Германиядан муносабат: Ўзбекистон маданий мероси дунё олимларини бирлаштирмоқда

    Германиянинг етакчи “Berliner Zeitung” газетасида “Ўзбекистон маданий мероси дунё олимларини бирлаштирмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди.

    “Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Мамлакат бугун очиқлик сиёсати асосида дунё мамлакатларини иқтисодий ҳамкорликка чорлаяпти. Хорижий инвесторлар учун барча шароитлар яратяпти, халқаро муносабатларни мустаҳкамлаяпти”, -дея таъкидлаган муаллиф Ирмгард Бернер.

    Мақолада ёзилишича, Янги Ўзбекистон ўзининг бой маданий ва тарихий меросини дунёга намоён этиш бўйича ҳам кенг кўламли ишларни амалга ошириб келяпти. Хусусан, мамлакат раҳбарияти кўмагида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилаётир. Лойиҳа доирасида мамлакатнинг бутун дунё бўйлаб сочилиб кетган ва ҳозирда хориждаги йирик кутубхона ва музейларда, шахсий коллекцияларда сақланаётган маданий бойликлари, асори-атиқалари, қўлёзмалари, санъат асарларини излаб топиш, жамлаш ва тизимлаштириш ишлари амалга ошириляпти.

    “Жорий йил 5-8 ноябрь кунлари “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” VII халқаро конгрессининг Шарқ гавҳари, тамаддунлар маркази ва илм ўчоғи бўлмиш Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас, — дейилади материалда. — Асрлар давомида илм-фан маркази бўлиб келган ушбу азим шаҳарда барпо этилган “Silk road Samarkand” сайёҳлик марказида дунёнинг 30 та мамлакатидан келган 400 га яқин маҳаллий ва хорижий олимлар, фан арбоблари, музейшунослар, шарқшунослар ва мутахассисларни бир мақсад атрофида бирлаштирди”.

    Муаллиф, шунингдек, машҳур олим, давлат арбоби Мирзо Улуғбек сиймосига алоҳида эътибор қаратган. “Мирзо Улуғбек томонидан яратилган юлдузлар туркумига бағишланган асар қўлёзмасининг факсимал нусхаси Германиянинг “Müller & Schindler” нашриёти билан ҳамкорликда амалга оширилди ва “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумига киритилди, — дейилади мақолада. — Анжуманда немис нашриёти томонидан бу сафар Қашқадарё ҳудудидан топилган VIII асрга оид, фрагментларда сақланиб қолган, 44 сурадан иборат Катта Лангар Қуръони қўлёзмасининг қимматбаҳо факсимил нусхасини тақдим этилиши умумбашарий инсоният маданий меросига бўлган якдил ҳамкорликни ифодалайди”.

    Нашрда қайд этилишича, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида бутун дунёдан тўпланган ўзбек маданий мероси асори-атиқалари киритилган 70 жилддан ортиқ китоб альбом чоп этилди. Бу тўпламлар ҳозирги кунда Ҳиндистон, Испания, Мўғулистон, Буюк Британия, Япония, Россия, Туркия, Озарбайжон, Франция, Чехия ва Германия кутубхона ва музейларига тақдим этилган, деб хабар беради “Дунё” АА.

    “Ушбу китоблар сотувда мавжуд эмас, улар фақатгина лойиҳада иштирок этаётган музей ва кутубхоналарга берилади. Шунингдек, Ўзбекистондаги мактабларга совға сифатида улашилади. Қолаверса, буюк шоир Алишер Навоий айтганидек: “Китоб – бу устоздир, ... у ҳар он зиё тарқатиб туради”, -деб ёзган “Berliner Zeitung”.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates