Ишлайдиган талаба ҳеч кимга муҳтож бўлмайди

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2022 йил, 8 март сонида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг "Ишлайдиган талаба ҳеч кимга муҳтож бўлмайди" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Малакали кадрлар — мамлакатнинг эртаси, тараққиётини белгиловчи жуда катта куч. Бугун дунёнинг етакчи мамлакатлари билимли, салоҳиятли ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор беряпти. Бу бежиз эмас. Зеро, ҳар қандай давлат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар жараёнида жаҳон андозалари даражасида билим олган, заковатли, ҳар томонлама баркамол миллий кадрларга эҳтиёж сезади.

    Мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар замирида ҳам айни шу мақсад мужассам. Биргина 2021 йилда 25 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди.

    Бугун олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни касбий ривожлантириш, уларнинг назарий билимини амалиётда қўллаш имкониятини янада ошириш, таълим ва бошқа кундалик харажатларини қоплаш учун иш билан таъминлаш зарурати сезилмоқда.

    Шу йил 4 март куни давлатимиз раҳбари раислигида олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятдаги, таълимдаги жуда долзарб масалаларга алоҳида урғу берилди. Жумладан, уларга сифатли таълим бериш, ҳаётини яхшилаш, энг муҳими, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иш билан таъминлашга катта эътибор қаратилди.

    Дунё амалиётида бор — талабаларнинг аксарияти ишлайди. Фақат ночор, қийналганлар эмас, ҳатто ўзига тўқ хонадоннинг фарзандлари ҳам таълим йўналиши доирасида ишлаб, тажриба орттиради.

    Йиғилишга тайёргарлик асносида талабаларнинг иш билан бандлик ҳолати ўрганилди. Жараёнда маълум бўлдики, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида 820 минг нафар талаба ўқимоқда. Олий таълимнинг кундузги шаклида таҳсил олаётган 510 минг талабанинг 87 мингдан ортиғи иш билан банд.

    Ўрганиш фақат вертикал ўтказилмади. 50 мингга яқин талабадан қайси соҳада ишлашни хоҳлаши бўйича сўров ўтказилди. Жараёнда 100 мингга яқин талаба ишлашга эҳтиёжи борлигини билдирди. Айниқса, улар орасида чин етим ёки ногиронлиги бўлган 7,5 минг ҳамда турли “дафтарлар”га киритилган 4,5 минг талаба борлиги зиммамизга алоҳида масъулият юклайди.

    Йиғилишда Президентимиз ота-оналар ўзининг олтин фондини, энг қадрли бойлигини, ўсмир ёшдаги, балоғатга етган фарзандини таҳсил олсин, дея қўлимизга топшираётганини таъкидлади. Шунинг учун йигит-қизларга сифатли таълим олиш баробарида ишлаши учун ҳам қулай шароит яратиш кун тартибидаги вазифамиз.

    Қайд этилганидек, бугун талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни мавжуд. Иш билан таъминлашда асосий эътибор олий таълим муассасаларининг ўзига қаратилди. Масалан, олий таълим муассасасининг ўзида ахборот-ресурс марказлари, ахборот технологиялари маркази, лаборантлик, ишчи лавозими бор. Олийгоҳлар атрофидаги шаҳар мактаблари ва боғчаларида 13 минг вакант иш ўрни мавжуд. Камида 10 минг талабани улар учун қулай бўлган мактаб ва боғчаларга ишга жойлаштириш вазифаси қў йилди.

    Шунингдек, Марказий банк тажрибаси асосида талабаларнинг ҳақ тўланадиган стажировкаларини ташкил этиш ва якунда энг яхши стажёрларга иш таклиф этиш тизими иқтисодиёт, молия, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида, солиқ, кадастр идораларида жорий этилиши белгиланди.

    Йиғилишда бу ишларни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси тузилиши маълум қилинди. Шунингдек, вилоят ҳокимлари бошчилигида ҳудудларда ҳам шундай комиссиялар ташкил этилади.

    Комиссия вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга вакант ўринларни таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаштириш чораларини кўради. Бундан ташқари, битирувчи курс лар талабаларининг келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.

    Талабалар учун жуда катта имтиёз берилди. Жумладан, университет ҳудудида талабалар ишлаётган корхонага солиқ имтиёзлари жорий қилинадиган бўлди. ОТМ ҳудудида ташкил этилган субъектларга ижара пули олмаслик, уларга шароит яратиб бериш ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари билан ишлаш, яъни битирувчилар уюшмасини ташкил қилиш топшириғи юклатилди. Олий таълим муассасасини битириб кетган кластер раҳбарлари, жамоатчилик арбобларини айни пайтда таҳсил олаётган талабалар билан таништириш муҳим аҳамият касб этади.

    Талабаларни турар жой билан таъминлаш 2021 йилда 28 фоиздан 40 фоизга етказилди. Бу кўрсаткични янада ошириш мақсадида янги ётоқхоналар қурилиши кўзда тутилмоқда.

    Умуман олганда, талабанинг нафақат ўқиши, балки турар жой, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иш билан таъминлашга давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилгани уларнинг ўқишни битирмасдан туриб, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишига замин ҳозирламоқда. Қолаверса, талаба ҳеч кимга муҳтож бўлмайди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates