Учрашувда Ўзбекистонда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида сифатли таълим дастурларини амалга ошириш, тармоқ учун малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, стандартлаштириш ва сертификатлаштиришга оид мавзуларда ўзаро фикр алмашилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, GIZ 130 дан ортиқ мамлакатда ўз фаолиятини олиб боради. 1992 йилдан буён Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келади. Фаолияти давомида мамлакатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, таълим ва кўплаб соҳаларда қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириб келяпти.
Уюшма раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқотда GIZ томонидан грант асосида техник ёрдам кўрсатиш дастури доирасида чарм саноати соҳасига грант маблағларни жалб этган холда “дуал” таълим тизими механизмларини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди. Мамлакат бўйлаб 14 миллион евро бўлган катта бир дастур амалга ошириляпти. Айнан ушбу лойиҳа доирасида чарм-пойабзал соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қаратилган алоҳида дастур ҳам ишлаб чиқилиб, “дуал” таълим тизими асосида маҳаллий корхоналардаги, касб-ҳунар коллежлари, умум таълим мактабларидаги ёшларга таълим берилади. Бу учун GIZ томонидан алоҳида грантлар жалб этилади.
Шунингдек, учрашувда “Ўзчармсаноат” уюшмасининг Тошкент шаҳрида маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда мода, дизайн, технология, стандартлаштириш, маркетинг йўналишларида соҳа корхоналари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, соҳада инновацияларни жорий этиш бўйича “Чарм-пойабзал мода, дизайн ва инновация маркази” шўъба корхонасини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу борада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда “Ўзчармсаноат” уюшмасининг ушбу лойиҳага ташқи беғараз кўмак (грант) маблағларини жалб этиш бўйича таклифлари ва ташаббуслари GIZ томонидан қўллаб-қувватланди, деб хабар беради “Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизмати.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган чарм-пойабзал маҳсулотларининг хорижий давлатларга экспорт ҳажмини ошириш мақсадида стандартлаштириш марказини ташкил этиш масаласи ҳам учрашувда алоҳида муҳокама этилди. Ушбу марказ энг аввало халқаро сифат сертификатларини корхоналарга жорий этиш, халқаро стандартларни ишлаб чиқаришда қўллашда амалий кўмак кўрсатади. Бу ўз навбатида халқаро бозорда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотлар нуфузининг янада ошишига хизмат қилади.