Кичик ва ўрта тадбиркорликни молиялаштиришда қўшимча имкониятларни яратиш, таклиф этилаётган молиявий хизмат турларини кенгайтириш, шунингдек, исломий молиялаштириш салоҳиятини ошириш орқали кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:
- Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2024 йил 18 апрелда «Кичик ва ўрта корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш» лойиҳасини молиялаштириш учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга жами 30 млн АҚШ доллари микдорида ҳадли ва агентлик тўғрисидаги келишувлар имзолангани;
- Ўзбекистон Республикаси ва ИТБ (Ривожланиш учун ислом бирдамлик жамғармаси номидан) ўртасида 2024 йил 18 апрелда лойиҳани молиялаштириш учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга жами 10 миллион доллар микдорида қарз битими имзолангани;
- лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳиссаси солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш кўринишида 0,3 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ташкил этаётгани;
- лойиҳани амалга ошириш учун лойиҳаолди баҳолаш ҳужжатлари ИТБ томонидан маъқуллангани маълумот учун қабул қилинди.
Белгиланишича:
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек, ИТБ қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;
- ИТБ нинг 30 млн доллар миқдоридаги маблағлари лойиҳада иштирок этаётган «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга ва 7,5 млн доллар миқдоридаги маблағлари «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖга ресурс сифатида тақдим этилади;
- ИТБ қарз маблағларини қайтариш, шу жумладан, қўшимча ҳақ (устама) ва фоизлар харажатлари иштирок этувчи тижорат банки, компания ҳамда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади;
- Лойиҳа 2025−2027 йиллар давомида амалга оширилади;
- Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилади;
- Лойиҳани амалга ошириш даврида ЛАОГ фаолиятини молиялаштириш бўйича йиллик харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.