Ҳимоя ордерининг амал қилиши қайси ҳолатларда тўхтатилади?

    Бугунги кунда дунё ҳамжамияти хотин-қизларнинг инсоният тараққиётида ўрнини тўғри англаган ҳолда халқаро механизмларни яратишга бўлган ҳаракат анча олдин бошланган эди.

    Ҳозирда гигант халқаро ташкилот сифатида эътироф этилаётган БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциянинг қабул қилингани фикримизнинг яққол далилидир. Мазкур конвенция хотин қизлар ва эркакларнинг амалдаги тенглигига эришиш, яъни гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар томонидан ўз ҳуқуқларидан амалда фойдаланиш масалаларига боғлиқ бўлган муаммоларни аниқ-равшан белгилаган асосий ҳужжатдир.

    Мазкур норманинг мазмун-моҳияти эса амалдаги Конституциямизнинг 46-моддасида қайсидир маънода ўз аксини топган.

    Мамлакатимизда глобаллашув шароитида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар орасида хотин-қизларнинг эркаклар билан бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини кучайтириш, сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш каби ўзгаришлар эътиборга лойиқ.

    Амалга оширилаётган ислоҳотларнининг барқарорлигини таъминлаш ва уларни амалда қўллаш учун, авваламбор унинг ҳуқуқий асосларини яратиш давлатнинг ички функциясини амалга оширишдаги ўзига хос хусусиятлардан ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 69-мақсад сифатида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” келтириб ўтилган.

    Бугун ижтимоий тармоқлар орқали хотин-қизларга нисбатан амалга оширилаётган тазйиқларнинг тарқалиши нафақат мамлакатимиз, балки бутун миллатнинг олдидаги энг оғриқли ҳолатлардан бири сифатида қаралмоқда.

    Мазкур кўнгилсизликларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил 2-сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-561-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан хотин-қизларни ҳимоя қилувчи воситалардан бири бўлмиш “Ҳимоя ордери” тушунчаси ва унинг мазмун-моҳияти ёритиб берилди.

    Қонунда белгиланишича, ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.

    Бугунги кунда ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида берилади.

    Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун acoc ҳисобланади:

    • тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;
    • жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
    • тазйиқ ёки зўравонлик содир этиши ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
    • давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.

    Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида хабар берган шaxcлap ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сир сақланади.

    Ҳимоя ордери билан қуйидаги чекловлар ўрнатилади:

    • тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
    • тарафлар ўртасида алоқани тақиқлаш (иш ва таълим муассасаларида билвосита алоқага йўл қўйилади);
    • тарафларнинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;
    • зўравон шахс зиммасига мажбуриятлар юклаш (жабрланувчини даволаш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш);
    • зўравон шахснинг қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини чеклаш ёки тақиқлаш (хизмат қуролидан ташқари).

    Ҳимоя ордерининг амал қилиши қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

    • жабрланган хотин-қизлар ҳимоя ордерини тўхтатишни сўраб мурожаат қилса;
    • ҳимоя ордерида белгиланган муддат (узайтирилган муддат) тугаса;
    • зўравон шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилса;
    • содир этган жинояти учун жабрланган хотин-қизлар ёки зўравон шахсларнинг бирига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланса;
    • жабрланган хотин-қизлар ёки зўравон шахсларнинг бири содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилса;
    • жабрланган хотин-қизлар ёки зўравон шахсларнинг бири қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойидан оғир касаллиги туфайли ёки узоқ муддатга бошқа давлатга чиқиб кетган бўлса;
    • жабрланган хотин-қизлар ёки зўравон шахсларнинг бири вафот этса.

    Мамлакатимизда ҳимоя ордерини бериш амалиёти “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан шу йилнинг февраль ойидан берила бошланган.

    Ички ишлар вазирлигининг тақдим қилган статистикаси бўйича 2021 йилда жами 39423 нафар, 2022 йилнинг биринчи чорагида эса 11700 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган.

    Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ривожида, жамият ҳаётида, оилалар мустаҳкамлигида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Юртимиз аҳолисининг 50 фоизини ташкил этадиган хотин-қизлар жамиятнинг барча соҳаларида самарали фаолият юритмоқда. Гендер тенгликни жорий қилиш нуқтаи назаридан барча соҳалар қаторида таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак.

    Сирожиддин Эшқобилов,

    Тошкент давлат юридик университетининг

    Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates