Самарқанд вилояти Экология бошқармаси Нарпай туман бўлими давлат инспекторлари томонидан туманда дарахтлар кесилиши билан боғлиқ вазият ўрганилди.
Бу ҳақда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, фуқаро Нарпай туманининг Исломобод маҳалласида жойлашган 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида соғлом теракни кесиб ташлаган.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, табиатга етказилган 1 020 000 сўм зарар ва БҲМнинг 25 баравари, яъни, 8 500 000 сўм миқдорида жарима қўлланилган.