Икки халққа хизмат қилиш — икки карра бахт

    Ўзбекистон ва Тожикистон давлати, ўзбек ва тожик миллатининг дўст-биродарлиги барча соҳадаги каби санъат ва маданиятда ҳам яққол кўзга ташланади.

    Президентларимизнинг бу галги дўстона учрашувлари ана шу дўст-биродарликни янада мустаҳкамлашдан ташқари, икки халқ учун зарур бўлган қатор келишувларга эришишга хизмат қилди. Жумладан, маданият соҳасида ҳам.

    Айниқса, тожикистонлик санъат вакиллари билан биргаликдаги қўшма концертимизни давлатларимиз раҳбарлари юзларида мамнуният билан томоша қилгани бизга олам-олам қувонч бағишлади. Икки давлат етакчилари қаршисида фахрий унвонни қабул қилиб олганимиз эса унутилмас тарихий воқелик сифатида қалбларимизга муҳрланди.

    Аслида туғилиб ўсган юртингда эл меҳрини қозониб, қайсидир унвонни олишнинг ўзи катта бахт. Чунки, аввало, дунёга, санъатга нима учун келдим, деган саволга жавоб топгандек бўлади инсон. Энди бошқа бир давлат раҳбари қўлидан ўша давлатнинг фахрий унвонини олишни икки карра бахт, десак хато бўлмайди. Ўзбекистонлик таниқли санъаткорлар қатори менга ҳам “Хофизи халкии Точикистон” – “Тожикистон халқ ҳофизи” фахрий унвони берилганидан бенихоя хурсанд бўлдим. Насиб қилса, энди тожик халқига ҳам муносиб хизмат қиламиз.

    Қувонарли жиҳат шундаки, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан тожикистонлик бир гуруҳ маданият ва санъат ходимлари ҳам “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди. Албатта, бу уларнинг маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга кўтариш, санъатимиз ва умумий тарихий меросни, маънавий қадриятлар ва анъаналарни асраб-авайлаш, тарғиб этиш борасидаги самарали фаолиятининг муносиб эътирофи. Тожикистон фахри бўлган бундай санъаткорлар Ўзбекистонда ҳам ҳурматли. Ўзбекистонда ном таратган санъат вакиллари Тожикистонда ҳам таниқли. Илоҳим, мана шундай чамбарчаслик, аҳиллик, меҳмоннавозликка кўз тегмасин!

    Президентимиз ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида бу ёғига ҳам жуда катта режаларимиз борлигини таъкидлади. Насиб қилса, икки давлатнинг истиқболи порлоқ, ҳамкорлигимиз абадий бўлади. Биз, санъаткорлар ҳам ҳар икки давлат санъати учун ҳисса қўшишимизга қаратилган юксак ишончни оқлашга астойдил бел боғлашимиз керак. Шу ўринда 25-30 апрель кунлари Хивада бўлиб ўтадиган иккинчи “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этишга ҳар йилгидан-да кўтаринки кайфиятда киришганимизни айтиш жоиз. Зеро, “Лазги” ўзбекона қадриятларимиз, миллийлигимизни ҳам турфа элларга намойиш қилади.

    Қолаверса, бу йил яна бир янгилик — “Шарқ тароналари” фестивали ҳам Хивада бўлиб ўтиши кутилаётгани биз учун жуда катта фахр.

    Оғабек СОБИРОВ,

    Ўзбекистон халқ артисти, Тожикистон халқ хофизи,

    Ўзбекистон давлат филармонияси

    “Лазги” ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates