Баптиста черкови (XV аср), Арменвиль миллий боғи ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан машҳур.
"Ураноскоп" француз расадхонаси 1983 йилда ташкил этилган. Расадхона Париж расадхонаси ва "Université Paris-Saclay" билан ҳамкорликда Қуёш тизимининг кичик жисмларини, шунингдек, метеоритларни ўрганиш дастури доирасида фаолият юритувчи илмий марказ ҳисобланади.
Беруний Ернинг айланиши ҳақидаги илк назарияларни илгари сурган ва унинг радиусини тўғри аниқлаган.
Ҳозир кунда Беруний қаламига мансуб айрим асарларнинг асл нусхалари Франция Тиббиёт академиясида сақланмоқда.