Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, CMS ижрочи котиби Эми Френкель, IUCN Бутунжаҳон муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар комиссияси раиси Мадҳу Рао, Йирик ландшафтларни сақлаш маркази (CLLC) бош ижрочи директори, IUCN WCPA табиатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар гуруҳи раиси Гари Табор, Wildlife Connect ташаббуси раҳбари Рафаел Антело, «Climate Chance» ассоциацияси президенти Ронан Дантек, Биохилма-хиллик, табиат ва саломатлик (ICLEI Africa) директори Ингрид Коетзи ва бошқалар иштирок этди.
«Ўзбекистон ушбу янги Ҳамкорликка муҳим ҳисса қўшишдан ва лойиҳа муваффақиятининг ажралмас қисми бўлган узоқ муддатли мажбуриятларни таклиф қилишдан мамнун. Янги Глобал ҳамкорликнинг яратилиши бизнинг жамоавий саъй-ҳаракатларимизда бурилиш нуқтаси бўлди. У турли манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорлик платформасини таъминлайди, бутун дунё бўйлаб экологик алоқаларни сақлаш, кенгайтириш ва тиклаш бўйича стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга ёрдам беради», — деди Азиз Абдуҳакимов ўзининг табрик нутқида.
Сессия давомида Эми Франкель лойиҳани тақдим этди ва унинг аҳамияти ҳақида гапирди, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Тадбирда GPEC лойиҳаси экологик боғлиқликнинг асосий устувор йўналишларини ҳал этиш, камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, миллий, трансчегаравий ва халқаро миқёсда алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда тиклаш бўйича сиёсат ва тадбирларни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшиши таъкидланди. Лойиҳа 4 та асосий жиҳатга: тадқиқот, маълумотлар ва мониторинг; экологик сиёсат ва қонунчилик; самарали бажариш; хабардорликни ошириш ва тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилади.