Айрим Ғарб давлатлари Арманистонни Озарбайжон билан янги урушга ундамоқда. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бокудаги Ғалаба боғи очилишида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Айрим Ғарб пойтахтларида ўтирган аксилозарбайжон кучлари, исломофоблар, озарбайжонофоблар Арманистонни янги урушга ундамоқда”, деди Илҳом Алиев.
У расмий чиқишларида ва арман томони билан мулоқотлар чоғида бундай ундашларга чув тушиб қолмаслик зарурлигини тушунтиришга ҳаракат қилганини таъкидлади, деб хабар беради tass.ru.
“Ўз манфаатлари йўлида, [Арманистоннинг] дўстлари ҳисобланган баъзи Ғарб давлатлари Жанубий Кавказда барқарорликни бузиш, яна қон тўкилиши, лойқа сувда яна балиқ тутиш учун уларни қурбон қилишга тайёр”, деди Озарбайжон Президенти. Унга кўра, ҳали кеч бўлмасдан Арманистон қуролланиш сиёсатидан воз кечиши керак.
“Биз урушни хоҳламаймиз, биз хоҳлаган нарсага эришдик, ҳудудий яхлитлигимиз ва давлат суверенитетини таъминладик”, дея қўшимча қилди Озарбайжон етакчиси.