2020 йил 24 мартда Адлия вазирлиги томонидан “Ижтимоий тадбиркорлик” тўғрисадаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Айнан мазкур ташаббус орқали ижтимоий тадбиркорликни жамиятимизга олиб кириш ҳамда ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалда дастлабки қадам ташланди.
Ижтимоий соҳада юзага келувчи айрим муаммолар бир неча йўллар орқали қонунчиликда ўз ечимини топган. Шундай экан, ижтимоий тадбиркорлик тушунчасини олиб кириш қай даражада ўринли ва аҳамиятли деган савол юзага келади.
Бу тушунча ХIХ асрда Европада, яъни саксонинчи ва тўқсонинчи йилларда инновацияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда корхоналарни жорий этиш мақсадида юзага келган. Мазкур тушунча борасида бир неча қарашлар, назариялар санаб ўтилган. Хориж назариясига кўра, “ижтимоий тадбиркорлик” жамиятда юзага келувчи ижтимоий чақириқларга юқори даражада ижобий ечим, яъни хизмат ёки маҳсулотларни таклиф этишдир. Мазкур назария шундай тадбиркорлик йўналишини бизга тақдим этадики, унда асосий мақсад фойда олишга йўналтирилмайди, аксинча, жамиятдаги ижтимоий аҳволи оғир ёки ночор қатлам вакилларига ёрдам беришни назарда тутади. Ижтимоий тадбиркорларнинг асосий “харидор”лари кам таъминланган ёки молиявий воситаларга эгалик қилиш имконияти бўлмаган шахслар ёки шахслар гуруҳи саналади.
Ижтимоий тадбиркорлар қўлга киритган фойдасини ўз ривожланишига эмас, балки ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш, заиф ижтимоий қатламнинг аҳволини яхшилашга йўналтиради.
Мазкур муносабат ҳамда ундан кутилган натижалар хорижда ўз тарихи, тажрибасига эга бўлиши билан бир қаторда, ижобий натижаларига ҳам эга, яъни чет элда ушбу соҳа ўзини оқлади деб айта олишимиз мумкин. АҚШнинг Калифорния штатида ўз бизнес фаолиятини олиб борувчи “Тоms” компанияси оёқ кийимлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхоналардан бири бўлиб, унинг жамият аҳолиси учун яратиб берган қулайликлиги қайсидир харидор ўзи учун оёқ кийим сотиб олса, бошқа бир ривожланаётган давлатнинг кам таъминланган болаларига бир жуфт оёқ кийим ҳадя қилинади.
Яна бир мисол, RecycleForce (АҚШ) компаниясининг амалиётга жорий этган энг фойдали ишларидан бири атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган.
“Ижтимоий тадбиркорлик” ўрнини бошқа усуллар орқали тўлдириш мумкинми?
“Ижтимоий тадбиркорлик” тўғрисадаги қонун лойиҳасининг илгари сурилишида пандемия шароити ҳамда унинг натижасида юзага келган мураккаб вазият ва қийинчиликлар асосий катализатор вазифасини бажарди.
Ҳа, биз ҳозир шундай замонда яшаяпмизки, унда замондан икки қадам олдинда юрмасак, деярли енгиламиз. Негаки, ҳуқуқ назариясида қуйидагича қоида белгиланади:
“Қонунчилик ҳуқуқбузарликдан ёки янги юзага келувчи ижтимоий муносабатлардан бир қадам ортда юради”, яъни, қачонки янги ижтимоий муносабат юзага келар экан, кейин қонун тартибга солишга тушади, олдиндан башорат қилиш эса нисбатан мураккабдир.
Лекин ҳозирги рақамли замон бу қоидаларни четга суриб қўймоқда, биз янги муносабатларни юзага келишини кутиб туришимиз эмас, олдиндан қандай вазият бўлишини била олишимиз лозим.
Биргина пандемия даврида, деярли ҳар бир соҳа қийинчиликка учради ва шу сабабдан ўз фаолият доирасида оқсалишлар кузатилди. Шундай ҳолларда биз кўпроқ тадбиркорларга ҳамда уларнинг қўллаб-қувватлашларига ҳар қачонгиданда кўпроқ эҳтиёж сездик. Бир тадбиркорлик корхонаси қисқа вақт ичида бошқа бир фаолиятга осонликча мослашишига тўғри келди. Қийин вазиятда халққа сифатли ҳам арзон нархларда маҳсулотлар етказиб бериш муҳим аҳамият касб этди. Айрим хўжаликлар доимий даромад манбайига эга эмаслиги боис, иш топиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишди.
Инкор этмаймиз, ҳомийлик ишлари орқали бу каби муаммоларга қайсидир даражада ечим топилди дея оламиз, аммо биргина савол, биз доимий равишда бу системани қўллай оламизми?
Келинг, ўз-ўзимизга савол берамиз, бир ногирон инсонга қандай қилиб ёрдам беришимиз мумкин, пул бериш орқалими, мавжуд қайсидир эҳтиёжини қондириш орқалими ёки доимий иш ўрнини яратиб бериш орқалими?
Фикримизча, айнан учинчи таклиф анча самаралироқ ва қониқарлироқ, бу орқали бир неча масалалар ўз ечимини топади, масалан, ногирон шахслар учун иш ўрни, ишсизлар сонининг камайиши, тадбиркор учун эса иш фаолиятининг доимий юриб туриши ва шу кабиларни айтиш мумкин.
Ижтимоий тадбиркорлик, нафақат ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламни қўллаб қувватлайди, балки ижтимоий соҳада мавжуд бўлган ёки юзага келган муаммоларга юқори даражада ечим топишга ҳам ўз эътиборини қаратади. Масалан, пандемия даврида, айрим корхоналар томонидан тиббиёт ниқоблари, санитар-гигиеник воситалар арзон нархларда ёки бепул тарзда аҳолига етказиб берилди.
Аҳолининг кам таъминланган ёки ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлами манфаатлари ижтимоий тадбиркорлик орқали таъминланиши мумкин. Аммо биламизки ижтимоий ёрдам масалалари бугунга қадар бошқа йўллар орқали ҳам таъминлаб келинмоқда, биргина меҳнат қонунчилиги ногиронлар учун ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилотда иш жойи ажратиб берилишини назарда тутади ёки давлат хусусий шерикчиликда берилган имтиёзларни олишимиз мумкин. Аммо ижтимоий тадбиркорликнинг тадбиқ этилиши ушбу кунда юзага келаётган, ҳали тартибга солинмаган ёки тўлиқ тартибга солинмаган айрим ижтимоий муаммоларни бартараф этади.
Ижтимоий тадбиркорлик фаолияти ҳуқуқий ва меъёрий асослар, молиявий ресурслар, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш тузилмалари, ўқитиш ва ишчи кучини ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор муҳим масалаларда тўсиқларга дуч келмоқда. Ижтимоий корхоналар пайдо бўлиши, мустаҳкамланиши ва ривожланиши учун қулай ишбилармонлик муҳити зарур.
Ижтимоий корхоналар ижтимоий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал қилишда, ижтимоий бирдамликни оширишда, маҳаллий ижтимоий капитални тўғри йўналтиришда, демократик иштирокни қўллаб-қувватлашда ва сифатли хизматлар кўрсатишда муҳим рол ўйнайди. Ижтимоий корхоналарни қўллаб-қувватловчи давлат сиёсати ҳукуматларга иш билан таъминлаш ва бошқа муаммоларни янада самарали ва тезроқ ҳал қилиш имконини беради, шу билан бирга давлат пулларини тўғри йўналтирилишини таъминлайди.
Ижтимоий тадбиркорлик учун фойдали асослар яратиш сиёсатчилардан ижтимоий тадбиркорлик ва унинг ҳиссаси ҳақида тизимли тасаввурга эга бўлишни, шунингдек, “тадбиркорлик” ва “ижтимоий тадбиркорлик” тушунчаларини бир-биридан фарқлай ола билишни талаб қилади. Ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий тартибга солиниши, ижтимоий корхоналарга бериладиган имтиёз ва преференсиялар қуйидаги асосларга кўра жамиятга, ундаги кам таъминланган қатлам вакилларига яхши хизмат кўрсатиш, уларнинг ижтимоий ҳаётини яхшилаш имконини беради:
- Жамият манфаатларининг устуворлиги. Ижтимоий корхонанинг бошқа даромадли бизнеслардан ажралиб турадиган хусусияти уларнинг ижтимоий ёки экологик миссияга содиқлигидир, яъни фойда олиш ушбу турдаги тадбиркорлик фаолиятида олий мақсад эмас.
- Жамият ҳаётида муҳим ҳамда янгиликка муҳтож соҳаларга эътибор қаратилиши. Тизимли равишда барча муҳим товарлар ва хизматлар етишмаслигининг бартараф этилишида ва иқлим ўзгаришини ҳал қилиш каби соҳаларда катта ижтимоий имтиёзларга эга бўлади. Мисол учун, молиявий инклюзивлик, қуёш нури, сувни тозалаш тизимлари, арзон мактаблар, кўчма шифохоналар, чиқиндиларни йиғиш ва бошқариш масалалари.
- Аҳоли бандлигини таъминлашда сифат ва тенглик даражасини ошириш. Масалан, тадбиркорларни ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун сафарбар этиш, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, яъни боқувчисиз қолган оилалар ва ногиронлар учун мослашувчан иш ўринлари яратиш.
Республика миқёсида ижтимоий тадбиркорликнинг элементлари учраса-да, аммо жамият учун мазкур термин нисбатан ёт категория ҳисобланади, қолаверса, бизда ҳали ушбу муносабатнинг амалиётга киритилиши, татбиқ этилиши, халқнинг мазкур тушунчанинг мавжуд бўлишини қабул қила олиши учун асосий катализатор ҳам бўлиши, бўлиши лозим.
Ижтимоий тадбиркорлик ва унинг юзага келиши, яшаб кетиши учун қулай атмосферани таъминлаб беришимиз бугунги кундаги ҳуқуқ соҳасининг олдида турган асосий масалалардан бири деб айтишимиз мумкин, зеро тадбиркорлик муҳити иқтисодиёт ўсишининг энг бош омили ҳисобланади. Шундай экан, ижтимоий тадбиркорлик тушунчаси ҳам кенг оммага етказилиши, қўллаб-қувватланиши ҳамда татбиқ этилиши, ҳуқуқий асосларга эга бўлиши жамиятнинг ижобий ижтимоий ҳаёти учун муҳим аҳамият касб этади деб айта оламиз.
Саёҳат Аҳророва,
Аминжон Қаландаров,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари.