II Халқаро мақом санъати анжумани ғолиблари аниқланди

    Зоминда ўтказилган иккинчи Халқаро мақом санъати анжумани якунланди. Халқаро анжуманнинг сўнги кунида ёпилиш маросими ва турли номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

    Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра,

    3-ўринни (ансамбль жамоаси) Хитойнинг «Шинжон» бадиий театри «Мақом» бадиий гуруҳи ва (яккахон ижрочи) – Ҳиндистон Али Амжад Хон ўринни эгаллаб, махсус соврин ҳамда 5000 минг АҚШ долларидан мукофот олишди,

    2-ўринни (ансамбль жамоаси) – Ўзбекистон Мақом маркази Жиззах ҳудудий бўлим мақом ансамбли ва (яккахон ижрочи) – Туркия Чидем Гурдал қўлга киритиб махсус соврин ҳамда 7000 минг АҚШ долларидан мукофот олишди,

    1-ўрин (ансамбль жамоаси) – Ўзбекистон – Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги мақом хонандалари ансамбли ва (яккахон ижрочи) – Тожикистон – Тожикистон миллий консерваторияси гуруҳи солисти Хуршид Ироҳимзодага насиб этди уларга махсус соврин ҳамда 10 минг АҚШ долларидан мукофот топширилди.

    Анжуманининг бош соврини – Гран-при Эрон «Форс» ансамбли солисти Али Асғар Арабшоҳийга насиб этди. Эронлик санъаткор 15 минг АҚШ доллари билан мукофотланди.

    Шунингдек, анжуман доирасида фаол ижрочиларни қўллаб–қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган «Энг яхши мақом хонандаси», «Энг яхши мақом созандаси», «Энг яхши мақом устози», «Энг яхши мақом тарғиботчиси», «Энг яхши ёш мақомчи», «Энг яхши мақом бастакори» каби номинациялар бўйича иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигининг рағбатлантирувчи совға ва мукофотлар билан тақдирланди.

    Ғолибларни Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев тақдирлашди.

    Шу билан бирга анжуманнинг ҳар бир иштирокчисига «Халқаро мақом санъати анжумани иштирокчиси» сертификати тақдим этилди.

    Фарҳод НEЪМАТОВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири