Фузулийда Ўзбекистон ва Озарбайжон нодавлат-нотижорат ташкилотлари илк  форуми ташкил этилди

    Шу кунларда Ўзбекистоннинг бир қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари Озарбайжонда бўлиб турибди. Гап шундаки, ушбу мамлакатда Ўзбекистон ва Озарбайжон нодавлат-нотижорат ташкилотларининг биринчи ҳамкорлик форуми ҳамда унинг доирасидаги тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

    Айтиш жоизки, мазкур форум икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бинобарин, бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон алоқалари дўст ҳамда қардош мамлакатлар сифатида ҳар томонлама ривожланиб, кенгайиб бормоқда. Бунда Президентлар -Шавкат Мирзиёев ҳамда Илҳом Алиевнинг давлатларимизни ривожлантириш борасидаги сиёсий иродалари, мулоқотлари, ташаббус ҳамда ғоялари асосидаги саъй-ҳаракатлар жуда катта аҳамият касб этяпти.

    Ўзбек ва озар миллати азалдан дўст. Дини бир, тили, анъаналари ўхшаш ва муштарак. Кейинги йилларда ана шу умумий уйғунлик асосидаги алоқалар жадал суръат билан янги босқичга кўтарилди. Сиёсий, иқтисодий, маданий, ижтимоий муносабатлар янада мустаҳкамланди. Олди-сотди, борди-келди кўпайди. Муносабатлар, мулоқотлари майдони кенгайди ва бу жараён изчиллик касб этган.

    Хусусан, форумнинг Фузулий шаҳрининг Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилиши ҳам ўзгача маънога эга. Чунки ушбу мактаб ўзбекистонлик қурувчилар томонидан барпо этилган ва унинг очишида давлатимиз раҳбари иштирок этганди. Шу жиҳатдан олганда, форум икки қардош ва ҳамкор давлат муносабатлари қанчалик мустаҳкамланиб бораётганини ва алоқалар нафақат ҳозирги давр учун, балки келажак авлод учун ҳам хизмат қилишини англаш қийин эмас.

    Буни форум очишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Камолиддин Эшонхўжаев, Озарбайжон Республикаси нодавлат-нотижорат ташкилотлари агентлиги ижрочи директори Айдин Алиева ва бошқалар алоҳида таъкидладилар.

    Форум давомида Ўзбекистоннинг бир нечта нодавлат-нотижорат ташкилотлари раҳбарлари тақдимот ўтказдилар.

    Умуман олганда, форум доирасидаги тадбирлар дастури рангбаранг. Ундан турли маданий тадбирлар, учрашувлар, келишувлар ўрин олган.

    Ўзбекистон делегациясининг Озарбайжонга қилган сафари тафсилотлари хусусида "Янги Ўзбекистон" газетасининг кейинги сонларидан бирида бериладиган таҳлилий мақолада батафсил сўз юритамиз.

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    Озарбайжон.