Ҳеч ким тақдир ҳукмига ташлаб қўйилмаган

    Инсон қаерда бўлса ҳам туғилиб ўсган тупроғининг тафти у билан бирга, соғинч ва шу тупроққа илҳақлик билан яшайди. Ўзга юртнинг қонун-қоидаси, тартиб-тамойилларига қанчалик кўникмасин, ўз юртининг таянчи ва суянчига ҳам шунча муҳтож бўлади.

    Инсон қаерга илдиз отса, ўша муҳитга мослашади. Иссиғига ҳам, совуғига ҳам кўникади. Чунки бу ўз номи билан Ватандир.

    Ким ҳам Ватандан айро, оиласидан, жон жигарларидан йироқда, маҳалла- кўй, қавм-қариндош дийдоридан олисда яшашни истайди?! Албатта, ҳеч ким. Ҳамма ўз яқинлари дийдорига тўйиб, улар билан бирга яшагиси келади. Аммо баъзан тақдир ризқини олисларга сочган, ватандан айро яшашни қисмат қилиб белгилаган ҳолларни ҳам истисно қила олмаймиз.

    Инсон қаерда бўлса ҳам туғилиб ўсган тупроғининг тафти у билан бирга, соғинч ва шу тупроққа илҳақлик билан яшайди. Ўзга юртнинг қонун-қоидаси, тартиб-тамойилларига қанчалик кўникмасин, ўз юртининг таянчи ва суянчига ҳам шунча муҳтож бўлади.

    Ўзга мамлакатларга иш излаб бораётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан мулоқот ўрнатиш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш масалалари сўнгги йилларда давлатимиз эътибори марказида бўлиб келмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, хорижда ишламоқчи бўлган шахсларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.

    Юртимизда ташкил этилган меҳнат миграцияси улуши ва географиясини кенгайтириш, ташқи меҳнат бозори истиқболларини ўрганиш орқали фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, дунёнинг 30 га яқин давлати – Германия, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Руминия, Латвия, Литва, Польша каби мамлакатларнинг 120 дан зиёд иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан шартнома тузилиб, 100 мингдан кўпроқ бўш иш ўринлари аниқланган.

    Германия билан ҳамкорлик

    Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германия Федератив Республикасининг салоҳиятли иш берувчилари билан ўрнатилган ҳамкорлик келишувлари доирасида эътиборга молик ишлар бажарилмоқда.

    Хусусан, ҳозирги кунда Германиянинг 20 дан зиёд йирик иш берувчи ташкилоти билан меҳмонхона, ресторан хизмати, машинасозлик, мехатроника, ҳамширалик, парвариш, юк автомобили ҳайдовчиси, АКТ, ишлаб чиқариш, металга ишлов бериш, механик, электрик, дурадгорлик соҳаларида ўзбекистонлик фуқароларни Германияда тўғридан тўғри иш ҳамда Ausbildung – дуал таълим орқали иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилинаётир.

    Бугунги кунда Агентлик немис тилини B1 ёки B2 даражада биладиган ва даража сертификатига эга мутахассисларни Германияда ташкилий тарзда иш билан таъминлаш кўламини кенгайтириш мақсадида логистика, омборчи, қишлоқ хўжалик техникаларига хизмат кўрсатиш, йўл қурилиши, ўрмончилик, боғдорчилик, виночилик, ҳунармандчилик, пайвандчи, механик, муҳандис, сантехника, иситиш ва ҳавони тозалаш технологияси механикаси каби ўнлаб йўналишларда иш берувчи ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда.

    Ҳудудларда фаолият олиб бораётган “Ишга марҳамат” мономарказларида айни пайтда танлаб олинган 520 нафар юртдошимиз учун немис тилини ўқитиш ўқув курслари ташкил этилган.

    Шу билан бирга, бугунги кунда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик ўрнатган Германия давлати иш берувчилари томонидан 50 000 га яқин бўш иш ўринлари тақдим этилган.

    Ausbildung – дуал тизим нима?

    Ausbildung — дуал тизими муайян иш профиллари бўйича кўникма ва билим беради. Германияда юзлаб касблар мавжуд. Шунингдек, ушбу мамлакатдаги давлат мактаблари, ваколатли муассасалар томонидан кўникма ва билим беришни ўз ичига олади.

    Касбий таълим одатда икки қисмдан иборат бўлади. Касб-ҳунар мактабида назарий билим берилса, корхонада ишлаш жараёнида амалий қисм ўргатилади.

    –Мазкур тизим соҳага қараб 2 йилдан 3,5 йилгача давом этади. Қатнашувчи ушбу жараёнда соҳалар бўйича 750 евродан 1200 еврогача стипендия билан таъминланади. Бу стипендия камлик қилса, ҳафтасига 20 соатгача қўшимча ишлаши мумкин. Фақат бу асосий амалиёт жойига халақит қилмаслиги лозим, – дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бош мутахассиси Бунёд Йўлдошев. – Ausbildung тизимининг қайси соҳаси сизга мос келади? Олдин мақсад қўйиб олиш керак. Мақсад Германияда ўқиб, яхши кадр бўлишми? Унда бу тизим орқали ўқишга боришдан олдин ҳамма маълумотларни ўрганиш муҳимдир. Яхши кадрга албатта яхши маош тўланади. Ausbildung тизимида 30 фоиз назария, 70 фоиз амалиёт, яъни бир ҳафтада 5 иш куни бўлса, бундан 1 кун назария ва қолган 4 кун амалиёт ўташингиз керак. Соҳа учун белгиланган жараён якунида назарий ва амалий имтиҳонлардан мувафаққиятли ўтишингиз талаб этилади. Ausbildung тизими учун немис тилидан камида B1-B2 даражада халқаро сертификатга (Gyote, ÖsD, ECL, Telc) эга бўлишингиз керак.

    Малака ошса ойлик ҳам ошади

    Хорижда ишлаш истагини билдирган юртдошларимизни муносиб шароит ва маош таклиф этадиган иш жойлари билан таъминлаш жараёни йилдан йилга такомиллашмоқда. Юртдошларимизнинг касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши учун зарур барча шарт-шароит юқори даражада ташкил этилган.

    – Германияда ишлаш истаги бўлган фуқаролар камида коллеж, техникум ёки олийгоҳни битирган бўлиши керак, – дейди Б.Йўлдошев. – Малака дипломларини Ўзбекистонда текширувдан ўтказиб, тасдиқлатиш учун Германияга юборамиз. Малака дипломи Ўзбекистонга виза ҳужжатлари сифатида қайтиб келади ва биз ишга бормоқчи бўлган юртдошларимизнинг ҳужжатлари Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига тақдим этилишига кўмак берамиз.

    Ҳар бир чет эллик ишчидан тил билиши ҳақидаги сертификат талаб этилади. Тил билишнинг босқичлари бор. А1 даражадан С1 даражагача. Юк машинаси ҳайдовчилари, техниклар, қурилиш, гастрономик йўналишларда В1 даража талаб этилса, ҳамширалар учун В2 даража керак бўлади.

    Тил ўрганиш қийинми? Шу даражадаги сертификатни олиш қанча вақт талаб этади, бунинг учун қандай имкониятлар яратилган, деган ҳақли савол туғилади.

    Ҳозирги пайтда тил ўрганиш учун алоҳида дастурлар мавжуд. А1-А2 даражага чиқиш учун 3-4 ой етади. В1 даража олиш учун 6 ой, лекин кимгадир 8 ой керак бўлади. Бунда ёш билан боғлиқ ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Чунки тил ўрганиш инсоннинг индивидуал қобилиятига боғлиқ. Доимий иш ўрнига эга бўлиш учун вақт сарфлаб, тил ўрганса арзийди.

    Немис тилини ўрганиш жараёнида агентликка мурожаат қилган юртдошларимиз рўйхатга олинади. Тил билиши ҳақидаги сертификатга эга бўлгач, иш берувчи билан ўтказиладиган танловларга жалб қилинади.

    Ҳозирги кунда Ўзбекистонга берилган вакансиялар сони кундан кун ортиб боряпти. Албатта, хорижлик иш берувчиларнинг ҳам ўз талаби бор. Таъкидланишича, бу талабларга мос равишда мурожаат қилган, умуман, агентликкача етиб келган юртдошларимиз, афсуски, озчиликни ташкил этади. Агентликкача етиб келмаганлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Дейлик, талаб кам бўлган йўналишларда таҳсил олган, катта тажрибага эга бўлганларга тегишли вакансия бўйича бўш иш ўринлари топишга ҳаракат қилинади.

