Мазкур Қонун билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб, вазирлик ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари соҳада давлат назоратини амалга оширувчи орган эканлиги ҳамда уларнинг ваколатлари белгиланади.
Истеъмолчиларга асоссиз ҳисобланган тўловларнинг ярми миқдорида ичимлик суви таъминоти ташкилотидан компенсация (пеня) талаб қилиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига оқова сувни чиқариш қувурларига ифлослантирувчи моддаларни меъёридан ортиқча миқдорда оқизган шахсларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш ҳуқуқи берилади.
Қонунда ичимлик суви таъминоти ташкилотининг тармоқлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга ичимлик суви бериш, қувурлардаги ва конструкциялардаги авариялар чоғида ҳамда ичимлик суви таъминоти тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилаётганда, шунингдек фавқулодда вазиятларда ичимлик сувини транспортда етказиб берилиши назарда тутилган.
Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида соҳани барқарор ривожлантириш ва хизматлар сифатини оширишга мўлжалланган таъсирчан ҳуқуқий база яратилишига, носозликлар оқибатида ичимлик суви исроф қилинишининг олди олинишига, истеъмолчилар томонидан ичимлик ва оқова сув қувурларига ноқонуний уланиш ҳолатларининг олдини олишга, истеъмолчилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида очиқ ва тенг ҳуқуқли механизмлар жорий этилишига эришилади.
Ушбу Қонун ҳам сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.