Ҳокимлар энди кенгашга ҳисоб беради. Ҳозир ҳам шундай-ку, дейсизми?

    Бекобод тумани кенгаши сессиясида фақатгина йиғилишга раислик қилган депутат сўзлаганини, қолганлар эса розимиз, дея қўл кўтаргани гувоҳи бўлганман. Ёки Нурафшон шаҳри кенгаши сессияси бошлангунига қадар бирорта ҳам депутат кун тартибидаги масалалар билан танишмаганидан хабардор эдим.

    Кейинги йилларда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, назорат функцияларини кенгайтириш ва бошқа масалалардаги фаоллиги ошди, иш усули такомиллашди. Бугунги кенгашлар фаолиятини, депутатларнинг ташаббускорлигини бундан 10-15 йил аввалги ҳолат билан таққослаб бўлмайди.

    Мен меҳнат фаолиятим давомида касбим тақозоси билан маҳаллий кенгашлар иш услубини, ўша йилларда сайланган депутатлар фаолиятини кўп марта таҳлил қилганман. Журналист, газета мухбири сифатида кенгаш сессияларида иштирок этганман. Эсласам, бугун бир оз эриш туюлгандек бўлади. Масалан, Бекобод тумани кенгаши сессиясида фақатгина йиғилишга раислик қилган депутат сўзлаганини, қолганлар эса розимиз, дея қўл кўтаргани гувоҳи бўлганман. Ёки Нурафшон шаҳри кенгаши сессияси бошлангунига қадар бирорта ҳам депутат кун тартибидаги масалалар билан танишмаганидан хабардор эдим. Пискент туманида ўтказилган сессияда ҳоким ўринбосари депутатга тазйиқ ўтказганини ҳам ўз кўзим билан кўрганман. Бундай мисолларни яна келтиришим мумкин.

    Бугун кенгашлар ваколатлари кенгайиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида қамровли ишлар қилинаётир. Лекин шу ўринда савол туғилади: маҳаллий кенгашлар давлатимиз томонидан қўйилаётган янги талаб ва вазифаларга тўлақонли жавоб беряптими? “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга ҳамоҳанг фаолият юритяптими? Бу саволларга жавоб беришда бир оз ўнғайсизлик пайдо бўлади.

    Президентимизнинг шу йил 2 февралда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан танишиб, уни ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат, маҳаллий кенгашлар дастуриламали, деб баҳолаш мумкин. Мазкур фармон, янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро органлари ваколатлари бўлинишига оид муҳим тамойилнинг маҳаллий даражасидаги ижросини таъминлайди. Шу маънода, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” маъқулланганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.

    Ҳозир ҳоким бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси ҳам ҳисобланади. Табиийки, кенгаш қабул қилган қарорларнинг савияси, мазмун ва моҳияти кўп жиҳатдан раисга боғлиқ. Кенгаш раиси эса айни вақтда ҳоким эканини унутмайди ва қарор қабул қилишда ўзи билиб-билмай ижро ҳокимияти манфаатларига ён босиши мумкин.

    Иккинчидан, кенгаш сессиясида раис ўзи ҳоким сифатида ҳисобот бермоқда. Албатта, бундай жараёнда рўй-ростлик, очиқ танқид, камчиликларга муросасизлик бир оз орқага чекингандек бўлади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу йил ўтказиладиган сайлов якунлари бўйича дастлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашларида, 2026 йилдан эътиборан туман (шаҳар) кенгашларида кенгаш раислари ва ҳокимлар алоҳида-алоҳида фаолият юритиши белгилангани айни муддаодир.

    Фармон билан маҳаллий кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланиши, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан маҳаллий кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўймаслик белгилаб қўйилди. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиёти жорий этилмоқда.

    Буларнинг барчаси мамлакатимизда юритилаётган оқилона сиёсатнинг ёрқин кўринишидир. Фармон бу каби ва бошқа кўплаб масалаларни халқчил нуқтаи назардан ҳал этишга асос яратаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

    Ўз навбатида, фармон билан маҳаллий кенгашлар ҳамда ижро ҳокимияти олдига янги вазифалар қўйилмоқда. Уларни ўрганиш, амалиётга жорий этиш, табиийки, маҳаллий кенгашлар зиммасига катта масъулият юклайди. Маҳаллий кенгашларнинг халқ овозига айланиши, ҳудудий бошқарувни аҳоли манфаатларига хизмат қилиш тамойили асосида йўлга қўйиш депутатларни ўта фаол бўлишга, дахлдорлик туйғусини оширишга, камчиликларга муросасиз бўлишга, назоратни кучайтиришга ундайди.

    Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

    Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати,

    Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

    (“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 9 февраль, № 29)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates