Америкалик миллиардер ва бизнесмен Илон Маск сунъий интеллектга асосланган Grok номли чатботни ишга туширишини маълум қилди. У Х ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари учун мавжуд бўлади, лекин фақат Premium версияга обуна бўлганлар учун. Бу ҳақда 5 ноябрь, якшанба куни Илон Маскнинг ўзи Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“xAI'нинг Grok тизими бета-версиясининг дастлабки синов тестидан чиққач, у барча Х Premium обуначилари учун мавжуд бўлади”, деб ёзган Маск.
Унинг сўзларига кўра, Grok X платформаси орқали реал вақтда маълумот олиш имкониятига эга, Маск буни “бошқа моделларга нисбатан катта афзаллик” деб атамоқда.
Лойиҳа тавсифида айтилишича, Grok "Космик сайёҳлар учун галактика бўйича қўлланма" моделида яратилган бўлиб, у деярли ҳамма нарсага жавоб беради. Мукаммал саволлар тузиб бера олади ва албатта берилган қийин саволларга ҳам жавоб топа олади. Ҳазил ва ҳатто киноя билан ҳам жавоб бера олади.