Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ўрганиш натижасида гўшт ва сут маҳсулотларининг энг юқори нархи Тошкент шаҳрида қайд этилди.
Шундай қилиб, 1 кг мол гўштининг нархи Тошкент шаҳрида 64 350 сўм ва Тошкент вилоятида 55 797 сўмни ташкил этди. Мол гўштининг энг паст нархи Қорақалпоғистон Республикасида – 44 416 сўм ва Сурхандарё вилоятида – 46 599 сўмни ташкил этди. Республиканинг бошқа ҳудудларида нархлар ушбу кўрсаткичлар орасида турлича бўлган.
Республика бўйича мол гўштининг ўртача нархи (1кг) 50 474 сўмни ташкил этди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31% ёки 10 998 сўмга ўсиш). Қўй гўштининг ўртача нархи (1кг) 34 % га ошди ва 52 483 сўмни ташкил этди (ўтган йилнинг шу даврида 39 863 сўмга тенг бўлган). Тухум нархи (10 дона) 48 фоизга ўсди ва 8 322 сўмни ташкил этди, ўтган йили худди шу даврда нархлар 5 605 сўмни ташкил этган. 1 кг балиқ нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5% га пасайди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сабзавот нархларида (картошка ва бодринг бундан истисно) пасайиш кузатилди. Яъни тез бузиладиган маҳсулотларга талаб пасайиб, бундай маҳсулотлар нархи пасайган.
Пиёзнинг ўртача нархи (1кг) 2020 йил 30 июнда 1 569 сўм (га тушган ўтган йилнинг мос даврига нисбатан -45 %), карам (1кг) 1 151 сўм (-37 %), сабзи (1кг) 2 108 сўм (-15 %), помидор (1кг) 3 601 сўмни ташкил этган. Картошканинг ўртача нархи (1 кг) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59 % га ошди ва 3 612 сўмни ташкил этди. Бодринг нархи 23%га ошди ва 1 кг 2 527 сўмни ташкил этди.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан полиз экинларининг ўртача нархи ўсиши кузатилди. Тарвузнинг ўртача нархи 19% га, узум 37 % га, қовун ва қовоқ 17 % га ўсди.
Бошқа маҳсулотлар билан таққослаганда дуккакли махсулотларнинг нархи барча маҳсулотларга қараганда сезиларли даражада ошди.Яъни, мазкур турдаги маҳсулотларга аҳоли талаби сезиларли ошди.
2019 йилда ловия (1кг) 8 614 сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 30 июнь ҳолатига 15 729 сўмни ташкил этган (ўсиш 83%). Мош 46 % га, нўхат 4 % га ўсди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислохатлар марказининг
жамоатчилик билан алоқалар хизмати