    Германиядаги ҳамкор ташкилотлар билан бирга бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилган. Немис тилини яхши ўрганган мутахассис тўғридан тўғри иш берувчига йўналтирилади. Германияда дастлаб яна 2 ойдан 6 ойгача малака оширади. Ушбу вақт давомида у меҳнат шартномасида кўрсатилган ойлик маошини тўлиқ олади. Касб сертификатини қўлга киритгандан кейин асосий иш турига ўтиши билан ойлик маоши сезиларли даражада кўтарилади. Малакаси қанчалик ошса, ойлик маоши ҳам ортиб боради. 2020-2021 йилларда фаолият бошлаган юртдошларимиз ҳозир бўлим ёки жамоа бошлиғи сифатида ишлаётгани ҳам бор гап.

    Дийдорнинг нархи бўлмайди

    Бугунги кунда қанча-қанча ёшлар хорижда таълим олиш баробарида меҳнат фаолияти билан ҳам машғул. Ким қаерда қандай иш билан банд бўлмасин, Ватан соғинчи билан яшайди. Албатта, чет мамлакатда, бегона юртда турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топиш осон эмас. Аммо уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доимий давлатимиз эътиборида, улар кўмак ва ғамхўрликни ҳис қилиб туради.

    Алишер Аҳмедов, Simson Privat Akademi талабаси:

    — Инсоннинг келажагига муҳит, хусусан, ота-онанинг таъсири катта. Эсимни танибманки, ота-онам қўшни давлатларда ишлаб, йиллаб уларнинг дийдорини қўмсаб, болалигимиз ўтди. Коллежда қишлоқ хўжалиги автотранспортларига техник хизмат кўрсатиш механиги мутахассислиги бўйича таълим олдим. Чунки бу йўналишни болалигимдан яхши кўраман, коллежга киргунча уста қўшнимизга шогирд тушиб, автомобил тузатишни ўрганганман.

    Коллежни битиргач, ота-онамнинг ёнига кетдим. Мақсадим уларга ёрдам бериш эди. Қурилишда тўрт йил ишладим. Тушундимки, ота-онамга осон бўлмаган экан. У ерда 35-40 даража совуқда ишлардик. Ҳафтада фақат бир кунгина дам берилар, иш соати эса кўп эди. Ойликлар чўзилиб кетарди. Йўлларда ҳужжатимиз бўлишига қарамай, биз билмаган қонунлар рўкач қилиниб пул ундиришга ҳаракатлар бўларди.

    Ота-онам у ерда бироз ишласам, мени уйлантириб қўйишини айтишди. Мен эса ҳали уйланишга тайёр эмасдим. Оила боқиш учун бирор касб ёки бизнесим йўқ, оила қуришдан ҳайиққанман. Бир дўстим Германияда ўқиш имконимиз борлиги ҳақида айтиб қолди. Ташқи меҳнат миграцияси телеграм каналида шу ҳақда маълумот топдик. Немис тилини ўрганиб, Германияга кетишга қарор қилдик. Бу қора меҳнатдан кўра ёқимли эди. Уйдагилар қарши бўлди. Сўзимда қатъий туриб олганимдан сўнг дадам: “Майли, ўзингни синаб кўр!” деб рози бўлди...

    Бир йилдан ортиқ тайёргарликдан сўнг, ниҳоят иккинчи уринишда Германияга йўлланма олдик. Қувонарлиси, бизнинг тақдиримиз учун ҳам ўз давлатимиз, ҳам Германия қайғуради. Дўстим билан бу мамлакатга келгач, тўғри қарор қилганимизни англадик.

    Бизни бу ерга олиб келган фирма 24 соат ёрдамга шай. Мана, орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Имтиҳонларни яхши топширдик. 2024 йил апрель ойида битирув имтиҳонини топширамиз. Муваффақиятли ўтсак, ишчи виза олиб, амалиёт ўтаган фирмамиз билан шартномани яна 3 йилга узайтирамиз. Ўз ишимдан завқланаман. Бугун тушундимки, одам ўз севган, қизиққан иши билан шуғулланиши керак экан.

    Бу ерда бирор марта полиция йўлимизни тўсиб, ҳужжатинг борми, деб сўрамаган. Ёки сўроқ-савол қилмаган. Йилдан йил сафимиз кенгаймоқда. Маошимиз ҳозирча салкам 1000 евро. Ўқиб топаётганим бу. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари ҳолимиздан мунтазам хабар олади, қўллаб-қувватлайди. Хавфсизлигимизни ўз зиммасига олган. Бу ватандошлар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслигининг бир исботи. Дарвоқе, яқинда Германиядаги консулимиз келиб, биз билан суҳбатлашди, қийинчилик, муаммоларимиз билан қизиқди. Ютуқларимиз билан табриклади.

    Ота-онамни, дўстларимни, Ўзбекистон билан боғлиқ ҳар бир нарсани соғинаман. Айтишади-ку, дийдорнинг нархи йўқ деб.

    Ўзбекистонлик ҳамшира нуфузли халқаро клиникада

    Оиласи, уч фарзанди ва севган касби бор ўзбек аёлининг бошқа давлатга ёлғиз ўзи кетиши унча хушланмайди. Дилнура Бердиева Германияга ишга отланганида менталитетга хос бўлган ана шу қарама-қаршиликка дуч келди. Турмуш ўртоғи бу ҳақда эшитишни ҳам истамас, ота-онаси, қариндош-уруғи ҳам хайрихоҳ эмасди. Аммо Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Швейцариянинг “GLOBOGATE Concept AG.” ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳада Германия давлатида ишлаш тартиби, агентлик томонидан кўрсатиладиган кўмак, нуфузли халқаро клиникада фаолият юритиш имконияти хусусида батафсил маълумот берилгач, кўнгиллардаги барча хиралик ва иккиланиш барҳам топди.

    Дилнура Бердиева, ҳамшира:

    – Ангрен тиббиёт коллежини имтиёзли тамомлагач, Тошкент тиббиёт академиясининг Олий маълумотли ҳамшира факультетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Бакалаврни тугатгач, соғлиқни сақлашни бошқариш йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олдим. Бу орада турмушга чиқиб, фарзандли бўлдим.

    Ўқишни битиргач, аввал Ангрен шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида етакчи мутахассис, кейинроқ акушерлик комплексида бош ҳамшира сифатида ишладим. 9 йиллик фаолият давомида касбимга меҳрим, қизиқишим ортди, тажрибага эга бўлдим. Жараёнда тиббиёт коллежи талабаларига ҳам амалиётдан билим ва кўникмаларимни ўргатиб бордим. 2021 йил апрель ойида Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиш ҳаётимда катта бурилиш ясади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Швейцария Конфедерациясининг “GLOBOGATE Concept AG.” ташкилоти ўртасида тузилган шартномага кўра, Германияда ишлаш учун рўйхатдан ўтдим. Олти ойдан сўнг менга қўнғироқ бўлди ва лойиҳа Ўзбекистонда ўз ишини бошлаганини, мен суҳбатга келишим мумкинлигини айтишди. Суҳбатдан муваффақиятли ўтдим. Билсам, иккита йўналиш бўйича ҳамширалар танланаётган экан, Гёттинген шаҳрида психиатрия йўналиши бўйича машҳур ASKLEPIOS клиникасига ва Ахен шаҳрида соматика бўйича ихтисослаштирилган марказга ишга таклиф қилишаётган эди. Албатта, мен ҳар икки йўналишда ҳам ўзимни синаб кўрмоқчи бўлдим. Қарангки, икковидан ҳам муваффақиятли ўтдим. Улар менга биттасини танлашим кераклигини айтишди ва мен бугун Ахен шаҳридаман.

    Бу лойиҳа айнан мен учун тайёрлангандек эди. Чунки орзуим ривожланган давлатларда, айниқса, Германияда билимим, малакамни ошириш эди. Шу билан бирга, касбдошларимнинг бошқа давлатларда қандай фаолият юритаётганига жуда қизиқардим. Қарабсизки, тақдир тақозоси билан орзуимнинг ўзи эшик тақиллатиб турибди. Бу мени жуда ҳам қувонтирди ва хабарни оиламга айтганимда, табиийки, аввалига рози бўлишмади.

    Сўнг, бу лойиҳа Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан амалга оширилаётгани, давлат эътиборида бўлишимиз, оилани бирлаштириш, яъни оила аъзолари билан бирга кетиш каби имкониятлар берилиши, бу лойиҳа орқали чет эл тажрибасини ватанимизга татбиқ қилишимиз мумкинлигини эшитгач, рухсат тегди.

    Шу билан 2022 йил январь ойидан бошлаб немис тили курсида таҳсил ола бошладим. 10 ойлик дастур давомида барча харажатларимиз Ўзбекистон ва Германия томонидан тўлиқ қоплаб берилди. Немис тилини пухта ўрганишимиз учун зарур бўладиган барча ўқув материаллари тарқатилди, замонавий техникалар билан таъминландик. Биз катта хоҳиш билан немис тилини ўрганишни бошладик. Бир йил давомида ўқиб, В2 сертификатини қўлга киритганим ажойиб натижа эди.

    2023 йил сентябрь ойида бу ерга келдик. Октябрь ойида интеграция дастурида ўқишни бошладик. Ўқиш давомида бизга Германия тиббиёти ва биз ишлаётган клиника ҳақида чуқурроқ, батафсил маълумотлар берилди, ҳар биримизни ўз соҳамиз, йўналишимиз бўйича бўлимларга ажратишди. Мен операцион гинекология бўлимига тушдим. Икки ой мобайнида гинекология бўлимида малака оширдим. Бошқа давлатлардан келган ҳамкасбларим билан танишдим. Бу ердаги сифатли, илғор тажрибага эга бўлган тиббиёт ходимларидан иш ўргандим. Ўрганишда ҳали ҳам давом этмоқдаман. Ҳозирги кунда биз касбий тасдиқланиш, яъни Германия давлатида ҳамшира сифатида тан олиниш жараёнидамиз. Бу икки ой давом этади. Мен 240 соат амалиётда ишлаб беришим керак. Бу жараён тугагач, яна бир марта суҳбатдан ўтаман ва қайта шартнома тузилади, шундан кейин биз Германия ёки Европанинг бошқа давлатларида тан олинадиган ҳамшира сифатида ўз фаолиятимизни давом эттирамиз.

    Касбий тасдиқланиш — яъни тан олиниш босқичи ўтгач, биз оиламиз билан бир жойда яшашимиз мумкин бўлади. Уларга Германияга келишлари учун таклифнома юборамиз. Шу орқали оилани бирлаштириш жараёни бошланади.

    Бу жараёнда лойиҳа вакиллари ўз ёрдамини аямаслигини билдирди. Қабул қилинган янги қонунлар билан амалдаги тартиб янада соддалаштирилди. Оила аъзоларим ҳам бу ерга келганидан кейин ҳаммамиз бирга яшаймиз. Фарзандларим Германия мактабларида ўқиб, ўз устида ишлаб, Ўзбекистонимизга керакли мутахассис бўлиб етишига ишонаман.

    Германияда тиббиёт ходимлари учун жуда кенг имкониятлар яратилган. Ҳар бир тиббиёт ходими беморга юқори сифатли ёрдам кўрсатиши учун ҳамма шароит бор. Немис халқи жуда тартибли. Ҳамма ишни ўз вақтида режалаштиради ва унга амал қилади. Ўзига юклатилган вазифани астойдил бажаради. Шу томонлама менга жуда ёқди. Кўп нарса ўргандим. Булар ўз устимда янада кўпроқ ишлашимга ёрдам берди.

    Маош ҳақида тўхталадиган бўлсак, келган кунимизданоқ ўқиш ва амалиёт жараёнида ҳам ойлик тўлаб борилди. Биз бу ерда умуман қийналганимиз йўқ. Деярли ҳар 2-3 ойда Ўзбекистонга келиб, оиламиз билан кўришиш имконимиз бор. Гарчи, интернет орқали ҳар куни кўришиб, гаплашиб турсак-да, Ватан, оила соғинчи кўнгилни ўртайди. Барибир, юзма-юз дийдорга нима етсин.

    “Ҳар куни эрталаб ватанимни, оила аъзоларимни соғинганимни ҳис қилиб уйғонаман”

    Юсуфжон Ўктамов 2000 йилда Фарғона вилояти, Фарғона туманида деҳқон оиласида туғилган. Ёшлигидан уй ишларида ота-онасига қанот бўлган қаҳрамонимизнинг кўп вақти дала ишлари билан ўтарди. Аммо бу унинг ўқишга бўлган қизиқишини заррача сўндиргани йўқ. Тумандаги 47-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга битирди. Фарғона юридик техникумида ўқиш давомида чет тилларни пухта ўрганишга ҳаракат қилди.

    Фарғона давлат университетининг Психология факультетида сиртқи бўлимда ўқиш баробарида “Баҳодир Лоғон текстил” қўшма корхонасида бош механик ёрдамчиси сифатида ишлай бошлади. Албатта, ҳам ўқиб, ҳам ишлаш, тил ўрганиш осон эмасди. Кечки пайт ишлаб, кундузи ўқишга борар ёки кундузи ишлаб кечки соатларда тил ўрганиш курсига шошган Юсуфжонинг шижоати бир зум бўлса-да, сўнмади. Мақсад сари дадил одимлар, қийинчиликлар уни тобора тоблаб борарди. Бир йиллик машғулотлардан сўнг В1 тил билиш сертификатини қўлга киритган Юсуфжон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилди. Айни пайтда агентлик кўмагида Германияда механик вазифасида меҳнат қилмоқда.

    Юсуфжон Ўктамов, MAN Truck & Bus компанияси механиги:

    —Германияда қўлдан келганча муҳитга мослашиб, зарур билим ва кўникмага эга бўлиб боряпман. Бу мамлакат тажрибасининг илғор жиҳатлари кўп. Сабаби бу ерда ҳам ўқиш, ҳам амалиёт бир вақтда давом этади. Мен катта юк машиналари, яъни фуралар, автобусларга сервис хизмати кўрсатиш йўналишида ишлайман.

    Бир ҳафта иш билан машғул бўлсак, бир ҳафта тўлиқ ўқишда бўламиз. Ўқиш билан амалиёт бир вақтда олиб борилгани учун амалиётда ўрганганларимизни ўқиш жараёнида янада теранроқ тушунамиз. Ёки ўқишда ўрганганларимизни амалиётда қўллашимиз мумкин.

    Ҳар куни эрталаб ватанимни, оила аъзоларимни соғинганимни ҳис қилиб уйғонаман. Дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирида яшаб, ўқиб юрганим билан қишлоғимнинг чанг кўчаларини ҳеч қаерга алмашмайман. Бу ерда ҳамма нарса етарли, ҳамма шароит бор, аммо барибир оила тафти, Ватан соғинчи, дўстлар давраси камлик қилади.

    Ишимни яхши кўраман. Кун давомида янги билим ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. Ўрганганларимни амалиётга мустақил қўллаганимдан кейин ўзимда йўқ хурсанд бўламан. Бу ердаги механик катта устозлар “Жуда тез ўрганяпсан, икки-уч йилда ўрганиш мумкин бўлган нарсани сен 5-6 ойда ўзлаштирдинг”, деганларида жуда хурсанд бўлганман. Германияга келмоқчи бўлган ёшлар, акалар-укаларга айтмоқчи бўлганим — тилни яхшилаб ўрганиш жуда ҳам зарур. Бу ерга тил билмасдан келиш нотўғри. Ўзлари қийналади. Ўзлари қизиққан соҳада оз бўлса ҳам тажрибага эга бўлишлари шарт. Энг муҳими иштиёқ, қизиқиш бўлса, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиши шубҳасиз.

    Сўнгсўз ўрнида

    Вақтинчалик хорижда ишлаётган юртдошларимиз ҳам Ўзбекистон фуқароси. Улар тақдир ҳукмига ташлаб қўйилмаган. Ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояда, яшаш, ишлаш шароити ҳамиша назоратда.

    Улар қаерда бўлмасин, Ватаннинг бир бўлаги. Ватаннинг қадри, шаъни улар билан бирга. Борган жойининг тошу тарозуси, яхши ва ёмонига кўникиш, хавфсиз, тартибли фаолият юритиши, даромад топиши учун кенг имкониятлар ишга солинмоқда. Малака ошириши, яхши мутахассис бўлиб етишиши учун шароит яратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар инсон қадрини амалда улуғлашдек эзгу ишлардан бир нишона.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates