2017 йил 3 августда Президентимизнинг юртимиз зиёлилари, адабиёт ва санъат дарғалари билан бўлган самимий мулоқотида ўртага ташланган муаммолар ва муҳим вазифалар ўтган вақт давомида қандай ечим топгани борасида таниқли журналист билан суҳбатлашдик.
— Гулчеҳра опа, суҳбатимизни санъатимизнинг кўҳна ва жонимизга туташ маънавий илдизлари — мақомларимиздан бошласак... Биз сўз юритаётганимиз — зиёлилар учрашувида ҳам давлатимиз раҳбари устоз санъаткорларимизнинг ўлмас меросига, уларнинг ибратли ҳаёт тарзига, ижодий мезонларига қайта-қайта тўхталиб ўтди.
— Бу бежиз эмас, албатта. Қачон ва қаерда гап очилса, гарчи тилим аччиқ бўлишига қарамай, бу борадаги янгиликлар ҳақида фақат яхши гапларни айтгим келади. Айниқса, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига борсам, у ерда таҳсил олаётган талабаларнинг саъй-ҳаракатларини, ижодини кўриб ниҳоятда тўлқинланиб кетаман. Ўша таълим масканида сабоқ олаётган “Ниҳол” мукофоти совриндори Адолат Исмоилова ижро этган мақомларни, ашулаларни эшитиб, жуда хурсанд бўламан.
Фарғона вилоятига сафарларимизнинг бирида Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳузуридаги Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрида ҳам бўлдик. Мазкур театр Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. У Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги қарорига кўра, Миллий мақом санъатининг тарихий, замонавий ижро анъаналари, ноёб санъат намуналарини театр санъати орқали кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган. Бу қутлуғ даргоҳ театрлаштирилган томоша ва концерт дастурлари орқали мақом санъатидан, шунингдек, қизиқчилик ва аския санъатидан халқимизни баҳраманд этиб келмоқда. Аввало, театр биносининг кўрки кўрган одамнинг кўнглини яйратади. Хоналарни айлансангиз, дутору ғижжаклардан таралган қадим наволардан завқланасиз. Мана шу даргоҳда юрган чоғимизда 2007 йилда устоз санъаткоримиз Турғун Алиматов билан бўлган суҳбатимизни эсладим. Мен бугун мақом тингловчилари, ўзбек халқ қўшиқларига иштиёқмандлар ёшлар орасида у қадар кўп эмаслигининг асосий сабаби нимада эканини сўраганимда шундай жавоб берганди: “Аввало, мақом куйларини санъат билан чиройли чала билиш керак, ана ўшанда одамлар эшитади. Кейин мақом фақат “а-а-а” ёки “о-о-о” дегани эмас, ашулани ўзига хос нола-қочиримлар билан, меҳр билан ижро этиш керак. Ҳақиқий санъат ҳаммавақт ўз мухлисларини топади. Қолаверса, санъаткорнинг маданияти, маънавияти юксак бўлиши учун, аввало, у кўп китоб ўқиши керак. Мен ўз ҳаётимда китобнинг қанчалар катта куч эканини жуда кўп бора ҳис қилганман”.
— Шу ўринда Мақом театрининг эътиборга молик асарлари борасида кенгроқ тўхталиб ўтсангиз...
— Мақом театрида саҳналаштирилган 3 та спектаклни ёзиб олдик. Биласизми, бу театрда мақом, саҳна ва спектаклни уйғунлаштиришнинг зўр йўли топилган-да... Мақом эшитаётган чоғингизда бевосита спектакль кўраверасиз. Масалан, “Навоий” спектаклини олсак, ҳаракатлар мақомга уйғун бўлиб туташиб кетган бу саҳна асарини кўрганингизда янгича бир ёндашув юзага келганини англайсиз. Ҳа, чиндан ҳам янгича бир ёндашув бу! Алишер Навоий образи бутунлай бошқача қиёфада талқин этилган. Ҳусайн Бойқаро эса янада бошқача қиёфада кўз олдингизда намоён бўлади. Демак, биз бугун тарихий шахслар образини яратишда бир қолипдаги мезонларга риоя қилмасдан янги бир анъана ва услублардан фойдалана билмоғимиз керак экан. Бундай ўзига хос услубни мен биринчи марта вилоят театрларида кўрдим. Кўриб, “бўлар экан-ку!”, дея хурсанд бўлиб кетдим.
— Бугунги кунда пойтахт ва вилоят театрлари ўртасида ўзаро спектакль алмашган ҳолда ҳамкорлик қилиш жараёни йўлга қўйилаётган экан...
— Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов ташаббуси билан айни пайтда вилоят театрлари Тошкентга келиб ўз асарларини саҳналаштиришяпти. Пойтахт театрлари ҳам вилоятларга бориб, ўз спектаклларини намойиш қилишяпти. Менимча, бу жуда яхши ташаббус. Санъат майдонида ижобий рақобат пайдо бўлса яхши-да. Бундай ҳамкорлик аллақачон йўлга қўйилиши керак эди.
Ана шундагина кўришга арзийдиган қандай спектаклларимиз борлиги эртароқ ошкор бўлар эди.
Сирдарё вилоят театрига боргунимча ўйланиб кетдим, “Алишер Навоийнинг “Қуш тили” асарини қандай саҳналаштириш мумкин?”, деб... Спектаклни кўргач, янада ҳайратим ошди.
Тўғри, бу саҳна асари мукаммал яратилмагандир, лекин режиссёрнинг ўзига хос топилмалари, янгиликлари, энг муҳими, ҳеч кимникига ўхшамаган фикр-мулоҳазалари бор! Биз ёш ижодкорларга ишонишимиз, уларни янада кўпроқ қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу ёшлар таниқли режиссёр Олимжон Салимов сабоқларидан баҳра олишган экан.
Мен дастлаб фарғоналик режиссёр Обид Абдуллаевнинг “Лола” спектакли ҳақида эшитганимда Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова ҳақида “портрет” асар бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Лекин спектаклни кўргач, режиссёр бу саҳна асарини катта меҳнат, самимий ёндашиб саҳналаштирганига гувоҳ бўлдим.
Самарқанд шаҳрида иккита спектакль кўрдик. Улардан бири — “Қирол Лир” спектаклини режиссёр Валижон Умаров саҳналаштирган. Ушбу спектаклни яқинда Тошкентга ҳам келиб намойиш этишди. Биласизми, икки ярим соат вақт қандай ўтганини сезмай қолдим. Солижон Ҳакимов деган актёрни мен 70 ёшга кирганида энди танидим. У ўз образини шундай маҳорат билан ижро этди. “Қирол Лир”ни талабалигимда Миллий театрда устоз санъаткоримиз Олим Хўжаев ижросида кўрганман. Орадан шунча вақт ўтиб, ўша ўзим севган образни Самарқанддан қайта топдим. Ижод қилса, изланса, ишга чанқоқ ёшларни ишлатса, кутилган натижага эришиш мумкин экан-ку!
Шу ўринда бир таклифни айтиб ўтмоқчиман. Журналистларимиз газета, журналларда, телеканалларда кўпроқ вилоятлардаги санъаткорлар ҳақида мақолалар, суҳбатлар, репортажлар тайёрлашса яхши бўлар эди.
Сирдарё вилоят театрига борганимизда эса ижодкорларга яратиб берилган яхши шароитларни кўриб қувондик. Бу эътибор ёш ижодкорларнинг руҳиятига ўзгача кўтаринкилик бағишлаган. Шу кунгача маданият борасида эълон қилинган қарорларнинг натижаси, меваси шулар эмасми?! Биз ахир ҳар доим ҳам вилоятлардаги театрлар фаолиятини ўрнак қилиб кўрсатмаётган эдик-ку! Аксинча, вилоятга сафарга борамиз дейилса, юрагимизни ютиб қандай қилиб бормаслик йўлларини излар эдик. Чунки ўша пайтларда шароитлар яхши эмаслиги, ижодкорларнинг руҳияти жуда тушкун эканлигини билардик-да...
— Оташин шоир, драматург ва таржимон Усмон Носирнинг 110 йиллигини нишонлаш тараддудида турибмиз. Бу тантана арафасида театрларимизда қандай янги асарлар саҳналаштирилмоқда?
— Яқинда Муқимий номидаги мусиқали ва драма театрида “Усмон Носир” спектакли саҳналаштирилди. Мен бу спектаклни тўрт марта томоша қилдим. Ёш драматург Жавлон Жовлиевни табрикласа бўлади. У мавзуни яхши топган. Энг асосийси, Достон Ҳақбердиев ўзининг яхши режиссёрлигини кўрсата олган. Ундаги бетакрор ижод усулига ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Усмон Носирни қандай қилиб мусиқали драма театрида қўйиш мумкин, деб ўйлагандим. Лекин асарда Усмон Носирнинг шоирлигидан келиб чиқишганми, пафос кучайиб кетган. Агар саҳнада пафос кучли бўлса, бу томошабинга оғир келиши мумкин. Шоир образини яратган ёш актёр Равшан Иброҳимов ташқи кўриниши аслида Усмон Носирга унчалик ўхшамайди, лекин ижодкор шоирнинг туйғуларини ҳис қила олган. Энг муҳими, томошабин ушбу асарни жуда яхши қабул қилди.
Шу ўринда пойтахтимиздаги театрлар фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсам. Бу йил Ўзбекистон давлат сатира театрида “Гоголь” спектаклини саҳналаштиришди. Режиссёр астойдил излангани шундоқ сезилиб турибди. Кейинги пайтларда ушбу театр ҳам кўплаб яхши асарларни юртдошларимизга тақдим этмоқда.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри классик асарларни ҳам, замонавий асарларни ҳам муваффақиятли саҳналаштираётгани эътиборга молик. Айниқса, “Ботир Зокиров” спектакли менда жуда катта таассурот қолдирди.
Мен Миллий академик драма театрида ҳам энг яхши асарлар саҳналаштирилишини ва бу асарлар бошқа театрларга намуна қилиб кўрсатилишини жуда истайман.
— Ҳозирги кунда театрларимизда саҳналаштирилаётган асарларнинг тили кўплаб зиёлиларимизни ташвишга солмоқда. Айни пайтда ушбу муаммони ҳал қилишда қандай чоралар кўрилмоқда?
— Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг ўша муҳим учрашувдаги мана бу мулоҳазаларини келтириб ўтмоқчиман: “Аксарият театрларимизнинг репертуарлари ғоявий-бадиий жиҳатдан ночор, улардан ўрин олган спектаклларда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган, ҳаяжонга солаётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топмаяпти.
Афсуски, театрларимиз кўпроқ маиший мавзулардаги енгил-елпи, бачкана асарлар, одамга на маънавий озиқ, на эстетик завқ берадиган томошаларни намойиш этишга ўрганиб қолган”.
Енгил-елпи асарлар яратилмаслиги учун эса биринчи ўринда ададий эмакдош лавозимидаги ижодкор тинимсиз изланиши керак. У жуда кўп мутолаа қилиши, ўз таклиф ва мулоҳазаларини театр жамоасига тавсия қила билиши зарур. Театрдаги адабий жараёнга ададий эмакдош масъул ҳисобланади. Ҳозир Маданият вазирлиги томонидан бир яхши иш амалга оширилди. Адабий эмакдошлар адабий маслаҳатчи даражасига кўтарилиб, уларнинг маошлари сезиларли даражада оширилди. Ва бу келажакда ўз мевасини бериши аниқ! Тўғри айтдингиз,
бугунги кунда киноларимизда ҳам, саҳна асарларимизда ҳам актёрлар ўзлари хоҳлаган шевада сўзлашяпти. Ахир барчамиз учун белгиланган адабий тил меъёрлари бор-ку! Унга ким амал қилади? Бу саволга жавоб бериш учун эса мен Республика ягона Бадиий кенгаши ташкил қилинишини таклиф қилардим. Авваллари республика радиоси қошида биттагина Бадиий кенгаш фаолият олиб борган. Ўша кенгашдан ўтган асарлар, қўшиқлар, фильмлар телеканалларда, радиоларда юртдошларимизга тақдим этилган.
— Кейинги пайтда масъулиятсизлигимиз шу даражага бориб етдики, ҳатто зиёлилар ҳам жамиятдаги муаммоларга жиддий эътибор бермай қўйишди. Масалан, телеканалдаги маълум бир сериал ҳақида фикр сўрасангиз, “Мен у сериални кўрмайман”, дея қутулиб кетадиган бўлишди. Инкор этиш билан мақсадга эришиб бўлмайди-ку, ахир?!
— Мен худди шу мавзуда ҳам гапиришни жуда истагандим. Нега инкор этиш билан ўзимизни оқламоқчи бўламиз. Ахир биз жон куйдирмасак, ким жон куйдиради? Устоз адиблар, санъаткорларимиз ҳаётини бир эсланг. Улар жамиятимиздаги ҳар бир нуқсон ва камчиликка барчанинг эътиборини қаратиш учун очиқ хатлар эълон қилишган. Ўша анъана зиёлиларимиз ўртасида яна йўлга қўйилишини жуда-жуда истаган бўлардим.
Ҳозир қайси бир теле ёки радиоканалга эътибор қаратманг, ҳар бирининг ўзи кашф этиб олган “тили” бор. Хоҳлаган кийимларини кийиб чиқишяпти. Бир нарса десангиз, биз хусусий каналмиз, дейишади. Кечирасизу, хусусий канал шу юртимиздан ташқаридаги жараён эмас-ку... Қайси юртда яшаётганимизни ҳис қилган ҳолда фаолият юритишимиз, Ўзбекистонимизнинг бугуни ва эртаси учун ҳаммамиз бирдек жон куйдиришимиз керак эмасми?
— Яқинда “Адабиёт” нашриётида “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” деб номланган китобингиз нашр этилди. Ушбу китобдаги мақолаларнинг бирида, “Мен кўп йиллардан бери санъат журналистикаси соҳасида фаолият олиб бораман. Бироқ экранлаштирилаётган кино асарларининг на ютуқ, на камчиликларини таҳлил қилган, бирорта мақола кўтариб таҳририятга келган ёш мутахассисни эслай олмайман”, дегансиз...
— Ўша мақоламда кино асарлари ҳақида яхши таҳлилий мақола ёзадиган муаллиф деярли йўқ, деган фикрни айтмоқчи эдим. Модомики, кино ҳақида гапирадиган бўлсак, ростдан ҳам сўнгги йилларда бу соҳада ҳам ўзгаришлар рўй берди. Ундан олдинги фильмларимиз кўриб бўлмайдиган даражада маишийлашиб кетган эди. Хусусий киностудиялар хоҳлаган “ижод намунаси”ни кино деб тақдим этиб келгани ҳам бор гап. Студияларга эркинлик берилди, лекин уларнинг фаолияти назоратга олинмади. Эркинлик яхши, бироқ ҳар биримиз ижодкор сифатида қайси юртда яшаётганимизни, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни унутмаслигимиз керак. Баъзи бир “кинолар”ни кўрганимда ҳатто тепа сочим тикка бўлиб кечаси билан ухлай олмаган кезларим ҳам бўлган. Ўзбекларнинг ҳаёт тарзига умуман тўғри келмайдиган лавҳалар экранга чиқиб кетди. Баъзи ижодкорлар бадиий фильм яратишдаги асосий мезонларни унутиб қўйди. Ахир кинонинг вазифаси икир-чикир, маиший масалаларни олиб чиқишдан иборат эмас-ку! Кўп киноларни қайнона-келин муносабатлари, ўлдим-куйдим можаролари эгаллаб олди. Бу асл санъат эмас. Тўғри, ижод борасида бурилиш ясаш осон эмас, бирданига яхши фильм яратиб бўлмайди. 2017 йил 3 августда Президентимиз билан учрашувдан сўнг ижодкорларимизда том маънода ўзгариш сезилди. Айниқса, ёш ижодкорлар ўз олдиларига қўйилган вазифаларни англаб олишлари учун вақт керак эди-да. Ва ниҳоят, экранларимизда яхши киноасарлар намойиш этила бошланди. “Илҳақ”, “Ибрат”, “Қўқон шамоли”, “101-рейс” каби кенг томошабинлар эътирофига сазовор бўлган фильмлар яратилди.
Фильмлар ўз услуби, шакл-шамойили, фикрни ифодалашига кўра турлича, аммо юқори савияда бўлиши керак. Томошабинни ўйлашга, кенгроқ мушоҳада юритишга ундаши лозим. Акс ҳолда савия ҳам саёзлашиб кетади. Масалан, нега Ёлқин Тўйчиев каби режиссёрларнинг фильмларини ҳамма тушунавермайди? Яқинда унинг “Эврилиш” фильми премьера қилинди. Мен ўзим шу кинони биринчи марта кўрганимда унчалик тушунмадим. Уч-тўрт марта кўришимга тўғри келди. Чунки биз жиддий фильмларни англамай, енгил-елпи фильмларга ўрганиб қолган эдик.
Бугун давлатимиз раҳбари бежиз китобхонликни энг долзарб вазифа қилиб олдимизга қўймаяпти. Бизнинг барча муаммоларимиз фикрсизлигимиздан, маънавий бўш руҳиятимиздан келиб чиқади. Мен суҳбатимиз аввалида устоз санъаткоримиз Турғун Алиматовнинг “барча муваффақиятларимни китобга бўлган меҳрим туфайли қўлга киритдим”, деган сўзларини келтирган эдим. Бинобарин, маънавий юксалиш йўлида бир-биримизни қўллаб-қувватласак, келажагимизни юрт ва миллат тақдири билан уйғун кўра олсак, ўз орзуимизга албатта эришамиз!
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди