Ғалаба вақти ёхуд сирли чегачининг фанга хизмати

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 6 май сонида Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиевнинг “Ғалаба вақти ёхуд сирли чегачининг фанга хизмати” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти (1966 йилгача Тошкент астрономия обсерваторияси) нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда энг узоқ тарихга эга замонавий илмий муассаса ҳисобланади. Ўзининг бир ярим асрлик фаолияти давомида у нафақат осмон жисмлари хусусиятларини ўрганиш, балки мамлакат иқтисодиёти учун зарур бўлган вазифаларни бажарган. Ана шундай хизматларнинг энг муҳимларидан бири вақтни ўлчаш, сақлаш, шунингдек, тармоқлар ва аҳолига етказишдан иборат бўлган.

    ХХ асрнинг ўрталаригача — атом соатлари ихтиро этилгунга қадар — вақтни ўлчаш астрономия обсерваторияларининг зиммасида бўлган. Гап шундаки, ҳеч қандай соат хатосиз юрмайди ва у кўрсатган вақтни вақти-вақти билан аниқ намуна билан солиштириб, тўғрилаб туриш керак. Ана шундай эталон сифатида Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш даври — сутка олинган.

    Бир сутканинг давомийлиги 84600 сония (24 соат)ни ташкил этиб, унинг аниқлиги секунднинг юздан бирини ташкил этади. Бундай аниқлик XIX асрда ва ҳатто XX аср ўрталаригача барча соҳанинг аниқ вақтга нисбатан талабларидан зиёд бўлган. Сутка давомийлиги юлдузларнинг меридиандан ўтишига қараб аниқланиб, обсерватория соати билан таққосланган.

    Пойтахтимизда биринчи юлдуз соати 1873 йили ўрнатилган. Тошкент астрономия обсерваторияси директори Авель Бансдорф ўша йили Гамбургга бориб, муассаса учун буюртма қилинган ускуналарни олиб келган. Улар орасида Нидерландиянинг ўша пайтда машҳур бўлган “Ховью” фирмасининг юлдуз соати ҳам бўлган. Ушбу соат 1931 йилгача ишлатилган.

    Шундан кейин шаҳар марказида замбарак ўрнатилиб, у обсерватория билан махсус кабель ёрдамида уланган. Ҳар куни обсерватория соати билан роппа-роса 12:00 да астроном замбаракка электр сигнал юборган ва замбаракдан тўп отилган. Шаҳар аҳолиси ўз соатини айнан шу пайтда текшириб олган. Ўша пайтларда ҳатто “тўп вақти” атамаси ҳам истилоҳга кирган.

    Кейинчалик Тошкент астрономия обсерваторияси вақт хизматига янги технологиялар жорий этилган. “Тўп вақти” ўрнига радиодан узатиладиган аниқ вақт сигналлари кириб келган. Кекса авлод вакиллари радиодан “Диққат! Аниқ вақт сигналларини эфирга узатамиз. Олтинчи сигналнинг бошланиши Тошкент вақти билан соат 13:00 га тўғри келади” деган эълонни кўп маротаба эшитган.

    1930-йилларда обсерваториянинг вақт хизмати тубдан такомиллаштирилди. Германиядан “Рифлер” фирмасининг соати келтирилиб, ишга туширилди. Юлдузларнинг меридиандан ўтишини кузатиш учун эса Тошкент астрономия обсерваторияси ҳудудида Бамберг пассаж телескопи ўрнатилди.

    1919 йилда жаҳоннинг барча вақт хизматлари қароргоҳи Париж обсерваториясида жойлашган Халқаро вақт бюросига бирлаштирилган эди. Улар олинган маълумотларни Парижга телеграф орқали жўнатиб турган. Ана шундай маълумотлар таҳлили асосида ҳар бир обсерватория соатининг аниқлиги топилган. Ўтказилган модернизациядан кейин Тошкент обсерваториясининг соати аниқлиги бўйича жаҳонда учинчи ўринга кўтарилган.

    Иккинчи жаҳон уруши бошланганда собиқ иттифоқнинг ғарбий қисмида жойлашган обсерваториялар зудлик билан мамлакат ичкарисига эвакуация қилинган. Уруш шароитида улкан ҳудуднинг вақт хизматисиз қолиши хавфи туғилди. Аниқ вақтсиз саноатнинг муайян тармоқлари бир маромда ишлаб туришини таъминлаб бўлмасди. Ўша кезларда вақт хизмати тизимида биттаю битта узлуксиз ишлаб турган илмий муассаса Тошкент астрономия обсерваторияси эди. Шунинг учун аниқ вақт сигналларини зудлик билан Тошкент обсерваториясидан эфирга узатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

    Тошкентлик астрономлар зиммасига нақадар оғир ва масъулиятли вазифа юкланганини тасаввур этиш учун қуйидаги фактларни келтириш кифоя. Обсерватория ҳудудида ўрнатилган радио станция ёрдамида аниқ вақт сигналлари эфирга суткасига етти марта узатиб турилган. Олдинлари бундай катта ҳажмдаги ишни 3-4 та обсерватория биргаликда бажарган. Мураккаб вазиятда Тошкент обсерваторияси ходимлари ҳар тунда бир нечта телескопда кузатув олиб бориш, натижаларни ўша пайтнинг ўзида қайта ишлаш, телескоп ва барча ускунани, айниқса, обсерватория бош соатини соз ҳолатда ушлаб туриш каби вазифаларни узлуксиз бажариши талаб этиларди.

    Обсерваториянинг бош соати “Рифлер” фирмасида ишлаб чиқарилган бўлиб, уни ишлатиш алоҳида шароит талаб этган. Бу соат обсерватория биносининг тагида — 12 метр чуқурликдаги шахтада сақланган. Чунки ҳароратни бир маромда ушлаб турувчи электрон ускуналар ҳали ихтиро қилинмаган пайтда фақат шунча чуқурликда йил давомида муайян даражада доимий сақлаб туриш мумкин бўлган. Шахтанинг шакли ва ундаги шароит Аргентинадаги шахта чизмалари асосида қурилган. Бундан ташқари, вакуум ҳосил қилиш учун соат устига махсус шиша ғилоф ўрнатилган.

    Дарвоқе, соат механизми олдига чекланган сонли кишиларгина тушиши мумкин эди. Шуни назарда тутган ҳолда шахтага фақат директор хонасидангина тушилган. Бундай пайтларда, одатда, бирор кўнгилсиз ҳодиса рўй бермасайди, деб ҳадиксираш табиий. Таассуфки, кутилмаган воқеалар, аксига олиб, айнан шундай ўта масъ улиятли паллаларда рўй беради. Кунларнинг бирида соатни навбатдаги кўрикдан ўтказиш вақтида навбатчи астроном вакуумни сақлаб турувчи шиша ғилофни қўлидан тушириб юборади. Ғилоф дарз кетади ва вакуумни сақлаб туришга ярамай қолади.

    Обсерватория директори В.Шчеглов таваккал иш тутиб, бу ҳақда бирорта юқори ташкилотга маълум қилмай (зотан уни ва обсерватория ходимини бундай масъулиятли шароитда қандай жазо кутганини тасаввур қилиш қийин эмас), ғилофни ярим тунда яширин тарзда эски шаҳардаги чегачининг уйига олиб боради ва унга вазиятни тушунтиради. Уста шиша ғилофни ўттиз икки дона чега билан ямаб беради. Шиша ғилоф жойига ўрнатилиб, соатнинг юриши текшириб кўрилганда у вакуумни ушлаб тургани ва бир ойчадан сўнг соат тўғри ишлаётгани маълум бўлади.

    В.Шчеглов яна эски шаҳарга қайтиб боради ва устани топишга уринади, лекин топа олмайди. У тунда ўта ҳаяжонда бўлгани сабабли устанинг на исмини ва на ҳовлисини эслай олди... Шундай қилиб, бутун собиқ иттифоқ мамлакатлари аниқ вақтни тўрт ярим ой давомида Тошкент обсерваторияси соати билан ўлчади. Бу эса ўзбекистонлик астрономларнинг буюк ғалабага қўшган муҳим ҳиссаси бўлди.

    1944 йилга бориб, обсерваториялар қайтиб жойига кўчирилган пайтда бу вазият яна такрорланади. Уруш йиллари Тошкент астрономия обсерваторияси ҳудудида кечган яна бир воқеани эслаб ўтса бўлади. 1940-йилларда ҳам юртимизда маданият ва санъат, жумладан, кинематография соҳаси ривожланган эди. 1945 йилда экранга чиққан ва томошабинларни хушнуд этган “Тоҳир ва Зуҳра” фильмининг айрим эпизодлари Тошкент астрономия обсерваторияси боғида тасвирга олинган.

    Жумладан, Зуҳра Тоҳирга туширган кўприк айнан обсерватория ҳудудидан ўтган Оққўрғон ариғи ёнида олинган. Ўшанда Собир Абдулла шеърига басталанган машҳур “Эй қуёш кўрсат юзинг, тундан бағир қонланмасин” сўзлари билан бошланадиган ария илк бор Тошкент обсерваториясидан янграб, ватандошларимиз кўнглини забт этган.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates