Иссиқ кунларда янги экилган кўчатларнинг ҳоли нима бўлди?

    Яшил сайёра 24 июл 2024 89

    Тошкент шаҳрида ўтказилган мониторинг натижасига кўра, экилган ва кўчириб ўтказилган дарахтларнинг кўпчилиги қуриб қолган.

    Йил сайин ортиб бораёган экологик муаммолар, иқлим ўзгариши, ҳавонинг ифлосланиши каби муаммоларни олдини олиш, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси” ҳамда 2021 йил 2 ноябрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги фармони қабул қилинган.

    Шунингдек, Республикада экотизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш борасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширилиши муҳим қадам бўлди. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш, яъни сўнгги 5 йилда ушбу кўрсаткични 1 миллиардга етказиш режа қилинган.

    Ўтган давр мобайнида баҳор ва куз мавсумларида дарахт экиш акцияси барча давлат корхоналари, нодавлат, нотижорат ташкилотлар, шунингдек, фаол фуқаролар иштирокида давом этиб келмоқда.

    Жорий йил баҳор мавсумида дарахтларни экиш аввалги йилларга нисбатан фарқли тизимда жорий қилинди. Хусусан, ҳар бир дарахт иқлим шароитига мослиги, тупроқ қатламининг ўсимлик униш даражаси ўрганилиб, мутаҳассислар тавсиясига асосан экилди. Уларни парваришлашга эса экологлар, мутасадди ташкилотлар, маҳалла фаолларидан иборат алоҳида вакиллар масъул этиб бириктирилди.

    Республикамиз бўйлаб 125 миллион тупдан ортиқ, Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида эса 630 мингдан зиёд дарахт кўчатлари экилди. Бунинг натижасида юртимизда 1200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди.

    Шу билан бирга, бугун ёзнинг жазирама иссиқ кунларида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

    Ўрганишлар давомида пойтахтимиз бўйлаб экилган кўчатларнинг ҳар бири учун масъул ташкилот ва мутаҳассислар томонидан парвариш ва назорат олиб борилаётганига қарамай, турли сабабларга кўра экилган кўчатларнинг маълум қисми ўзининг яшовчанлик қобилиятини йўқотиб бораётганига гувоҳ бўлинди.

    Тошкент шаҳрида ўтказилган мониторинг натижасида қуйидаги ҳолатлар аниқланди:

    – Бектемир тумани Ҳусайн Байқаро кўчаси бўйлаб экилган дарахт кўчатларининг ҳолати яхши, лекин уларнинг орасида 20 туп манзарали дарахт кўчатлари қуриб қолган. Абай маҳалласи ҳудудига “Қўйлиқ” бозори атрофидаги 18 туп кўп йиллик Қирим қарағайлари кўчириб ўтказилган лекин уларнинг барчаси қуриб қолган. Ҳолат юзасидан экоинспекторлар томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, туман судига тақдимнома киритилган;

    – Миробод тумани Фарғона йўли бўйлаб баҳорги мавсумда экилган 200 туп манзарали дарахт кўчатларининг аксарияти қуриб қолган. Улар орасида Туркиядан келтирилган қимматбаҳо ясин дарахтларининг 3 тупи нобуд бўлгани, 2 тупи эса номаълум сабабларга кўра кесиб ташлангани жуда ачинарли ҳолат. Ушбу ҳудудда томчилатиб суғориш тизими тўлиқ ўрнатилган бўлсада, ундан унумли фойдаланилмаган. Дарахтларнинг қуриб қолишига катта йўл ва тротуарлар асфальтланишида тупроқ қатламига етказилган зарар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан дарахтлар махсус техникалар орқали суғорилиб келинишига қарамай улар қуриб қолган;

    – Сергели тумани Хонтепа маҳалласи ҳудудида 0.5 га майдонда Адиблар боғи барпо қилинган. Лекин ушбу боғ тегишли агротехник талабларга жавоб бермаслиги, ташкилотчиларнинг мутахассислар тавсияси билан иш қилмаганлиги, шунингдек, суғориш тизими йўқлиги боис экилган 200 туп терак кўчатларининг 30 фоиздан ортиғи қуриб қолган.

    Албатта йўл қўйилган ушбу камчиликларни республикамиз бўйлаб кенг кўламда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш, аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш йўлида олиб борилаётган давлат сиёсатига нисбатан бепарволик ва масъулиятсизлик сифатида баҳолаш мумкин.

    Зеро, муҳтарам Президентимизнинг ““Яшил макон”ни номига эмас, ўзимизнинг ҳаётимиз, нафас олишимиз, ўпкамиз тозалиги учун қилсак, ўзимиз учун керак-ку бу? Жамиятимиз учун, соғлиғимиз учун керак. Керак бўлса, ғуруримиз учун, ифтихоримиз учун керак. “Яшил макон” – миллатимизга, мамлакатимизга, эртанги кунимизга керак. Кимдир келиб Ўзбекистонда бизнинг экологиямизни тўғрилаб бермайди. Кимдир келиб маҳалламизга, Оролнинг қуриган тубига дарахт экиб бермайди ҳеч қачон. Фақат ва фақат темир интизом ва ўзимизнинг тинимсиз, машаққатли меҳнатимиз натижасида пировард мақсадга эришамиз”, дея жон куйдириб, берган кўрсатмалари барчамизга дастуруламал бўлиб хизмат қилиши даркор.

    Севара Файзиева,

    Ўзбекистон Экологик партияси

    Тошкент шаҳар Кенгаши раиси


    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates