Танқидчиларнинг фикрича, ушбу қонун оммавий ахборот воситалари эркинлигини чеклайди ва Грузиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини хавф остига қўйиши мумкин.
Ҳукуматнинг ушбу қонуни 3,7 миллионлик Жанубий Кавказ давлатини беқарорлаштиришга уринаётган зарарли хорижлик иштирокчиларни тўхтатиш учун зарурлиги таъкидланмоқда. Бироқ кўплаб грузиялик журналистлар ва фаолларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг асл мақсади уларни қоралаш ва мунозараларни чеклашдир.
Мухолифлар қонунни “Россия қонуни” деб қоралади. Сабаби у Кремл томонидан мустақил ахборот воситалари, нотижорат ташкилотлар ва фаолларни бостириш чораларига ўхшайди. Танқидчиларга кўра, бу чора Грузиянинг Ғарб билан янада интеграциялашув имкониятларини тўхтатиш учун Москва томонидан қилинган бўлиши мумкин.
Парламент спикери Папуашвили қонун лойиҳасини имзолаганидан сўнг унинг асосий мақсади “Грузия сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимларининг ташқи аралашувга қаршилигини ошириш” эканлигини айтди. “Агар нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этмоқчи бўлса ва Грузия халқи ҳаётига хорижий ҳукуматлар томонидан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан таъсир ўтказмоқчи бўлса, улар шаффофликнинг минимал стандартига жавоб бериши, жамоатчилик ҳар бир “актёр” ортида ким турганини билиши керак." – деди у.
Эндиликда, қонунга биноан, 60 кун ичида “чет эл агентлари” реестри тузилади. Реестрга 20 фоиздан ортиғи хориждан туриб молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари киритилади. Улар йиллик молиявий ҳисоботини эълон қилиб бориши керак бўлади.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўлими, қонуннинг қабул қилиниши Грузиянинг Европа Иттифоқи йўлидаги тараққиётига салбий таъсир кўрсатишини айтди.