Илм нури келажакни ёритади

    Фикр 22 июл 2024 269

    Келажагини ўйлаган ҳар қандай давлат энг аввало ёшларга эътибор қаратади ва илм-фанни ривожлантиради.

    Тараққий этган ва уларнинг ортидан эргашаётган мамлакатлар тизимига эътибор берилса ҳам айнан шуни кўриш мумкин. Бу анъана бизнинг юртимизга ҳам бегона эмас. Кейинги йилларда соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу мақсад сари йўналтирилмоқда.

    Фахр билан айтиш мумкинки, юртимиз дунё тамаддунига юксак ҳисса қўшган алломалар, олиму-уламоларни етиштириб берган. Улар яратган бой илмий мерос инсоният тараққиётини юксалиши, оламшумул янгиликларнинг кашф этилиши учун ҳозирга қадар хизмат қилиб келмоқда.

    Бугун бобокалонларимиз изидан бориб, дунё илм-фанига муносиб улуш қўшиб келаётган замондошларимизнинг кўплиги минтақада учинчи ренесанс сифатида кутилаётган тарихий жараённинг муқаррарлигидан далолат бермоқда. Ана шундай салоҳият эгаларидан бири техника ва педагогика фанлари доктори, профессор Усмонов Ботир Шукуриллаевич бўлади.

    Болалик чоғлариданоқ билим олишга интилиши билан ажралиб турган Ботиржонни аввало отаси Шукурилло ака қолаверса, устозлари қўллаб-қувватлади. Уни қизиқишларини рағбатлантириб, янги-янги марраларни забт этишда далда бўлишди. Онаси Башоратхон опанинг ўгитлари, насиҳатлари, китоб ўқишга ундаши эса болакай қалбида олим бўлишдек эзгу мақсаднинг томир отишига замин ҳозирлади.

    Ўша даврлардаёқ ўз она тилидан ташқари дунё тилларини ўрганиш истаклар амалга ошишида муҳим эканлигини англаб етган қаҳрамонимиз мактаб давридаёқ рус тилини ўзлаштириш билан бирга инглиз ва немис тилларидан қўшимча сабоқлар олди. Албатта бу меҳнатлар кейинчалик ўз мевасини бермасдан қолмади.

    Етуклик аттестатини олган Ботиржон 17 ёшида Қозон давлат техника университети талабасига айланди. Олий маълумотга эга бўлганидан сўнг ҳам билим олишни тўхтатиб қўймасдан 1999 йилда Ҳиндистоннинг Андра университетини, 2001 йилда Германиянинг Гамбург-Харбург техника университетини магистратура босқичини муваффақиятли тамомлади.

    – Мен илм уммонига қанчалик сингиб борганим сари унинг машаққатларини шунчалик теранроқ ҳис этиб бордим, - дея хотирлайди олим. - Лекин ҳар сафар отам ва устозларимнинг мен учун қилган меҳнатларини ўйлаганимда, онамнинг умид ва ишонч билан боқишларини кўз олдимга келтирганимда қийинчиликларни енгиб ўтишга ўзимда куч, ирода, қувват топардим.

    Шунинг учун у ортга чекиниш ҳақида ўйламади. Фақат олдинга интилиб, таниқли олимларнинг этагидан тутди. Унга ўз соҳасини ўргатмоқчи бўлганларнинг йўл-йўриқларига амал қилди.

    Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Тошкент давлат техника университетида стажёр-тадқиқотчиси, ассистенти лавозимида бошлаган Ботиржон кейинчалик Тошкент давлат авиация институти катта ўқитувчиси, илмий бўлим бошлиғи, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, доценти, декани, Daimler Chrysler компаниясининг Марказий Осиё ваколатхонаси бош мутахассиси, Корея Konkuk университетининг “Техникада ахборот технологиялари” кафедраси профессори, В.М.Ломоносов номли Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали илмий котиби, декан ўринбосари, ўқув ва илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, “Амалий математика ва информатика” кафедраси доценти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича хизматининг Таълимни ривожлантириш ва кадрларни тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш гуруҳи олий таълим масалалари бўйича етакчи консультанти, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан бўйича ўринбосари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари вазифаларида сидқидилдан хизмат қилди.

    У қайси ташкилотда, вазифада ишламасин соҳани мукаммал ўрганишга, янгиликларни жорий этишга ва олдинги сафларда бўлишга интилди. Жамоа билан бир тан, бир жон бўлиб, олдинга қўйилган мақсад ва режаларни уддалашда фаоллик кўрсатди.

    Б.Усмонов учта олий ўқув юртида ўқиб, муҳандис-механик, ахборот-коммуникация технологиялари ва мехатроника мутахассисликларини қўлга киритди. У 1999 йилда техника фанлари номзоди илмий даражасини олган бўлса, 2004 йилда учиш аппаратлари аэродинамикаси кафедраси бўйича доцент илмий унвонига эга бўлди. 2005 йили Mercedes-Benz компаниясининг “Мондиалого” муҳандислик танловида иштирок этиб, Италиянинг Генуя университетида стажировка ўтади. 2010 йили эса Швейцариянинг Цюрих федерал технологиялари университетида илмий грант ишларини бажариш учун қиймати 100 минг швейцария франки миқдоридаги илмий грант совриндори бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу грант муҳандислик ишини автоматлаштириш йўналиши бўлмиш “САПР”, яъни компьютер ёрдамида лойиҳалаш, конструкторлик ишларини олиб бориш тармоғи бўлиб, лойиҳа доирасида Тошкент трактор ва агрегат заводлари муҳандислари ҳамда Турин политехника университети талабаларини тайёрлашда ўқув услубий қўлланма яратилди.

    Олимнинг илмий ишларини ўрганар экансиз улар бир бирига мазунан яқинлиги ва бири иккинчисини тўлдириб бориш тенденциясига хослигини англайсиз. Авиация, кимё-технология ва педагогика йўналишларида қилган кўплаб изланишлари бугун фан-техника, ишлаб чиқариш, саноат ва ёшлар таълим тарбиясига кенг жорий этилмоқда.

    Докторлик (DSc) диссертациясини 2020 йилда Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳузуридаги ихтисослашган кенгашида “Олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кластерли ёндашувлар асосида инновацион ривожлантириш” мавзусида таълимда менежмент ихтисослиги бўйича ҳимоя қилди ва 2021 йилда педагогика фанлари доктори унвонига эга бўлди. 2005 йилда марҳум профессор Ф.Бадалов раҳбарлигида бошланган илмий ишни якунига етказди ва ўтган йили деформацияланувчи қаттиқ жисмлар механикаси ихтисослиги бўйича “Газ оқимида учувчи аппарат ирсий-деформацияланувчан конструктив элементлари тебранишининг илмий асослари” мавзусида докторлик (DSc) диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

    2020 йилдан Тошкент кимё-технология институти ректори лавозимида иш бошлаган Ботир Усмонов Республикамизда кимёвий технология, нефть ва газни қайта ишлаш, озиқ-овқат, биотехнология, касб-таълими таълим йўналишларининг Давлат таълим стандартларини, мутахассислик малака талабларини тайёрлаш, намунавий ва ишчи ўқув режаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, намунавий ва ишчи фан дастурларини яратиш жараёнларида ўз салоҳиятини ишга солмоқда.

    Қаҳрамонимиз раҳбарлигидаги институт ўқув фаолиятини белгиланган талаб асосида ташкил этиш, спортни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, реконструкция-таъмирлаш ишларида доимо пешқадам. Шунинг учун институт тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ижобий эътироф этиб келинади.

    – Эришган ютуқларимизда олий ўқув юртимизнинг ҳар бир ишчи-ходими, профессор-ўқитувчилари, талабаларининг ҳиссаси бор, - дейди Ботир Усмонов. - Мен мана шундай жамоа билан елкама-елка ишлаётганимдан, бир мақсад йўлида хизмат қилаётганимдан фахрланаман.

    Бугунги кунда олий таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида ривожлантириш долзарб масалага айланган. Айнан шу мақсадда институтда кимё ва кимёвий технология соҳасида халқаро стандартларга мос келадиган янги таълим турларини такомиллаштириш, халқаро қўшма таълим дастурларни жорий этиш йўлга қўйилган.

    Айни кунда 2019 йилдан Белоруссия ва Россия Федерациясидаги ОТМлар билан бошланган халқаро қўшма таълим лойиҳаси асосида 225 нафар талаба ва магистрант таҳсил олиб келмоқда. Қозон миллий тадқиқотлар университетида институтнинг 35 нафар талабаси грант асосида ўқиб, магистр бўлди. Тошкент шаҳрида Д.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг филиали очилиши ва ривожланишида ҳам Б.Усмоновнинг ҳиссаси катта, дейишга ҳақлимиз.

    Шу кунгача унинг ташаббуси билан хорижий профессор ва олимлар иштирокида 100 дан ортиқ халқаро анжуман, семинар-тренинг, онлайн тадбирлар ташкил этилди, ҳамкорликка доир муҳим ҳужжатлар имзоланди. Хорижий олий таълим муассасаларидан бевосита ва онлайн тарзда 2021 йилда 24 нафар, 2022 йилда 27 нафар етакчи профессор-ўқитувчи ва олимлар ТКТИ да ўқув жараёнига жалб этилди.

    Олимнинг илмий, жамоат ишларига назар ташлайдиган бўлсак, унинг серқирра эканлигига гувоҳ бўламиз. У 2022 йилда ТКТИ ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий Кенгаш раиси сифатида иш олиб борган. Давлат маблағи ва хорижий ташкилотлар томонидан таъминланган ўқув ва илмий-тадқиқот лойиҳаларида узлуксиз фаолият юритиб келмоқда.

    Унинг раҳбарлигида АҚШнинг American Counsil for International Education “Central Asia University Partnerships Program” халқаро дастури доирасида АҚШнинг Виконсин-Мэдисон университети билан ҳамкорликда "Makerspace тажриба-тадқиқот лабораториясини ривожлантириш" халқаро лойиҳаси амалга оширилди. Айнан шу университет томонидан беғараз ёрдам сифатида электротехника, 3Д-моделлаштириш ва мехатроника ўқув курслари ва лаборатория машғулотларини йўлга қўйиш мақсадида 1000 АҚШ доллари миқдорида электроника жихозлари институтга келтирилди. 10000 АҚШ доллари миқдорида 3Д-принтерлар харид қилинди, Академик инновациялар фондининг олий таълимни ривожлантириш дастури асосида 158000 АҚШ доллари миқдорида лаборатория жихозлари, 11000 АҚШ доллари миқорида электрон дарсликлар келтирилди ва замонавий физик-кимёвий таҳлил лабораторияси ишга туширилди.

    Япониянинг Mitsubishi корпорацияси ва Кореянинг POSCO корпорацияси билан тузилган халқаро шартномалар асосида институт моддий техника базаси мустаҳкамланди ва кам таъминланган иқтидорли 40 нафардан кўп талабаларга моддий ёрдам кўрсатилди. Mitsubishi корпорацияси билан тузилган меморандумга асосан таълим сифатини ошириш ҳамда талаба ва магистрлар учун тренингларни ташкиллаштириш мақсадида "Лаборатория ўқув-тренинг дастури" халқаро лойиҳаси доирасида "Ёқилғи ва органик бирикмалар кимёвий технологияси" ҳамда "Виночилик технологияси ва саноат узумчилиги" факультетларига замонавий кимёвий лаборатория жиҳозлари харид қилиниб, хорижий ҳамкорлар томонидан 20 нафар иқтидорли талабаларга стипендия жорий этилди.

    Ботир Усмонов 2018-2021 йилларда Жаҳон Банки томонидан молиялаштирилган “Олий таълимни модернизациялаш” лойиҳасида миллий эксперт, “ВОУ-ишлаб чиқаришда интеграцияни кучайтириш (керамика саноати мисолида)” академик инновация Фонди грантида лойиҳа координатори вазифасида фаолият юритди. 2021-2022 йилларда “Маҳаллий хомашёлар асосида функционал қўшимчалар билан бойитилган парҳезли маргарин олиш технологиясини ишлаб чиқиш” мавзуси бўйича илмий-тадқиқот гуруҳи таркибида амалий лойиҳани бажариш бўйича давлат маблағи билан таъминланмаган илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда иштирок этди. Натижалар озиқ-овқат саноати маҳсулотлари корхоналарида синовдан ўтказилиб, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш учун технологик регламенти, техник шарт-шароитлари тайёрланди ва мазкур ишланма бир қатор корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқаришда қўлланилди.

    Бундан ташқари, унинг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги “Startaplar” бўйича илмий-техник кенгаши аъзоси, ТКТИ Кенгаши Раиси, докторантурага (DSc) талабгорларни суҳбат асосида ва стажёр-тадқиқотчиликка талабгорларни қабул қилиш комиссияси раиси, “Кимё ва кимёвий технология” илмий-техник журнали редколлегия аъзоси ва институтда ўтказилган ва ўтказилиб келинаётган Халқаро, республика ва вазирлик миқёсидаги илмий-техникавий анжуманларда ташкилий қўмита раиси ва аъзоси, маънавий-маърифий тадбирлар ташкилотчиси ва раҳбари сифатидаги фаолияти ҳам эътиборга молик.

    Бугунги кунда институт ҳузурида 1 та академик лицей, 1 та техникум фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, олий ўқув юртига 4 та касб-ҳунар мактаби ҳамда бир нечта умумтаълим мактаблари бириктирилган бўлиб, улар билан мунтазам алоқалар йўлга қўйилган. Таълим муассасаларида ёшларни илмга қизиқтириш, рағбатлантириш, келгусида жамият учун наф келтирадиган баркамол инсон сифатида шаклланишида амалий кўмак бериб келинмоқда.

    Жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимиз раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда соҳада кечиктириб бўлмайдиган кўплаб вазифалар белгилаб берилди.

    Ботир Усмоновни бу йўналишдаги билимларни ўзлаштирган назариётчи ва жараёнларда тобланган амалиётчи дейиш мумкин. У Германияда айнан “дуал таълим” тизимида магистратура йўналишида таълим олган. Биринчи курсда барча назарий фанлардан дастурни бажарган бўлса, иккинчи курсда йирик саноат ишлаб чиқариш компанияси “Airbus”да аввал ишчи, кейин муҳандис сифатида фаолият олиб борди ва диссертациясини компаниянинг муаммоли мавзусида ҳимоя қилди.

    Шу билан бирга, А320 ва 380 русумдаги ҳаво кемаларини лойиҳалаш, ишлаб чиқишда иштирок этган, Ҳиндистоннинг Коинотни тадқиқ қилиш марказида амалиёт ўтаб, Космик алоқалар муҳандислиги бўйича малака оширган мутахассис сифатида ҳам унинг тажрибалари қадрлидир.

    Қолаверса, талабалик даврида бугун мамлакатимизда тадбиқ қилинаётган “Кредит-модуль” таълим тизимида сабоқ олиб, шаклланди. 2007 йили Кореядаги профессорлик фаолияти давомида баҳолаш мезонларини ўқитувчи сифатида синчиклаб ўрганди ва услубий кўникмаларини оширди. Кейинчалик, яъни 2022 йилда тизимдаги ютуқларни мустаҳкамлаб, камчиликларини бартараф этган ҳолда биринчи бўлиб ўзбек тилидаги қўлланмани чоп этди.

    – Билим олишга бўлган интилиш ёшларимиз орасида кундан кунга ортиб бормоқда, - фахр билан ўз фикрларини билдиради қаҳрамонимиз. - Чунки илм нури келажакни ёритадиган машъала эканлигини, ўз тақдири, мамлакат тараққиёти, башарият истиқболини белгиловчи воситалигини улар ҳис этишмоқда. Биз устозлар уларни эзгу мақсадларининг амалга ошиши йўлидаги мустаҳкам кўприк вазифасини бажаришимиз керак. Шундагини кўзланган натижаларга биргаликда етишамиз.

    Бугун профессор Ботир Усмонов олган билимларини ўз касбий фаолиятида ҳамда жамоа ишларини давр талабларига мослаштиришда амалга оширган ишларининг айрим қирраларигагина тўхталдик. Бу йўлдаги эришилган кейинги натижалар ҳақида бошқа мақолаларимизда сўз юритамиз.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates