Лого Лого-пв-уз

    Ҳар кимнинг ўз йўли, овози бўлсин

    Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев билан суҳбат

    Ҳурматли газетхон. Ушбу суҳбатни бундан йигирма етти йил аввал “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси учун ёзиб олган эдим. Ўша йиллари газетада танқидий мулоҳазали тазарру мақолалар ҳам эълон қилганмиз. Таниқли кишиларга, кўпроқ ижодкор зиёлиларга бироз аччиқ, аммо очиқ қолдириш мумкин бўлмаган саволлар ҳам берганмиз. Шерали Жўраев саволларимизга биз кутган даражада самимий жавоб берди. Аммо уларни эълон қилишда маълум тўсиқлар пайдо бўлиб, матнни тўла эълон қила олмадик. Бугун эски ёзувларимни варақлар эканман, бу суҳбат, орадан шунча йил ўтишига қарамай, ўз аҳамиятини йўқотмагандай туюлди. Шу боис, уни муҳтарам газетхонлар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдим.

    – Мухлислар билан суҳбатларингиздан бирида “Кейинги пайтда кўп ўқидим, ҳазрат Навоиий, Фузулий, Бобур мирзони қайта ўқиб чиқдим. Кўп нарсаларни янгидан идрок этишга, авваллари эътибор бермаган нарсаларим мағзини чақишга тўғри келди”, дедингиз. Ўйлаб кўрилса, бу – кейинги йилларда юзага келган шароит – ўзликни англаш, ўзликка қайтиш билан боғлиқ заруриятга ўхшайди. Биз касбимиздан қатъий назар, кўп ҳолатларни, сиз айтгандай, қайта идрок этишимиз, миллат олдидаги бурчимиз, жамиятдаги ўрнимиз тўғрисида танқидий мушоҳада юритишимизга тўғри келади. Мен сизни шундай тушундим...

    – Ҳазрат Навоий, Фузулий ва бошқа мумтоз шоирларни ўқиганда, одам йўқотиб қўйган қимматбаҳо нарсасини топиб олади-ку, ўшанақа бўларкан. Кўмилиб ётган хазинани топиб олганга ўхшаб кетасан. Бой бўп кетасан. Шундай қилишимиз керак. Чунки бунга эҳтиёж бор. Ҳеч ким сени “Мана бу китобларни ўқи, боболаринг кимлигини бил, уларга муносиб бўл”, деб мажбур қилмайди. Оллоҳдан ишоратдай, ўзинг ўзгара бошлайсан, ўзинг ўзингга тарбиячи бўлиб кетасан. Эндиликда қуруқ, дардсиз, ялтироқ сўзлардан иборат қўшиқ куйлаш қаёқда-ю, бир дунё маънога эга бўлган ғазалларни шоирнинг дардини тушунган, айтмоқчи бўлган фикрини юракдан ўтказган ҳолда айтиш қаёқда?! Бу мўътабар зотларнинг мутолааси инсон томирларидаги қонни яхши айланишга мажбур қилади, янгилайди, дунёни қайта идрок этишга, “оламда шунақа нарсалар ҳам бор экан-ку”, дея ўйлашга ундайди. Санъатга келганда, қалами, сўзи ила машҳур зотларнинг кўнгил фарёдлари, содда қилиб айтсам — сўз билан ифодалаб бўлмайдиган янги кечинмаларни ҳаёлга келтиради. Ойнага қарагандай, ўзингга бир қараб оладиган пайт келди-да. Худди мана шу нарса ҳаёлингга келдими, тасаввур қилдингми, юрагинг “жизз” этдими, ана ўшанда янги, умри узоқ қўшиқ яралади. Киши қалбининг мудраётган жойлари уйғонади. Томирлар жонланади, ҳаракатга келади.

    Мана, ёшимиз ҳам элликка етди. Бу ёшдаги одам, у санъаткорми, бошқа касб эгасими, ёш йигитнинг қилиғини қилавермайди-да. Шу боис, ўзимизга ўзимизнинг саволимиз, қарашларимиз, баҳо беришимиз эндиликда бошқачароқ бўлиши керак. Сиз тилга олган улуғ зотларнинг мўътабар китобларида бу саволларга жавоб бор. Шунақа жавоблар борки, улар сизни шу ондаёқ ўзгартиради, кўнглингизга чироқ тутади, хато ишларингиздан хижолат тортиб кетасиз.

    Бундан йигирма-йигирма беш йил аввал куйлаган қўшиқларимни эслайман. Уларнинг эшитувчилари, ҳақиқий ихлосмандлар, назаримда, энди-энди пайдо бўлаётгандай. Лекин, ўша қўшиқларни ҳам бугунги кун нигоҳи билан кўриб чиқишимга тўғри келяпти. Енгил-елпи ашулалар кўпайиб кетди. Бир марта эшитиладиган, шу билан умри тугайдиган, унутиладиган саёз, қуруқ хиргойилар. Қулоқни қоматга келтиради, аммо нафи йўқ. Инсоннинг руҳини озиқлантирмайдиган, қалбини тарбияламайдиган ҳар қандай “санъат”нинг маънавий камолотга, инсон тарбиясига даҳли йўқ деб ўйлайман. Негаки улар бозор расталарида қалашиб ётган, ялтироқ қоғозларга ўралган, лекин кишини касал қиладиган чучмал ширинликларга ўхшайди.

    Хуллас, қўшиқчиликда аҳвол бироз мураккаблашди. Буни қарангки, бу ҳолат одамларнинг меъдасига тега бошлади ҳам. Шуларни кўпроқ кузатдим, шу кузатишлар жараёнида ўзим камроқ кўринишга ҳаракат қилдим. Ичи бўш, ялтироқ қўшиқлар қилмасликка ҳаракат қилдим, ўзимни ўзим ушлаб турдим, чидадим шунга. Аммо фурсатни бекор ўтказмадим, мутолаага берилдим. Навоий ҳаазратларининг мана бу гўзал, қуйма сатрларига эътибор беринг:

    Чун рақибимга рақиб эрди ҳабиб, эрдим тирик,

    Найлай ўлмайким, ҳабибимга ҳабиб ўлмиш рақиб.

    Ёки:

    Эй Навоий, умр ўтар елдек, ўзунгни шод тут,

    Елга етмак мумкин эрмастур чу суръат кўргузуб.

    Бу мисралар ҳамиша онг-тафаккуримизда бўлиши керак. Навоийдан узоқлашиш миллат учун жуда катта хавф. Қани энди, буни тезроқ тушуниб етсак.

    – Масъулият деган сўзга қандай қарайсиз? Менимча, ҳамма соҳада ҳам масъуллик ҳиссисиз бир нимага эришиб бўлмайди. Ишчи ҳам, деҳқон ҳам, қурувчию тиббиёт ходими, аввало, масъулиятни ҳис қилиши керак. Бу энди ҳаммага ойдай равшан ҳақиқат. Элга танилган ҳофиз сифатида сиз санъаткор масъулиятини қандай тасаввур қиласиз?

    – Бу саволингиз биринчи сўровингизнинг мантиқий давоми. Санъаткор масъулияти деганда, гап яна маҳорат билан бирга, санъаткорнинг тарбияси, одоби, дид-фаросати, саводи, демакки эл-юрт кўз ўнгида намоён бўлишига бориб тақалади. Ҳофиз ўз санъати ила руҳ, кўнгил тарбиясига дахлдор инсон, тарбиячи. Яхши қўшиқ тинглаган кишининг қалбида нималардир рўй бермоғи керак, ақл-идрокида инсоний бир фазилат ўйғонмоғи, у ўз ҳаётини, бу ёруғ дунёга нима учун келди-ю, қандай кетиши кераклигини ўйламоғи лозим. Бу – муболаға гап эмас. Оддий қилиб айтганда, яхши санъаткор инсонларни инсонийликка, яхшиликка чорламоғи, оз бўлса-да кўнглига, ҳаётига ёруғлик олиб кирмоғи шарт. Бунга эриша олмаганларни санъаткор деб бўлмайди. Музейда машҳур санъат асарини томоша қилсангиз, хаёлингизга дидингизга яраша фикр келади. Суратда биров чўмилаётган аёлни, бошқа биров покланаётган дунёни кўради. Улуғ устоз суҳбатида бўлсангиз, у кишидан кўп нарса ўрганасиз. Қўшиқнинг ҳам шундай вазифаси бор. Бу қулоғингиздан кириб, унисидан чиқиб кетса, бундан нима фойда?

    Энди қаранг-да: бугун қўшиқчилигимизда қандай манзара кўзга ташланмоқда? Тўйларга бориб кўрсангиз, ўзбекча ашула деб айтилаётган кўп қўшиқларнинг мусиқаси ўзбекча эмас. Бизнинг минг йиллик миллий руҳимизга сингмайдиган, дидимизни ўтмаслаштирадиган, маънавий меросимизга зиён етказадиган қўшиқлардан қочишимиз керак. Бундай ҳолатдан тингловчилардан аввал санъаткорлар хавотирга тушишлари зарур. “Э, бу нима бўляпти ўзи, бизни эшитишмаяпти-ку”, деган ҳадиксираш, яъни моли ўтмаётган савдогарларнинг аҳволидақа ҳолат бўлиши лозим. Тўйларга санъаткорлар кўпинча обрўсини, бунга қўшиб садоқатли мухлисларини ҳам йўқотиш учун бораётгандай. Одамлар, масалан, ашула эшитмай, еб-ичиб, биров латифа айтса, қаҳ-қаҳ отиб ўтираверади, таомлар пешма-пеш келиб турса бўлди, ашулани эшитмайди. Шундай вазиятда терга ботиб қўшиқ куйлаётган санъаткорнинг аҳволини тасаввур қиласизми? Бу ҳолатнинг бошқа сабаби ҳам бор – эшитувчи эшитадиган, тушунадиган, ибрат оладиган. таъсирланадиган ашула айтилмаяпти-да. Муаммо шунда. Айтилаётганларида эса фикр, таъсир, тарбия йўқ.

    Қаранг, куй чалинганида икки-уч ёшли бола ҳам ўзича у ён-бу ёнга қимирлайди, тебранади, эътибор берганмисиз? У ҳали тушунмайди, билмайди мусиқа нималигини, аммо ўзи билмаган ҳолда тебранади. Тўй-томошалардаги ашулаларнинг қалб ва руҳга даҳли йўқ, чунки улар асосан йиғилганларни рақсга тушириш учун қилинган муваққат нарсалардир. Бу – жуда аччиқ гап, аммо ҳолат шундайки, бошқача айтиш, бошқача баҳолаш мумкин эмас.

    Демак, санъаткор ўз ўрнини, даражасини билмоғи керак. Шу даражани ушлаб туриши зарур. Яхши ҳофиз бўлиб элга танилдингиз, одамлар сизни қўшиқчи сифатида ҳурмат қиляптими, шунга яраша бўлинг-да, биродар. Одамлар сизни зўр деса-ю, икки-учта қўшиқдан кейин тугаб қолсангиз, бошқа ҳеч нарса билмасангиз, бошқаларнинг ашуласини айтсангиз, бошқа йўлларга бурилиб кетсангиз, ўз йўлингизни тополмасангиз, сиз эшиттувчини эмас, эшитувчи сизни тарбия қила бошласа, бу энди жуда хунук манзара.

    Масъулият касб-коридан қатъий назар, ҳар бир одамнинг елкасига катта юк юклайди, уни кўтара билиш керак. Шу диёрда туғилиб, шу жойда вояга етдингизми, шу Ватаннинг фарзанди бўлиб яшаяпсизми, унга фойда келтиришингиз керак. Биров меҳнати, биров ихтироси, санъаткор эса санъати билан.

    — Кейинги йилларда миллий қўшиқчилик ривожига жиддий эътибор берилмоқда. Аммо натижалар қониқарли эмас. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

    Эътибор берилаётгани яхши, албатта. Буни ҳаммамиз кўриб, ҳис этиб турибмиз. Миллий қўшиқчилик дегани чексиз, қамровсиз тушунча. Нима дейилганда ҳам, қўшиқ ҳақида ҳар қандай баҳо унинг айтувчисига, яъни қўшиқчига бориб тақалади. Демак, миллий қўшиқчиликни миллатнинг дарду қувончи, изтиробу армонлари, соғинчу севинчлари акс этган қўшиқлар тараққий эттиради. Шукрки, бир-бирини такрорламас ажойиб ҳофизларимиз бор. Уларни эл ардоқлайди, улар ҳамиша эъзозда. Аммо яна бир ҳолатни эътибордан соқит қилмаслик керак. Яхши қўшиқ, йиллар давомида ўзининг маъно-моҳиятини йўқотмайдиган санъат асарлари ҳар куни пайдо бўлмайди. Шундай қўшиқлар борки, ижрочи уни бутун умри давомида яратади. Баъзан улгурмай ҳам қолади. Менинг жавобим шуки, санъаткор бир умр изланиши, ўз қўшиғини, йўлини, айтадиган сўзини ахтариши зарур. Ўзинг топган йўлдан юриш нақадар ёқимли, ҳеч ким “Ҳой, бу ерда нима қилиб юрибсан?”, демайди.

    — Ўзингизга ўзингиз танқидий кўз билан ҳам қарай оласизми? Маъзур тутгайсиз, катта ютуқлар, муваффақиятлар ора-чирасида яна “нима”лардир кўзга ташланиб, қулоққа чалиниб ҳам туради-да...

    – Жуда нозик, аммо жавоб қайтарса бўладиган савол. Халқимиз азал-азалдан санъат аҳлига, хусусан ҳофизларга меҳр-оқибат кўрсатиб келган. Мухлислар эл-юрт меҳрини қозонган ҳофизларнинг ҳурматини жойига қўйишади ўзларга яқин олишади, тўйларига, яхши кунларига таклиф этишади.

    Санъатдаги озми-кўпми меҳнатим, изланишларим туфайли мен ҳам шундай мурувватлардан четда эмасман. Таклиф кўп. Қаерга борсангиз самимий илтифот, иззат-икром. Аммо, биласизми, бундай муносабат баъзан одамни чалғитади. Негаки, ютуқлар қанотида нима иш қилсангиз, нима сўз айтсангиз тўғрига ўхшаб кўринади. Хато гапираётган бўлишингиз ҳам мумкин-ку. Мухлислар сизга харихоҳлик билан қараётгани, йигирма-ўттиз йилдан бери уларнинг энг қувончли кунларида бирга бўлганингиз сабабли сизга шундай туюлади. Шу сабаб хатоларингизни улар кўрмайди. Кўришса ҳам бетингизга айтгилари келмайди. Одамнинг юзи иссиқ, “Ҳа, устоз бир эркалик қилса, қилибди-да, устозники табаррук”, дейишади, холос. Камчиликларимга, ўзимга танқидий кўз билан қарашда мана шу жиҳатларни кўп ўйлайман. Ўзимиздан ўтган хатоларга жавоб тариқасидаги муносабатни вақтида англаб етмаганимизнинг боиси ҳам шунда. Танқидий кўз билан қарайман деса, камчиликларимиз етарли. Ҳаммамиз Аллоҳнинг бандасимиз.

    – Лекин, камчиликларни сезиш бошқа, уларни такрорламаслик, тузатиш бошқа бўлса керак?

    – Албатта. Бу фикрингизга қўшиламан. Шу ерда бир фикрни очиқ айтишим керак. Танқид кўпларга ёқмайди. Айниқса аччиқроғи. Бизни устоз дейдиган шогирдлар кўп, уларга-ку, камчиликларини тушунтириш мумкин, тушунишади, тузатишади ҳам. Бироқ, саҳнада бирга куйлаётган, санъатда бирга-бирга қадам ташлаётган, элга танилиб бўлган баъзи қадрдонларга бир нима десангиз, қабул қилишлари қийин, тўғри танқидни ҳасад деб биладиганлар ҳам йўқ эмас. Ана энди буёғини тасаввур қилаверинг.

    – Умрида бирор марта қўшиқ куйламаган, хиргойи қилмаган одамни учратиш қийин. Бугун миллий қўшиқчилигимизда ижрочилар сони беҳад кўпайиб бараётганини қандай баҳолаш мумкин?

    – Юрагида завқи бор одам ноғора чалинса, ҳатто оддий қарсакка ҳам ўйнайди. Масалан, бизнинг Андижонда, Фарғонада ёғоч оёқни кийиб, сурнай, ноғора чалиб, лўли болалар тўй бўлаётган, ош берилаётган жойга кундузи кириб келади. Ўйинга тушишади. Уларнинг қўлига уч-тўрт сўм пул берилади, ўйнаб-ўйнаб чиқиб кетишади. Уларнинг чанги босилмай яна бошқа “ансамбль” кириб келади. Тўй эгаси ҳайрон, аммо “Э, тўхтанглар, ҳозир келиб кетишди-ку”, демайди.

    Сиз айтаётган “ижрочи”лар сони беҳад кўпайиб бораётганини мен шу ҳолатга қиёслайман, ўша манзара кўз олдимга келади. Худди шунга ўхшаб қолди кўп ижрочилар. Кўплари шунчаки тирикчилик учун ҳаракат қилишади. Мана шундай ҳолатга тушиб қолмаслик керак, деган хулосага келаман баъзан. Дуч келган сўзни, мана бу нарса кетаркан, деб айтавериш тўғримас, бир-икки сўмлик бўламан деб, йиллаб йиққан обрўйингизни тўкмаслигингиз керак. Сабаб, баҳона кўп, бироқ вақт – олий ҳакам, куни келганида ҳаммасини жой-жойига қўйиб беради.

    – Ёш санъаткорлар орасида “Мен Шерали Жўраевнинг шогирдиман”, дейдиганлар кўп. Бунинг ёмон жойи йўқ, албатта. Аммо шогирд бўлишликнинг ҳам маъноси бўлиши керак, шундай эмасми? Устоз овозига тақлид қилиб, унинг қўшиқларини такрорлаб умр ўтказишни қандай баҳолаш мумкин?

    – Бир маҳаллар тақлидчиларга жавоб тарзида “Куйла, фақат ўз созинг билан, қурбақадай бўлса ҳам ҳатто” деган сўзларни қўшиқ қилиб айтишимга тўғри келган. Шогирдларнинг бўлиши яхши, албатта. Лекин устоз-шогирдликнинг ёзилмаган қоидалари бор. Меъёрни сақлай ололган шогирдгина шогирд ҳисобланади. Бизнинг қўшиқларимизни айтиб, бизга ҳавас қилиб саҳнага чиқаётган ҳофизлар кўп. Кўпларининг ҳатто исмларини ҳам билмайман. Тирикчилигини ўтказиб, бола-чақа боқиб юришибди. Кўплари ўзини тиклаб олган, энди эса бошқа бир йўл топишлари керак.

    Шогирд устоздан ашула айтиш сирини ўрганиши мумкин, бироқ асл нусхани такрорламасин. Мана бу ишларни қаранг-да: дейлик, бир тўйда шогирдимиз бизнинг овозда гумбуроатиб ашула айтаяпти, шу пайт биз кириб келамиз, одамлар энди биздан, яъни асл нусхадан эшитгиси келади. Ўз-ўзидан ҳалиги ҳофиз йўқ бўлиб турибди-да. Бу томонлари ҳам бор. Баъзан менинг ичим ачишади шу ҳолатларга. Ўзимга эмас, уларга ичим ачишади. Негаки, менинг йўлимда айтаётган одам, ўша мен кириб чиққан йўлларга яна қайтадан кириб чиқишига тўғри келади. Бунинг эса ҳеч кимга қизиғи йўқ. Шунинг учун бу йўлга кирадиган ҳар бир киши ўз йўлимни топаман, деб кирмоғи, шунга жон-жаҳди, қалби, вужуди билан интилмоғи керак. Маслаҳат шу.

    Суҳбатдош: Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ.

    1996 йил, август

    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates