Хўш, CEFR, IELTS, TOEFL ўзи қандай имтиҳон? Аввало шу ҳақида сўз юритсак.
CEFR – (Common European Framework of Reference for Languages – Умумий Европа Тил Кўникмаси Қолипи) тизими ҳозирги кунда бутун Оврўпада ишлатиладиган чет тилларини ўрганиш, ўргатиш ва баҳолашга доир масалаларни ўз ичига олади. Бугунги глобаллашув ва ахборот телекоммуникация тизими жадал ривожланган даврда CEFR бутун дунё бўйлаб кенг татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан сўнг юртимизда инглиз тилини ўрганиш ва ўргатишга бўлган талаб сезиларли даражада ортиши билан бирга, янги, миллий NSFLA тизими CEFR aсосида ташкил этилди.
IELTS – (International English Language Testing System) – ҳозирги кунда 140 дан ортиқ мамлакатда тан олинади ва энг ишончли инглиз тили тести сифатида эътироф этилади. IELTSга тайёргарлик кўриш ва имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун интернет тармоғида минглаб ўқув қўлланмалари, бепул дарслар ва турли хизматлар мавжуд. British Council ва IDP (International development program) маркази эса ушбу тестларни ўтказиш бўйича Ўзбекистонда масъул ташкилотлар ҳисобланади.
TOEFL – (Test of English as a Foreign Language) – инглиз тилида сўзлашмайдиган давлатлар учун халқаро имтиҳон бўлиб, АҚШнинг Ню Жерси штатида жойлашган, Паристон университетига қарашли Educational Testing Service (ETS) ташкилоти томонидан тайёрланган.
Ушбу имтиҳоннинг ўзига хослиги шундаки, у инглиз тилининг Америка вариантига асосланган. Шу боис TOEFL синовидан муваффақиятли ўтиш учун инглиз тилининг American English вариантини чуқур билиш талаб этилади.
Қандай синовлардан ўтилади?
Тан олиш лозим, юқорида таърифи келтирилган халқаро имтиҳонлар орасида IELTS нафақат юртимиз, балки бутун дунёда инглиз тили бўйича энг оммалашган ва ишончли халқаро баҳолаш тизими саналади. Бугун мамлакатимиздаги аксарият ўқув марказларида малакали ва ушбу йўналишга ихтисослашган сара муаллимлар ёшларни ушбу халқаро тест бўйича билимларини мустаҳкамлашга яқиндан кўмаклашмоқда. Мазкур имтиҳон 4 босқичда — listening (тинглаб тушуниш), reading (ўқиш), writing (ёзиш), speaking (гапириш, суҳбат кўринишида) ўтказилади. Агар ўқувчининг билими юқори бўлса, бу синовларнинг ҳар биридан энг юқори – 9 балл олиши мумкин. Аммо бу камдан-кам ҳолларда кузатилади.
Ҳозирги кунда интернетда IELTSга оид керакли маълумотлар, аудио ва видео дарслар жуда кўп. Ушбу қўлланмалар орқали ҳар ким ўзи мустақил равишда инглиз тилини ўрганиши мумкин.
Инглиз тилини мукаммал билиш билан ўқувчини IELTSга тайёрлаб бўлмайди
Бугун юртимизда чет тиллари, хусусан, инглиз тилини ўрганишга талаб ортгани сайин юзлаб ўқув марказлари ва репетиторлик хизматлари ўзларининг инглиз тили ўқув курсларини таклиф қилмоқда. Аммо, ушбу ўқув марказларининг барчаси ҳам ўқувчини IELTS имтиҳонига тайёрлай оладими? Қолаверса, устозларнинг билимига қандай талаблар қўйилади?
Бугун мамлакатимизда нодавлат таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Аммо тан олиш лозим, айни кунда юртимиздаги ҳамма ўқув марказлари ҳам ўқувчини IELTS имтиҳонларига тайёрлай олмайди. Чунки, бу соҳадаги баъзи муаллимларнинг билим даражаси, дунёқараши белгиланган талабларга мос эмас. Айтмоқчиманки, фақат инглиз тилини мукаммал билиш билангина ўқувчини бу синовларга тайёрлаб бўлмайди.
Эътибор берсак, бугун юртимиздаги айрим ўқув марказлари “IELTS бўйича 3 ойда 7,5-8 балл олишга кафолат берамиз» каби баландпарвоз ваъдалар билан ёшларни чалғитишга уринмоқда. Очиғини айтганда, 3 ойда ҳеч бир ўқув маркази, ҳеч бир устоз бундай натижа кўрсата олмайди. Чунки тил ўрганиш жуда мураккаб жараён. Бунинг учун инсондан сабр-тоқат, ҳаракат, тинимсиз меҳнат талаб этилади.
IELTSнинг афзалликлари нимада?
Биринчидан, сўнгги йилларда дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги олий ўқув юртлари TOEFL (Test of English as a Foreign Language) имтиҳони сертификатини қабул қилмай қўйди. Аксинча, айни пайтда инглиз тилида сўзлашувчи давлатлар ва дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларидаги ушбу тилга ихтисослашган олий ўқув юртлари IELTS сертификатини талаб қилади. Шу билан бирга, Канада, Австралия ва Янги Зелландия каби давлатларга касбий иммиграция йўналиши бўйича ишга бормоқчи бўлган инсонлар учун мазкур тестни топшириш лозим бўлади. Шу боис, бугун кўпчилик ўзбек ёшлари IELTSни олишга интилмоқда.
Зоҳида ТУРСИНОВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
Ғарб тиллари кафедраси ўқитувчиси