Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилди.
Мазкур фахрий унвон мамлакатимизда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, табиатни асраб-авайлаш, биохилмахилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасида салмоқли натижаларга эришган фуқароларга берилиши мақсад қилинган.
Шунингдек, ушбу унвон экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлодни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда тизимда юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассис-ходимлар ва соҳа вакиллари, экофаолларга берилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам муҳокама этилди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Уй-жой кодексларига, «Рақобат тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунларга қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабар (СМС) орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашга қаратилган ҳуқуқий нормалар белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиляпти.
Қонунда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни ҳисоб-китоб қилишнинг ишончлилиги ҳамда тўғрилиги учун жавобгар бўлиши белгиланяпти.
Уй-жой кодексига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришга кўра, энди мажбурий тўловлар уч ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш ҳам тўхтатиб турилмайди.
Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига коммунал хизматлар кўрсатиш мажбурий тўловлар уч ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда тўхтатиб турилишидан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ҳамда олиб чиқиш хизматлари мустасно эканлиги назарда тутилган.
Бундан ташқари, Қўмита томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ўқув семинари ўтказилди.
Семинарда доимий комиссияларнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг асосий йўналишлари бўйича аниқ режаларни белгилаш, ваколатлари доирасида муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва аниқ натижаларга эришиш бўйича тажриба алмашилди.
Таъкидланганидек, Қўмита томонидан маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари аъзоларининг соҳа бўйича қонунчиликдаги янгиликлар, ўзгаришлар юзасидан билим ва кўникмаларини ошириб бориш, соҳага оид қонунларни кўриб чиқишда уларнинг фикрини олиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳада янги иш ўринларини яратиш, атроф муҳитни асраб-авайлаш, юзага келаётган муаммолар ва уларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар белгилаб олинди.
Семинарда доимий комиссия аъзолари муҳокама этилган масалалар бўйича ўз фикрлари ва таклифларини билдирди.
Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.