Ҳар биримиздан ғайрат-шижоат талаб этадиган муҳит

    Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги нишонланаётган ушбу кунларда ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларни холисона баҳолаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг онгу шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.

    Биз учун “Мустақиллик” сўзи баландпарвоз калом эмас. Юрт озодлигини қалбан ҳис қиламиз. Чунки даврларни солиштириш ва хулоса чиқариш имконимиз бор. Дунёнинг турли бурчакларида сиёсий ўзгаришлар, жанжалу тўполонлар кузатилаётган бир даврда озодлик қадрини янада чуқурроқ англаяпмиз.

    Ватан инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғи, маҳалласи ва қишлоғи билан таърифланади. Она юртга муҳаббат — юксак инсоний фазилат. Унга бўлган муҳаббат жой, макон, вақт танламайди.

    Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Қаффол Шоший, Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломаларимиз Ватанга бўлган кучли муҳаббати туфайли кўплаб асарларини юрт номи билан боғлагани тарихдан маълум.

    Она юртга муҳаббат, меҳрни амалда намоён қилиш осон иш эмас. Бу инсондан катта жасорат, бардош, чидам, маърифат талаб қилади.

    Бугун янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эзгу ислоҳотлар бошланган ва жадал суръатлар билан давом этаётир. Бу жараёнда тараққиётнинг муҳим асоси бўлган маънавият ва маърифатга эътибор кундан-кунга кучаймоқда. Ёш авлодни билимли қилиш, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини ошириш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ғояларини кенг тарғиб қилишни умумий ижтимоий ҳаракатга айлантириш орқали жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш масалалари ҳар доимгидан-да долзарб. Ёшлар эртамиз эгалари, келажагимиз бунёдкорлари, давлатнинг асосий ва бебаҳо бойлиги экан, Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимиз бирдамлиги, мамлакатимиз яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билиши, Ватанимизни асраб-авайлаши, янги Ўзбекистон мақомини янада мустаҳкамлаши керак.

    Термиз давлат педагогика институтида талаба ёшларнинг етук кадрлар бўлиб етишиши, юртга ва ўз касбига садоқатли бўлиши учун шароитлар яратилган. Институт Сурхондарё вилоятидаги энг ёш олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, 2018 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиали сифатида ташкил этилган. 2022 йили эса Термиз давлат педагогика институти мақоми берилди. Айни пайтда бу ерда 28 та кундузги таълим, 21 та магистратура мутахассислиги мавжуд. 12 мингга яқин талаба таҳсил олади.

    Талаба ёшлар мунтазам равишда республика миқёсида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Бугунги кунда улар сафида Зулфия номидаги давлат мукофотининг 2 нафар совриндори, номдор давлат стипендиялари, халқаро фан олимпиадаларининг 12 нафар ғолиби, Ёшлар парламенти 2 нафар аъзоси, Осиё чемпионати ва Паралимпия ўйинларининг 10 га яқин совриндори бор. Иқтидорли талабалардан тузилган “Талабалар театр студияси” гуруҳи ютуқлари ҳам институт жамоасини қувонтиради.

    Ўзбекистонда олий таълим тизимида халқаро таълим маконидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқалари борасида чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда. Институтимиз ривожланган бир қанча мамлакатлар олийгоҳлари билан ҳамкорлик ўрнатган. Россия, Беларусь, Туркия, Қозоғистон ва Малайзия каби давлатларнинг қатор олийгоҳлари билан меморандумлар имзоланган. Қозоғистон, АҚШ, Бангладеш, Жанубий Корея, Италия, Россия каби давлатлар профессор-ўқитувчилари талабаларга таълим бермоқда.

    Талабалар ўртасида маънавий-маърифий муҳитни мунтазам такомиллаштириб бориш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда кинотеатрларга, музейларга, тарихий зиёратгоҳларга олиб бориш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада ҳам ишлар йўлга қўйилган.

    Бугунги кунда чинакам билимли, маънавиятли ва маърифатли одамгина ўз қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун ҳаракат қилади. Бу эса янгича, эркин, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ҳақиқатни айтишдан чўчимайдиган, мавжуд қийинчиликлар, муаммоларни очиқ-ойдин баён этадиган, Ватанимиз равнақи ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган, иқтидорли ва хорижий тилларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялашни тақозо қилади. Шу мақсадда биз — педагоглар, профессор-ўқитувчилар бор билим ва салоҳиятимизни ишга солиб ҳаракат қилишимиз зарур.


    Азизбек ҲАСАНОВ,

    педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 178-сонида (2024 йил 3 сентябрь) чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates