“Инсон ўз саломатлиги учун масъулиятни ҳис қилиб яшаши керак”

    Мутахассислар бугунги кунда инсон соғлом турмуш тарзига амал қилиши орқали 100-120 ёшгача умр кўриши мумкин, деб ҳисоблашмоқда. Бунда, албатта, озиқ-овқат таъминоти, дам олиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, яшаш ва ишлаш учун етарли шарт-шароит билан таъминланиши каби омиллар муҳим ўрин тутади.

    Инсоннинг саломатлиги унда нафақат касаллик ёки жисмоний нуқсонларнинг йўқлиги, балки жисмоний ва руҳий хотиржамлиги, саломатлигини яхшилаш ва муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар билан ҳам ўлчанади.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно ОДИЛОВА билан суҳбатимиз аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзи тамойиллари хусусида бўлди.

    — Суҳбатимизни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган кўрсатмалар ва вазифалар мазмун- моҳияти билан бошласак.

    — Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини яхшилаш, илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини оилавий шифокорга айлантириш, уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этиш, оилалар кесимида “тиббий харита”ларни шакл­лантириш, аҳоли саломатлиги ҳолатини баҳолаш ва унинг электрон базасини яратиш хусусида кўрсатмалар берилди.

    Шу ўринда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар аҳолига энг яқин бўлган ва энг кўп мурожаат қилинадиган тиббиёт бўғини эканлигини эслатиб ўтиш ўринли бўларди. Шу боис улар фаолиятини ислоҳ қилиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Видеоселектор йиғилишида аҳолини скрининг текширувидан ўтказиш, чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастурини жорий қилиш, хусусан, аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

    Дарҳақиқат, оқилона овқатланиш, жисмоний фаоллик, ўз вақтида ҳордиқ чиқариш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, зарарли одатлардан ўзини тийиш унумли меҳнат қилиш, инсон саломатлигини яхшилаши ва муҳофаза қилишнинг муҳим омилларидан саналади.

    — Инсон саломатлигини белгиловчи омиллар орасида тиббиёт айни пайтда қандай ўрин тутади?

    — Кўплар ўз саломатлигини тиббий омил билан боғлайди. Шу сабабли, тиббиёт асосан касалликларни даволашга ихтисослашиб, саломатликнинг бошқа омиллари, хусусан, соғлом турмуш тарзига кам эътибор қарата бош­лади.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саломатликни белгиловчи омилларни қуйидагича таснифлайди: инсон саломатлигининг 10-15 фоизи экология, 10-15 фоизи генетика, 10-12 фоизи тиббиёт тизими даражаси, қолган 55-60 фоизи эса турмуш тарзига боғлиқ. Бундан кўриниб турибдики, биз агар турмуш тарзини қанчалик тўғри юрита олсак — тўғри овқатлансак, жисмоний фаол, зарарли одатлардан холи, кун тартибимизни тўғри ташкил қила билсак, шунчалик соғлом бўламиз.

    Генетик омил қанчалик кучли бўлса-да, агар инсон соғлом турмуш тарзига амал қилса, ота ёки онадан ўтган касаллик чекланиши мумкин. Масалан, ота-она агар қандли диабет ёки гипертония билан оғриган бўлса, фарзандлар ёшлигидан ортиқча вазндан холи бўлишга ҳаракат қилиши керак. Шунда уларда генетик касаллик қўзғалмаслиги ёки 30-40 да эмас, балки 70-80 ёшга тўлганида учраши мумкин.

    — Алломалардан бири “Минг хил касаллик бор, аммо саломатлик биттадир” деган гапни айтган. Инсон саломатлиги унинг тиббий маданияти ва малакасига нечоғлик боғлиқ?

    — Тиббий маданият дейилганда, аввало, инсоннинг бу борадаги тушунчалари, соғлом бўлишига қаратилган хатти-ҳаракати, турмушдаги одатлари тушунилади. Ҳар биримизнинг ўз саломатлигимизга масъуллигимиз биринчи даражали омил саналади. Тиббий маданиятли инсон шифокорга тез-тез мурожаат қилиб туради. Шифокор тавсияларига тўлиқ амал қилиш, эмлашга чақирганда ҳеч қандай монеликсиз бориш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларнинг тўйдан олдинги тиббий кўрикдан тўлиқ ўтиши ҳам тиббий маданият сирасига киради. Ҳар қандай касалликни даволашда номедикаментоз, яъни турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган даволаш усули ҳам муҳим саналади. Турмуш тарзимиз — бу тиббий маданиятимизнинг қанчалик даражада эканлигини очиқ-ойдин кўрсатувчи ўзига хос кўзгу.

    — Сиз раҳбарлик қилаётган марказ, айни пайтда, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқда?

    — Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказига тиббиёт олийгоҳи ва билим юртлари билан бир қаторда поликлиникаларда фаолият юритаётган диетолог ҳамширалар, кардиологлар, аҳолига тўғри овқатланиш бўйича маслаҳат бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш ваколати берилган. Марказ ходимлари санитария-ёрдам муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Биринчи навбатда аҳоли кўп йиғиладиган жойлар — бозорлар, супермаркетлар, маҳаллалар, корхоналарда аҳолининг саломатлик ҳолатини ўрганиш йўлга қўйилди. Ўрганишлар натижасига қараб маслаҳат бериш тизими жорий қилинди.

    Бундан ташқари, саломатлик майдонлари, соғлом овқатланиш ярмаркалари орқали ҳам аҳолига маслаҳат бериляпти. Индивидуал ёндашув ҳамда маслаҳатлар тизимига ўтилди. Поликлиникага мурожаат қилган ёки касалхонага борган инсоннинг саломатлигидан келиб чиқиб, индивидуал маслаҳатлар бериш ва кейинчалик уларни лозим бўлса назоратга, консультация ва даволаш реаблитация тадбирларига жалб қилиш амалиёти жорий қилинди. Буни оммавий тарзда ўтказиш мақсадида ҳозирги кунда рес­публикада 26 та туман, шаҳар танлаб олинди. 1 декабрдан тиббий бригадаларни шакллантириш ва аҳолини хатловдан ўтказиш жараёни бошланганини айтиб ўтиш лозим. Бунда тиббиёт ходимлари ҳар бир уйга кириб, унда яшовчиларнинг бўйи, вазни, бел айланаси, пульси, босими, сатурация­сини ўлчайди, овқатланиш тартиби, жисмоний фаоллик даражаси, зарарли одатларини ўрганади, саломатлик ҳолатини белгилайди. Бунинг натижасида аҳоли тўрт гуруҳга ажратилади. Биринчиси, таянч гуруҳ, деб аталиб, унга ҳеч қандай жисмоний ва руҳий ривож­ланишда нуқсони бўлмаган ва соғлом турмуш тарзига тўлиқ амал қилувчи фуқаролар киритилади. Иккинчиси, хавф даражаси паст бўлган гуруҳ. Унга руҳий ва жисмоний ривожланишида нуқсони, ҳеч қандай сурункали ва ўткир касалликлари бўлмаган, бироқ соғлом турмуш тарзига риоя қилмайдиган ва ортиқча вазнга эга ёки ёғли, қовурилган овқатларни кўп истеъмол қиладиган одамлар киритилади. Учинчиси, хавф даражаси ўрта — соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслиги туфайли саломатлигида нуқсони борлардан иборат. Бу гуруҳга семизликка чалинган, артериал гипертониянинг илк даражаси, иммунитети тушиб кетган, айрим сурункали касалликлари бору, лекин асорати аниқланмаган беморлар киритилди. Оила шифокорлари уларнинг ҳар бири билан индивидуал назорат режасини тузади, соғломлаштириш, даволаш ва реаблитация жараёнларини олиб боради. Тўртинчи гуруҳ —хавф нисбатан юқори бўлган гуруҳ саналади. Унга, асосан, сурункали касалликнинг Д компенсацияси давридаги беморлар киради. Улар бир йилда камида тўрт ёки олти марта шифокор назоратида бўлишлари, доимий индивидуал, реаблитиция тадбирлари билан қамраб олиниши керак. Бунинг аввалги тизимдан фарқи шундаки, энди биз улар билан гуруҳларга бўлинган ҳолда, индивидуал иш олиб борамиз.

    — Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг илғор тажрибасини жорий этиш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилашга доир қандай таклифларингиз бор?

    — Марказимиз бугунги топшириқ ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини ўзгартирмоқда. Бизнинг туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида бўлинмаларимиз бор. Улар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича тадбирлар ташкил этади, тиббиёт ходимларига услубий-амалий ёрдам кўрсатади, ҳисоботлар йиғади ва уларни юқори органларга тақдим этади. Янги йилдан бошлаб босқичма-босқич бўлимлар фаолияти тўлиқ ўзгаради, ҳар битта туман, шаҳар кўп тармоқли поликлиникаларида аҳолига тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик бўйича маслаҳат берувчи махсус бўлимлар ташкил қилинади. Аҳоли жисмоний ҳолати ва саломатлигини ўрганиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида индивидуал маслаҳат бериш тизимига ўтяпмиз.

    Ҳар биримиз ўз саломатлигимизга ўзимиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Бунинг учун ўзимизни яхши кўришга ўрганишимиз зарур. Бу тўғри овқатланиш, яъни фаст-фуд, таркибида ёғ, шакар миқдори кўп бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан чекланиш, зарарли одатларга берилмаслик, доимий жисмоний фаол бўлиш, албатта, кун тартибига риоя қилиш, меъёрида ухлаш ва дам олиш қоидаларига риоя қилишни талаб этади.

    Жисмоний тарбия оилавий маданиятнинг ажралмас қисмига айланиши лозим. Ҳар куни эрталаб бадантарбия машқларини бажариш, кечки овқатдан сўнг оилавий тарзда кечки сайрга чиқишни оила удуми, одатига айлантириш ҳам сизга куч-қувват, саломатлик бағишлайди.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates