Ғаввос Италия қирғоқларидан қадимий Рим тангалари хазинасини топди

    Италияда тарихдаги энг катта қадимги Рим тангалари хазинаси топилди. Кашфиёт ғаввос томонидан Сардиния оролининг шимоли-шарқий соҳилидаги денгиз тубида амалга оширилди.

    Ҳудудда шўнғишни амалга оширган ғаввос пастдаги металл буюмларни пайқаб қолган ва бу ҳақда расмийларга хабар берган. Топилган ашёлар эрамизнинг IV аср бошларида зарб қилинган тангалар бўлиб чиқди. Яъни Рим империясининг 30 дан 50 минг донагача бўлган бронза тангалари. Топилган тангалар фоллис деб аталади, лотинча follis сўзидан олинган бўлиб, халтача, ҳамён деган маънони англатади.

    Хазина ҳар жиҳатдан ноёб бўлиши мумкин. Ҳозиргача Буюк Британия ҳудудидан топилган 23 минг фоллис энг катта Рим тангалари хазинаси ҳисобланар эди. Бундан ташқари, Сардиния қирғоқларидан топилган пуллар яхши сақланган ва Рим империясининг деярли барча зарбхоналарида зарб қилинганлиги аниқланди, деб хабар беради mir24.tv.