Бу борада XX асрда Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Ғафур Ғулом каби адибларимиз Навоий ижодиёти ва ҳаётини ўрганиш ва ўргатишда катта мерос қолдириб, эзгу анъанани бошлаб берганлигини алоҳида эътироф этиш даркор. Айниқса, академик шоир Ғафур Ғулом Навоий ҳазратлари ижодига ва ҳаёт йўлларига ҳаваси ўзгача бўлган, десак муболаға бўлмайди. Адиб чин маънода Навоийни ўзининг маънавий устози деб ҳисоблаган. А.Навоийнинг “Хамса”си шоирнинг энг севимли асарларидан бири бўлган. “Навоий ёлғон илмларни ёқтирмас эди... У ҳақиқий жаҳоний илмлар билан қуролланишни тавсия этарди”, - дея Ғафур Ғулом буюк даҳога юксак баҳо берган.
Қолаверса, Навоий ижодиётини тарғиб этиш, янги даврда янги руҳ билан ҳар бир хонадонга кириб бориши бевосита Ғафур Ғулом номи билан боғлиқ. Алишер Навоийга бўлган ҳурмати ўзгача бўлганлиги сабаб, унга атаб “Шарқ назми осмонининг икки порлоқ қуёши”, “Навоий ва замонамиз”, “Хоки Мусалло”, “Тахти сафар”, “Буюк устоз” каби илмий мақолаларни, “Фарҳод ва Ширин” достонининг насрий баёнини ва “Тун билан тонг”, “Алишер” номли шеърларини ёзади.
Албатта, Ғафур Ғулом ва бошқа фидоий адибларимиз олдида Навоий асарларини ҳар бир ўзбек хонадонига кириб боришида уни оддий китобхон учун тушунарли тарзда баён қилиш вазифаси турарди. Боиси, Навоий тилини оддий китобхон мутолаа қилганда тушунишда бироз қийналишини Ғафур Ғулом яхши англар эди. Шу сабабли, адиб “Фарҳод ва Ширин” достонини замонавий ўзбек тилга ўгириб чоп эттиради. Таржиманинг ушбу тури адабиётшуносликда “табдил” деб номланади.
Қувонарли жиҳати, 2020 йилда “Фарҳод ва Ширин” достони Аъзам Обид томонидан инглиз тилига таржимаси кенг китобхонларга тақдим этилди. Бундан ташқари, мазкур китобни кўп нусхада Ҳиндистонда қайта чоп этиш режалаштирилмоқда. Бу шубҳасиз, Навоийнинг ижодиётини кўпроқ ўқувчиларга етказишга оид саъй-ҳаракатлари XXI асрда ҳам давом этаётганлигига яққол далил, десак муболаға бўлмайди.
Навоий ўз инсонпарварлик интилишлари туғёнида ўзининг чуқур тафаккури ва юксак истеъдоди билан инсон омилини тараннум этади:
Вужуд ичра йўқ олойиш аларға,
Адам кунжида осойиш аларға.
Борин ул уйқудин уйғоттинг охир,
Йиғибон бир -бирига қоттинг охир.
Яъни Ғафур Ғулом Яратувчининг қудратини Навоий ҳазратлари ана шу йўқликдаги нарсаларни уйғотишда кўришини тўғри таъкидлайди. Дунёнинг бино бўлишидан эзгу мақсад – Инсон эканини айтиб ўтади. Умуман, Ғафур Ғулом Навоий гуманизми унинг инсон ҳимоячиси сифатида тутган йўлини моҳирлик билан кўрсатиб бера олган.
Ғафур Ғулом Навоий ижодини тадқиқ этишда, унинг мазмун-моҳиятини тарғиб этишда ҳам беназир эди. Навоийнинг “Тун била тонг” радифли ғазалига боғланаган мухаммаси ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Навоий:
Менинг фироқиму онинг висоли тун била тонг,
Бу навъ даҳрда йўқ эҳтимоли тун била тонг.
Ғ. Ғулом:
Менинг қароғиму онинг жамоли тун била тонг,
Менинг заволиму онинг камоли тун била тонг,
Менинг фироқиму онинг висоли тун билан тонг,
Бу навъ даҳрда йўқ эҳтимоли тун била тонг .
Эътибор берсангиз, Ғафур Ғулом тун билан тонгнинг зидлиги асосида ошиқнинг “қароғи” ва ёрнинг “камоли”, ошиқнинг “заволи” ва ёрнинг “камоли”, ошиқнинг “қуюқ ойи” ва ёрнинг “ҳилоли”ни маржондек тизиб чиқади.
Ғафур Ғулом Навоийга бағишлаб ёзган шеърларида ҳам буюк мутафаккир ижодининг ҳар бир ўзбек оиласига кириб боргани, ватандошларнинг қалбидан ўрин олганини гўзал бадиият билан тасвир этади.
Ғафур Ғулом 1948 йил ёзган “Алишер” номли шеърида Навоийнинг бутун башарият фарзанди, фавқулодда истеъдод соҳиби ва инсонпарварлик куйчиси сифатида таърифлайди.
Тўфон, қуюнларда яккаю ёлғиз,
Монолит, гранит ҳайкалдай мағрур,
Термурбек давлатин сўнгги чоғида
Сакрашу барҳаёт, бўйсунмас шуур —
Дарахшон юлдузлар сари ўкирган,
Бўйнида занжиру, қалби озод шер.
Инсоний муҳаббат меҳри-ла вафо,
Эрку бахт тимсоли улуғ Алишер.
Адиб “Монолит, гранит ҳайкалдай мағрур” деганда Навоийнинг давр ва муҳит зарбаларига дош бериб ўзидан сўнмас адабий мерос қолдирганлигини жуда моҳирлик билан таърифлайди. Алишер Навоий чизган “Занжирбанд шеър” расм унинг тақдирини акс этганлигини ҳамда бутун умрини инсон ҳимоясига бағишлаганини талмеҳ санъати орқали баён қилади.
Навоий ижодиётини замонлар оша халқ маънавиятининг ажралмас қисми бўлишида Академик Ғафур Ғуломнинг хизмати беқиёс. Ғафур Ғулом ўз ижодида Алишер Навоий анъаналари мавзуига бот-бот мурожаат қилиши ҳам бежиз эмас. Шубҳасиз, миллатнинг маърифати ҳам маънавияти ҳам Навоийнинг адабий мероси билан чамбарчас боғлиқ.
Бекзод Нариманов,
Тошкент давлат юридик университети доценти в.б.,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори









