Вазир GEF раҳбарини жорий йил февраль ойи бошида Вашингтонда (АҚШ) Глобал экологик фонд кенгашининг 66-йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади ва минтақавий лойиҳаларни ривожлантиришдаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
«Марказий Осиё вазирлари экотизимларни тиклаш ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича минтақавий ҳамкорликка тайёр. Бешта давлат бир-бирига боғланган, Марказий Осиё минтақаси эса бир экотизимдир», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Маълумот учун, GEF Кенгашининг 66-йиғилиши доирасида «Экотизимни тиклаш, табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш ва мустаҳкамликни ошириш учун Марказий Осиё сув ва қуруқлик алоқалари (CAWLN)» Минтақавий дастурининг 5 та лойиҳасига 26 миллион доллар ажратилди.
Таъкидлаш жоизки, умумий қиймати 18,6 миллион доллар бўлган бешта лойиҳадан тўрттаси Ўзбекистон иштирокида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги (БМТ ФАО) кўмагида амалга оширилади. Бу лойиҳаларга Марказий Осиёнинг заиф экотизимларида ерларни тиклаш, Амударё, Зарафшон, Панж, Сирдарё ва Норин дарёлари ҳавзаларида сув ресурсларини комплекс бошқаришни кучайтириш, экотизимлар ва биохилма-хилликни сақлашни яхшилаш учун табиий ресурсларни комплекс бошқариш кабилар киради.
Ўз навбатида Карлос Родригес Ўзбекистон томонини Ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши муваффақиятли ўтаётгани билан табриклади ва ушбу тадбир Марказий Осиё минтақаси давлатлари вазирларини самарали қарорлар қабул қилиш учун бирлаштириш имконини берганини таъкидлади.
«Мен вазирга Глобал экологик фонднинг молиявий кўмагида минтақанинг заиф экотизимларини ҳимоя қилиш ва сақлашга қаратилган ҳамкорликнинг янги даврини бошлашга йўл очиб беришдаги хизматлари учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман», — деди GEF бош директори Карлос Родригес.
Музокаралар чоғида Очиқ денгиз бўйича халқаро шартнома, «Central Asian Green University» билан ҳамкорлик қилиш ва бошқа масалалар муҳокама этилди, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.