Ҳоким ўринбосарлари дипломатик академияда малака оширади

    Таълим 13 январ 2023 812

    Вазирлар Маҳкамасининг 10.01.2023 йилдаги «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академияда дипломатик лавозимларга тайинланадиган номзодларни ўқитиш, шунингдек, айрим лавозимдаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 8-сон қарори қабул қилинди.

    Ҳужжатга мувофиқ, дипломатик лавозимларга тайинланаётган номзодлар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академияда ўқишлари лозим.

    Муддати 5 кундан 1 йилгача (25 дан 1152 соатгача) бўлган ўқув курслари анъанавий ва масофавий шаклларда ташкил этилади.

    Сўнгги 3 йилда хорижий давлатлардаги тайёрлов ва малака ошириш курсларида ўқиш муқобил тайёрлашдан ўтиш ҳисобланади. Муқобил тайёрлашдан ўтган тингловчиларнинг хорижий давлатларда олган таълим тўғрисидаги ҳужжати (сертификати) асосида уларга нисбатан сертификат амал қилиш муддати давомида Академия ўқув курсларида ўқиш талаб этилмайди.

    Ўқув курслари якуни бўйича тингловчилар ёзма шаклда имтиҳон топширишади. 55 ва ундан юқори балл тўплаган тингловчиларга ўқув курсларини тугатганлик тўғрисида сертификат берилади.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда ташқи сиёсий, ташқи иқтисодий ва халқаро-ҳуқуқий фаолият соҳасидаги мутахассислари ҳар уч йилда бир марта Академияда ўқишлари шарт, деб хабар беради «Norma».

    Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.01.2023 йилдан кучга кирди.