Инклюзив таълим – барча учун мўлжалланган таълим

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида стратегик йўналишлар, жумладан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бутун дунёда қарийб 1 миллиардга яқин ногиронлиги бўлган шахслар борлиги ҳақида ўйлаб, фикр юритсак, бу ниҳоятда аҳамиятли ташаббус эканига амин бўламиз.

    Ушбу ташаббус мазмун-моҳияти ҳақида тарғибот ишларини изчил йўлга қўйиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида парламент назоратини кучайтириш долзарб вазифалар ҳисобланади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш катта ва кўплаб омилларга боғлиқ соҳа. Шунинг учун бугун унинг айнан битта йўналиши – инклюзив таълимга батафсилроқ тўхталиб ўтмоқчиман. Инклюзив таълим расмий таълим тушунчасидан анча кенгроқ. Бу таълимда кўпроқ ўқишда, ўрганишда имконияти чекланган болалар билан ишланади. Инклюзив мактаб ўқитувчиси ва инклюзив боғчада тарбиячи қандай сифатларга эга бўлиш керак? Инклюзив таълимда ўқитувчининг касбий маҳорати бош омил ҳисобланади. Аввало, ўқитувчи инклюзив таффаккурга эга бўлиши ва таълим сифати маъсулиятини ўз зиммасига олиши шарт. Инклюзив таълим бериш ўқитувчилар иши сифатининг асосий мезонлари – ўқитувчи ўқувчиларнинг турли тоифада эканлигига қарамай барча болаларнинг ҳуқуқини ҳимоя ва ҳурмат қилиши.

    Яна бир сифат – ҳамкорликни йўлга қўйиш. Чунки ўқитувчилар учун ҳамкорлик ва ўзаро фикр алмашиш муҳимдир. Ўқитувчи ўз фаолиятини тизимли баҳолаб бориши, мунтазам малакасини ошириши, алоҳида таълим эҳтиёжлари бор болаларнинг интизомли ва муассасалараро гуруҳлар билан самарали ишлаши учун лидерлик ҳамда бошқарув малакаларини қўллаш, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, кенг қамроқли мактаб ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби хислатларга эга бўлиш керак.

    Маълумки, инклюзив таълимда махсус таълим эҳтиёжидаги болалар барча болалар билан бирга маълум мақсадда турли қобилиятларга мувофиқ гуруҳлаштирилади. Махсус таълим ақлий, жисмоний ташқи кўринишга мувофиқ амалга оширилса, инклюзив таълим боланинг қобилияти ва имкониятларига кўра белгиланади. Махсус таълим ўқитишнинг махсус ва альтернатив дастурлари орқали ўқитилса, инклюзив таълим болага йўналтирилган ва мослаштирилган, йўриқномали, барчага мўлжалланган ўқув дастури асосида ўқитилади. Инклюзив таълимнинг ўзига хос муҳим жиҳати шундаки, болалар ва ўқитувчи бир -бирларидан ўрганишади ҳамда муаммоларни биргаликда хал этишади.

    Бу таълим бир томонлама бўлмаслиги керак. Имконияти чекланган болада ўзига бўлган ишончни ошириш, кўникма ва қобилиятини ривожлантириш, ёшлигидан ўрганишни рағбатлантиришда оила иштироки муҳим. Инклюзив таълим жараёнида ота-оналар билан ишлаш ҳам муҳим. Таъкидлаш жоизки, алоҳида эҳтиёжли ота-оналарга уларнинг фарзандлари жамиятнинг бир бўлаги бўлиш ҳуқуқига эга эканини тушунтириш, бу ишончни уларнинг онгига етказиш керак. Мамлакатимиз таълим тизимида бу масалага алоҳида эътибор қаратилади.

    2020 йил октябрда қабул қилинган Президентимизнинг алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бунга мисол бўла олади. Унга кўра, тажриба-синов тариқасида шаҳарларда ва Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан мактабларда инлюзив таълим жорий қилинади. Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан мактабларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч синфлар очилади. Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган биттадан касб- ҳунар мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ва алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослашган гуруҳлар ташкил этилади.

    Шунингдек 2021-2022 ўқув йилида ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий ўрта таълим 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонли болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб интернатларда 9 йиллик муддатларда амалга оширилади. Шунингдек, уларни касбга ўқитиш курслари ташкил этилиб, битирувчиларга сертификат берилади.

    Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишга ҳар томонлама шароит яратилмоқда. Инклюзив таълимни бутун мамлакат бўйлаб ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бунга амалий мисол бўлади, деб ўйлайман.

    Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates